Mehnat kodeksi

107-modda. Меҳнат шартномасининг реквизитлари

(107-модда иккинчи қисмининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.02.2025 й., 03/25/1030/0144-сон)

Меҳнат шартномасида меҳнат шартномаси тузилган сана ва жой, меҳнат шартномасининг рақами ва унинг тарафларининг реквизитлари кўрсатилади. Ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатиладиган реквизитлари қуйидагилардан иборат: фамилияси, исми ва отасининг исми; шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар; яшаш ёки турган жойининг манзили ва у билан боғланишга доир маълумотлар; жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами; шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи рақами. Иш берувчининг меҳнат шартномасида кўрсатиладиган реквизитлари қуйидагилардан иборат: меҳнат шартномасини тузган иш берувчининг номи: ташкилотнинг номи, агар иш берувчи ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси бўлса, — ушбу бўлинманинг номи, иш берувчи жисмоний шахс бўлган ҳолларда, — жисмоний шахс бўлган иш берувчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва паспорт маълумотлари (идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари), якка тартибдаги тадбиркор бўлган иш берувчи учун эса унинг фамилияси, исми, отасининг исми, паспорт маълумотлари (идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари), шунингдек давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг рақами ва берилган санаси; иш берувчининг меҳнат шартномасини имзолаган вакили ҳақидаги маълумотлар ва, агар ташкилот ёки унинг алоҳида бўлинмаси иш берувчи бўлса, вакилга тегишли ваколатлар берилганлигининг асоси; иш берувчи ташкилотнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси ходим билан меҳнат шартномасини тузган иш берувчи бўлган ҳолларда, ушбу алоҳида бўлинманинг жойлашган ери (почта манзили) ёхуд жисмоний шахс бўлган иш берувчининг яшаш ёки турган жойи манзили; солиқ тўловчининг идентификация рақами (бундан якка тартибдаги тадбиркорлар бўлмаган жисмоний шахслар бўлган иш берувчилар мустасно); ташкилотлар ёки уларнинг алоҳида бўлинмалари бўлган иш берувчиларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг банк реквизитлари; иш берувчининг алоқа маълумотлари (телефон рақамлари, электрон почта манзили ва бошқалар). Агар меҳнат шартномасини тузишда ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган реквизитлардан бирор-бири шартномага киритилмаган бўлса, бу меҳнат шартномасини тузилмаган деб эътироф этиш ёки уни бекор қилиш учун асос бўлмайди. Меҳнат шартномаси етишмаётган реквизитлар билан тўлдирилиши керак. Бунда етишмаётган реквизитлар меҳнат шартномасига доир ёзма шаклда тузиладиган қўшимча келишув билан белгиланади, ушбу келишув меҳнат шартномасининг ажралмас қисмидир. Реквизитлар ўзгарган тақдирда, меҳнат шартномасининг тарафи улар ўзгартирилган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида бу ҳақда бошқа тарафга ёзма шаклда хабар қилиши керак.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.