«Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида»ги қонун

49-modda. Жамиятнинг битим тузишдан манфаатдорлиги

Жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоси, яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини амалга оширувчи шахс, коллегиал ижро этувчи органи аъзоси ёки ўз аффилланган шахслари билан биргаликда жамият иштирокчилари умумий овозлари сонининг йигирма ва ундан ортиқ фоизига эга бўлган жамият иштирокчиси тузилишидан манфаатдор бўлган битимлар жамият томонидан жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг розилигисиз тузилиши мумкин эмас. Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар, уларнинг эри (хотини), ота-онаси, болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ва (ёки) уларнинг аффилланган шахслари қуйидаги ҳолларда жамият томонидан битим тузилишидан манфаатдор шахслар деб эътироф этилади: улар битим тарафлари деб ҳисобланса ёки жамият билан муносабатларда учинчи шахсларнинг манфаатларини ифодаласа; битим тарафи ҳисобланувчи ёки жамият билан муносабатларда учинчи шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи юридик шахс акцияларининг (пайларининг, улушларининг) йигирма ва ундан ортиқ фоизига эга бўлса (ҳар бири алоҳида-алоҳида ёки жамланган ҳолда); битим тарафи ҳисобланувчи ёки жамият билан муносабатларда учинчи шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи юридик шахснинг бошқарув органларида лавозимни эгаллаб турган бўлса. Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар жамият уставида белгиланган бошқа ҳолларда ҳам жамиятнинг битим тузишидан манфаатдор шахслар деб эътироф этилади. Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши эътиборига қуйидаги ахборотни етказиши керак: ўзининг, ўз эри (хотини), ота-онаси, болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ва (ёки) аффилланган шахсларининг акцияларининг (пайларининг, улушларининг) йигирма ва ундан ортиқ фоизига эга бўлган юридик шахслар тўғрисидаги; ўзининг, ўз эри (хотини), ота-онаси, болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ва (ёки) уларнинг аффилланган шахслари бошқарув органларида лавозимни эгаллаб турган юридик шахслар тўғрисидаги; улар тузилишидан манфаатдор деб эътироф этилиши мумкин бўлган тузиладиган ёки тахмин қилинадиган битимлар тўғрисидаги. Тузилишидан манфаатдорлик бўлган битимларни жамият тузиши тўғрисидаги қарор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан жамиятнинг унинг тузилишидан манфаатдор бўлмаган иштирокчилари умумий овозларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Агар битим жамият билан бошқа тараф ўртасида, битим тузилишидан манфаатдор шахс ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ шундай шахс деб эътироф этиладиган пайтга қадар бўлган одатдаги хўжалик фаолияти жараёнида тузилган бўлса, манфаатдорлик бўлган битимни тузиш ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг қарорини талаб қилмайди (жамият иштирокчиларининг кейинги умумий йиғилиши ўтказиладиган санага қадар қарор талаб қилинмайди). Тузилишидан манфаатдорлик бўлган ва ушбу моддада назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда тузилган битимлар жамиятнинг ёки унинг иштирокчисининг даъвоси асосида суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Манфаатдор шахс жамият олдида ўзи жамиятга етказган зарар миқдорида жавобгар бўлади. Агар бир неча шахс жавобгар бўлса, уларнинг жамият олдидаги жавобгарлиги солидар бўлади. Жамиятда жамиятнинг кузатув кенгаши ташкил этилган тақдирда, тузилишидан манфаатдорлик бўлган битимларни тузиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш жамиятнинг устави билан унинг ваколатлари жумласига киритилиши мумкин, бундан битимнинг ёки битим предмети бўлган мол-мулкнинг қиймати бўйича ҳақ тўлаш суммаси жамиятнинг охирги ҳисобот давридаги молиявий ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланган мол-мулки қийматининг беш фоизидан ортиқ бўлган ҳоллар мустасно.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.