Jinoyat-protsessual kodeksi

88-modda. Исбот қилиш жараёнида фуқаролар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини қўриқлаш

(88-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 ноябрдаги ЎРҚ-1003-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.11.2024 й., 03/24/1003/0943-сон)

Далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш жараёнида фуқароларнинг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қўриқлаш таъминланиши керак. Исбот қилишда қуйидагилар тақиқланади: 1) шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш; 2) зўрлик, пўписа қилиш, алдаш ва қонунга хилоф бошқа йўллар билан кўрсатув, тушунтириш, хулосалар олишга, экспериментал ҳаракатларни бажаришга, ҳужжатлар ёки буюмлар тайёрланишига ва берилишига эришиш; 3) тунги вақтда, яъни кеч соат 22-00 дан эрталаб соат 6-00 гача тергов ҳаракатлари олиб бориш. Тайёрланаётган ёки содир этилаётган жиноятнинг олдини олиш, жиноят изи йўқолишига ёки гумон қилинувчининг қочиб кетишига йўл қўймаслик, эксперимент жараёнида текширилаётган ҳодисанинг ҳолатини қайтадан тиклаш зарурати бўлган ҳоллар бундан мустасно. 4) шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш; 5) шахсни жиноят ишига гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, бундан экспертиза ёки тафтиш ўтказиш талаб этиладиган ҳоллар мустасно; 6) шахсга унинг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар ундан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш; 7) ушланган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш; 8) мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган жиноят иши доирасида процесс иштирокчиларини суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва (ёки) сўроқ қилиш, бундан улар билан боғлиқ бўлган алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши ёки суднинг ёзма топшириғи мавжуд бўлган ҳоллар мустасно. Тергов ёки суд ҳаракатлари билан боғлиқ ишларни бажараётганда, суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ва ишда мутахассис ёки эксперт сифатида иштирок этаётган шифокорлардан бошқа шахсларнинг ўзга жинсдаги шахсни яланғоч қилиб ечинтириш чоғида ҳозир бўлишлари тақиқланади. Суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья тергов ва суд муҳокамаси жараёнида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчи ва бошқаларнинг шахсий ҳаётига доир аниқланган маълумотларни ошкор қилмаслик чора-тадбирларини кўриши шарт. Бунинг учун шундай маълумотлар аниқланиши мумкин бўлган тергов ёки суд ҳаракатлари олиб борилаётганда иштирок этадиган шахслар доираси чекланади, иштирокчилар эса уларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилади. Тергов ёки суд ҳаракатлари жараёнида олиб қўйиладиган нарсалар, ҳужжатлар ва электрон маълумотлар тегишли баённомаларда аниқ кўрсатилиши керак, бунда нарсанинг ёки ҳужжатнинг ёхуд электрон маълумотларнинг эгасига баённома нусхаси ёки унинг кўчирмаси топширилиб, тилхат олинади. Ишга алоқаси бўлмаган нарсалар, ҳужжатлар ва электрон маълумотлар қонуний эгасига дарҳол қайтарилиши керак. Бунда, агар ишга тааллуқли бўлмаган далиллар тергов органининг ва (ёки) суднинг тасарруфида қолган бўлса, улар қайта тикланмайдиган тарзда йўқ қилиниши лозим. Фуқаролар сақлаши тақиқланган нарсалар, ҳужжатлар ва электрон маълумотлар йўқ қилиниши ёхуд уларни сақлашга хамда тасарруф этишга ваколатли бўлган муассасаларга ёки ташкилотларга берилиши лозим.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.