Жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида кўрилаётганда суд мажлиси раислик қилувчи томонидан очилади, у қандай иш ва кимнинг шикояти, протести (хусусий шикояти, хусусий протести) бўйича кўрилаётганлигини эълон қилади. Шундан кейин раислик қилувчи суд таркибини эълон қилади, прокурорнинг, ҳимоячининг, суд мажлиси котибининг, шунингдек агар суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, таржимоннинг фамилиясини, исмини ва отасининг исмини маълум қилади.
Раислик қилувчи ҳозир бўлган жиноят процесси иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқларини тушунтиради ва уларда рад қилишга оид арзлар ҳамда илтимосномалар бор-йўқлигини, тафтиш тартибидаги шикоятда, протестда (хусусий шикоятда, хусусий протестда) баён этилган илтимосномаларни улар қувватлаши-қувватламаслигини аниқлайди. Бундай илтимосномалар мавжуд бўлган тақдирда суд улар бўйича ажрим чиқаради.
Ишни кўриш судьялардан бири томонидан биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси суди ҳукмининг, ажримининг, тафтиш тартибида берилган шикоятнинг, протестнинг (хусусий шикоятнинг, хусусий протестнинг) мазмунини қисқача баён этиш билан бошланади.
Судьянинг маърузасидан кейин суд тафтиш тартибида шикоят, протест (хусусий шикоят, хусусий протест) берган тарафнинг маърузасини ва бошқа тарафнинг эътирозларини эшитади. Бир нечта шикоят (хусусий шикоят) мавжуд бўлган тақдирда сўзга чиқиш навбати тарафларнинг фикрлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади. Агар берилган тафтиш тартибидаги шикоятлар (хусусий шикоятлар) билан бир қаторда прокурорнинг тафтиш тартибида билдирилган протести (хусусий протести) мавжуд бўлса, сўз биринчи навбатда унга берилади.
Тафтиш инстанцияси судининг мажлисида иштирок этаётган прокурор кўриб чиқилаётган тафтиш шикоятлари (хусусий шикоятлар) юзасидан фикрини билдиради, протестда (хусусий протестда) кўрсатилган важларни баён этади.
Суд тарафларнинг фикрларини эшитиб, биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судлари ҳукмининг, ажримининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги лозим даражада текширилишини таъминлаш заруратидан келиб чиқиб, бевосита суд мажлисида текширилиши лозим бўлган далиллар ҳажмини аниқлаш тўғрисида, суд мажлисига маҳкумни (оқланган шахсни), жабрланувчиларни, гувоҳларни, экспертларни ва, зарурат бўлганда, бошқа шахсларни чақириш ҳақида қарор қабул қилади. Шундан кейин суд суднинг мажлисига чақирилган маҳкумни (оқланган шахсни), жабрланувчиларни, гувоҳларни сўроқ қилиш йўли билан далилларни текширишга, шунингдек тарафларнинг илтимосномасига кўра ҳамда ўз ташаббуси билан ҳужжатларни, баённомаларни ва ишга алоқадор бошқа материалларни ўқиб эшиттиришга киришади.
Далилларни текшириш тартиби тарафларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда суд томонидан белгиланади. Тарафлар тафтиш инстанцияси судига тафтиш тартибида берилган шикоятда, протестда (хусусий шикоятда, хусусий протестда) келтирилган важларни тасдиқлаб ёки инкор этиб, қўшимча материаллар тақдим этишга ҳақли.
Биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида сўроқ қилинган гувоҳлар, агар суд зарур деб топса, ишни тафтиш тартибида кўриш чоғида сўроқ қилинади.
Тарафларнинг далилларни, шу жумладан биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан текширилмаган далилларни текшириш тўғрисидаги ва суд мажлисига гувоҳларни, экспертларни ҳамда бошқа шахсларни чақириш ҳақидаги илтимосномалари ушбу Кодекс 438-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган тартибда суд томонидан ҳал этилади. Бунда суд илтимосномани қаноатлантиришни фақат у биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан қаноатлантирилмаганлигига асосланиб рад этишга ҳақли эмас.
Биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан текширилмаган далиллар (янги далиллар) суд томонидан қабул қилинади, бунда уларни текшириш тўғрисида илтимоснома берган шахс бу далилларни ўзига боғлиқ бўлмаган қандай сабабларга кўра биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судига тақдим этиш имконияти бўлмаганлигини тушунтириб бериши керак.
Ишни тафтиш тартибида кўраётган суд далилларни текширишга, шу жумладан видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда текширишга ҳақли.
Суд тергови тугаллангач, суд тарафлардан уларда суд терговига қўшимча қилиш юзасидан илтимосномалари бор-йўқлигини суриштиради. Суд бу илтимосномаларни ҳал этади, шундан кейин тарафларнинг музокараларига ўтади.
Суд музокаралари ушбу Кодекс 449-моддасининг қоидалари асосида ўтказилади, бунда шикоят (протест) берган шахс биринчи бўлиб сўзга чиқади.
Тарафларнинг музокаралари тамом бўлганидан кейин раислик қилувчи маҳкумга (оқланган шахсга), агар у суд мажлисида иштирок этаётган бўлса, охирги сўз беради, шундан кейин суд қарор чиқариш учун маслаҳатхонага киради.
Ишни тафтиш тартибида кўраётган суднинг қарори ушбу Кодекснинг 497³¹-моддасида назарда тутилган тартибда қабул қилинади.
Тафтиш инстанцияси судининг қарорини эълон қилиш ушбу Кодекснинг 473, 497³¹-моддалари қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Тафтиш инстанцияси судида суд мажлисининг баённомаси юритилади. Суд мажлисининг баённомаси ушбу Кодекснинг 426-моддасида кўрсатилган муддатларда тайёрланиши керак. У билан суд мажлисининг барча иштирокчилари танишишга ҳақли. Суд мажлисининг баённомаси юзасидан ушбу Кодекснинг 427-моддасида назарда тутилган тартибда мулоҳазалар билдирилиши мумкин.
lex.uz’dagi asl matnJinoyat-protsessual kodeksi
521³-modda. Жиноят ишини Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида кўриш тартиби
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.