Jinoyat-protsessual kodeksi

290-modda. Мол-мулкни хатлаш асослари ва тартиби

(290-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 28 январдаги ЎРҚ-1022-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2025 й., 03/25/1022/0083-сон)

Ҳукмнинг фуқаровий даъвога ва бошқа мулкий ундиришларга доир қисмининг ижросини таъминлаш учун суриштирувчи, терговчи ёки суд гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва фуқаровий жавобгарнинг мол-мулкини хатлаши шарт. Ашёвий далил деб эътироф этилган мол-мулкни ўзлаштиришнинг, харж қилиб юборишнинг, яширишнинг, йўқ қилиб ташлашнинг ёки шикастлантиришнинг олдини олиш мақсадида ушбу мол-мулк ҳам хатланади. Шу мақсадда терговчи ёки суриштирувчи гумон қилинувчи, айбланувчи ва фуқаровий жавобгарнинг мол-мулкини хатлаш ҳақида илтимоснома қўзғатиш тўғрисида қарор чиқариб, унда мазкур процессуал ҳаракатни ўтказиш асосларини баён этади. Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва фуқаровий жавобгар оиласининг нормал турмушини таъминлаш учун зарур бўлган уй-жой, квартира, уй анжомлари ва жиҳозлари, кийим ва бошқа буюмлар хатланмайди. Турар жойлар ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, мулк шаклидан қатъи назар, давлатга хоинлик қилиш, конституциявий тузумга, Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш, терроризм, қўпорувчилик жиноятлари содир этиш учун фойдаланилган ёхуд бу жиноятлар қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, талончилик ёки бошқа оғир, ўта оғир жиноятлар билан боғлиқ бўлган ҳолларда — бу жойлар хатланади. Хатлаш мулкдорга ёки мол-мулкнинг эгасига мол-мулкни тасарруф қилиш, зарур ҳолларда эса, ундан фойдаланиш ман этилганлигини эълон қилишдан ёхуд мол-мулкни тортиб олишдан ва уни сақлаб туриш учун бошқа шахсларга топширишдан иборатдир. Терговчининг ёки суриштирувчининг мол-мулкни хатлаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорига илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади. Терговчининг ёки суриштирувчининг мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномани қўзғатиш ҳақидаги қарори ва зарур материаллар прокурорга юборилади. Прокурор мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномани қўзғатиш ҳақидаги қарорни ва зарур материалларни судга юборади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, мол-мулкни хатлаш суднинг розилигисиз, терговчининг ёки суриштирувчининг қарори асосида амалга оширилиши мумкин, лекин кейинчалик суд ҳамда прокурор қарор ва баённоманинг кўчирма нусхалари илова қилинган ҳолда йигирма тўрт соат ичида хабардор қилинади. Хабарномада кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар аниқ кўрсатилиши керак. Мазкур хабарномага терговчининг ёки суриштирувчининг мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги қарорининг, мол-мулкни хатлаш баённомасининг ва зарур материалларнинг кўчирма нусхалари уларни юритиш тўғрисидаги қарорнинг қонунийлигини текшириш учун илова қилинади. Мазкур хабарномани ва унга илова қилинган материалларни олганидан кейин судья мол-мулкни хатлаш амалга оширилганлигининг қонунийлигини ушбу Кодекс 290¹ ва 290²-моддалари тартибида қирқ саккиз соат ичида текширади ва унинг қонунийлиги ёки қонунга хилофлиги тўғрисида ажрим чиқаради. Агар судья мол-мулкни хатлаш қонунга хилоф равишда амалга оширилган деб топса, уни амалга ошириш давомида олинган барча далиллар ушбу Кодекснинг 95¹-моддасига мувофиқ номақбул деб топилади. Суриштирувчи ёки терговчи ҳукмнинг мулкий ундиришларга оид қисми ижросини таъминловчи чораларни ёки мулкий йўсиндаги жазо чораларини кўрмаган тақдирда, ишни юритаётган суд ажрим чиқариб, уларнинг зиммасига бундай чораларни кўриш мажбуриятини юклайди. Фуқаровий даъвони қаноатлантирганда ёки бошқа мулкий ундиришларни қўллаётганда ҳукм қонуний кучга киргунига қадар, башарти олдин чора кўрилмаган бўлса, суд ҳукмнинг шу қисми ижросини таъминлайдиган чоралар кўриш ҳақида ажрим чиқаришга ва унинг ижросини тергов ёки суриштирув органига топширишга ҳақли. Дипломатик ваколатхоналарнинг биноларидаги ва дипломатик вакилларга қарашли мол-мулкни хатлашда ушбу Кодекснинг 165-моддасида назарда тутилган қоидаларга риоя қилиниши керак.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.