Жиноят-ижроия кодекси

164-modda. Маҳкумларни муддатидан илгари шартли озод қилишга, шунингдек жазони енгилроғи билан алмаштиришга тақдим этиш тартиби

(164-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 15 февралдаги ЎРҚ-817-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.02.2023 й., 03/23/817/0091-сон)

Жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш, шунингдек жазони енгилроғи билан алмаштириш суд томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 536-моддасида белгиланган тартибда қўлланилади. Маҳкум жазо муддатининг Жиноят кодекси 73, 74, 89 ва 90-моддаларида белгиланган қисмини ўтаб бўлганидан сўнг бир ойлик муддат ичида жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмурияти уни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштиришга тақдим этиш масаласини агар маҳкум ёки унинг адвокати тегишли илтимоснома билан судга бевосита мурожаат этмаган бўлса кўриб чиқиши ҳамда тақдим қилиш ёки рад этиш ҳақида қарор чиқариши шарт. Маъмурият маҳкумни жазодан муддатидан илгари шартли озод қилишга ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришга тақдим этишни рад этган тақдирда маҳкум ёки унинг адвокати судга тегишли илтимоснома билан мурожаат этишга ҳақли. Маҳкумни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишга ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришга тақдим этиш масаласини маъмурият томонидан қайта кўриб чиқиш жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг ёки жазони ижро этувчи органнинг жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишни ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришни рад этиш ҳақидаги қарори чиқарилган кундан эътиборан уч ой ўтгач, башарти маҳкум тузалиш йўлига ўтган бўлса, амалга оширилади. Муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш тариқасидаги жазодан озод қилиш жамоат бирлашмаси, жамоа, маҳкумнинг ўзи ёки унинг ҳимоячиси илтимосномасига биноан суд томонидан амалга оширилади. Суд жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришни рад этган тақдирда, бу ҳақда ажрим чиққан кундан бошлаб камида олти ой ўтганидан кейин тақдимнома такроран киритилиши ёки илтимоснома такроран берилиши мумкин.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.