«Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги қонун

18-modda. Жамоат бирлашмалари мулки

(18-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 9 сентябрдаги ЎРҚ-216-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 37-сон, 403-модда)

Жамоат бирлашмалари, уларнинг ташкилотлари бинолар, иншоотлар, уй-жой фонди, ускуналар, асбоблар, маданий-маърифий ва соғломлаштириш мақсадлари учун мўлжалланган мулкларга, пул маблағига, акцияларга, бошқа қимматли қоғозларга ҳамда уларнинг уставларида кўзда тутилган фаолиятни моддий таъминлаш учун зарур бўлган ўзга мол-мулкка, шунингдек интеллектуал мулк объектларига эгалик қилишлари мумкин. Бирлашмаларнинг уставларида кўрсатилган мақсадларга мувофиқ уларнинг маблағи ҳисобидан барпо этилган нашриётлар, бошқа корхоналар, хайрия муассасалари жамоат бирлашмаларининг мулки бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида, Қорақалпоғистон Республикасида эса — Қорақалпоғистон Республикасининг ҳам қонун ҳужжатларида давлат ва жамоат хавфсизлиги мулоҳазалари билан ёки халқаро шартномаларга мувофиқ жамоат бирлашмалари мулки бўла олмайдиган мол-мулк турлари белгилаб қўйилиши мумкин. Жамоат бирлашмаларининг пул маблағлари, агар уставда кўзда тутилган бўлса, бирлашмага кириш ва аъзолик бадалларини тўлашдан; ихтиёрий равишда ўтказилган пул ва хайриялардан; уставга мувофиқ ўтказилган лекциялар, кўргазмалар, спорт тадбирлари ҳамда бошқа тадбирлар, лотереялар тушумларидан, ишлаб чиқариш, хўжалик ва ноширлик фаолиятидан олинадиган даромадлардан; қонун билан тақиқланмаган бошқа тушумлардан ташкил топади. Сиёсий партиялар ва сиёсий мақсадларни кўзловчи оммавий ҳаракатларнинг чет давлатлардан, халқаро ташкилотлар ҳамда чет давлатларнинг юридик шахслари, уларнинг ваколатхоналари ва филиалларидан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналардан, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, диний ташкилотлардан, номи яширилган ёки фақат тахаллуси кўрсатилган шахслардан молиявий ва ўзгача моддий ёрдам олиши ман этилади. Бундай ёрдам олинган тақдирда мазкур маблағлар қайтарилиши, қайтариш имконияти бўлмаган тақдирда эса, давлат даромадига ўтказилиши лозим. Сиёсий партияларни молиялаштириш «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади. Сиёсий партиялар ўз бюджетларини омманинг эътибори учун ҳар йили эълон қиладилар. Жамоат бирлашмаларининг мулки қонун билан муҳофаза қилинади. Иттифоқларнинг ва уларга кирувчи бирлашмаларнинг ана шу иттифоқ ва унга қўшилган бирлашмаларга қарашли мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш, тасарруф этишга доир ваколатлари жамоат бирлашмалари иттифоқларининг уставларида белгилаб қўйилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.