Гаровга қўйилган мол-мулкни ипотека тўғрисидаги шартнома асосида реализация қилиш қуйидаги шартларга риоя этилган ҳолда аукцион ўтказиш орқали амалга оширилади:
ипотекага олувчи томонидан ипотекага қўювчига ипотека билан таъминланган мажбуриятлар бажарилмаётганлиги тўғрисида ушбу Қонуннинг 45-моддасида кўрсатилган талабларга жавоб берадиган хабарнома топшириш. Мазкур хабарномани бевосита топшириш имкони бўлмаган тақдирда, у ипотекага қўювчининг ипотека тўғрисидаги шартномада кўрсатилган манзилига буюртма хат шаклида юборилади;
хабарномани ипотека рўйхатдан ўтказилган рўйхатдан ўтказувчи органда рўйхатдан ўтказиш;
ипотека тўғрисидаги шартномадан келиб чиқадиган ва хабарномада кўрсатилган талаблар қаноатлантирилмаган тақдирда, лекин мазкур билдириш ипотекага қўювчига юборилган пайтдан эътиборан камида икки ой ўтгач, аукцион ўтказиш тўғрисидаги, ушбу Қонуннинг 46-моддасида кўрсатилган талабларга жавоб берадиган хабарномани юбориш ҳамда уни ипотека ва биринчи хабарнома рўйхатдан ўтказилган рўйхатдан ўтказувчи органда рўйхатдан ўтказиш;
аукцион ўтказиш тўғрисидаги эълонни Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида тарқатиладиган камида иккита даврий босма нашрда эълон қилиш. Аукционга қўйилаётган кўчмас мулкка доир барча битимларни тузиш аукцион ўтказиш тўғрисидаги эълон биринчи марта эълон қилинган пайтдан эътиборан тақиқланади, агар битимлар тузилган бўлса, улар ҳақиқий эмас деб топилади. Аукцион ўтказиш тўғрисидаги эълон биринчи марта эълон қилинган пайтдан эътиборан аукцион ўтказиладиган пайтгача камида ўттиз кун ўтиши керак.
Ипотекага қўювчи асосий мажбурият бажарилмаётганлиги тўғрисидаги хабарномани олгач, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш учун асослар йўқлиги тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Ипотекага қўювчи гаровга қўйилган мол-мулк реализация қилинишини ушбу Қонуннинг 53-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган шартларда кечиктириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Судга даъво аризаси билан мурожаат қилиниши ушбу модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган муддат ўтишини тўхтатиб туради.
lex.uz’dagi asl matn«Ипотека тўғрисида»ги қонун
44-modda. Гаровга қўйилган мол-мулкни ипотека тўғрисидаги шартнома асосида реализация қилиш
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.