«Ипотека тўғрисида»ги қонун

34-modda. Гаров хати бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш

(34-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 12 февралдаги ЎРҚ-1028-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.02.2025 й., 03/25/1028/0138-сон)

Гаров хати бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш оддий ёзма шаклда битим тузиш орқали амалга оширилади. Гаров хати бўйича ҳуқуқларнинг бошқа шахсга ўтказилиши талаблардан бошқа шахс фойдасига воз кечиш (цессия) оқибатларини келтириб чиқаради. Ҳужжатли гаров хати бўйича ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтказилаётганда ҳуқуқни ўтказаётган шахс унинг янги эгаси тўғрисида ҳужжатли гаров хатига белги қўяди. Белгида ҳужжатли гаров хати бўйича ҳуқуқлар ўтказилган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи) ҳамда бундай ўтказиш асоси аниқ ва тўлиқ кўрсатилиши керак. Гаров хатининг янги эгаси тўғрисидаги белги ҳужжатли гаров хатида кўрсатилган ипотекага олувчи томонидан, агар бу биринчи ёзув бўлмаса, олдинги белгида кўрсатилган ҳужжатли гаров хатининг эгаси томонидан имзоланиши керак. Электрон гаров хатлари бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш депо ҳисобварағига тегишли ёзув киритиш орқали амалга оширилади. Электрон гаров хатига доир ҳуқуқлар олувчининг депо ҳисобварағига тегишли ёзув киритилган пайтдан эътиборан унга ўтади ва депо ҳисобварағидан кўчирма билан тасдиқланади. Гаров хати бўйича ҳуқуқларнинг бошқа шахсга ўтказилиши бу ҳужжат билан тасдиқланадиган барча ҳуқуқлар ҳам шунга кўра ўша шахсга ўтказилишини англатади. Дастлабки ипотекага олувчининг ва гаров хати олдинги эгаларининг ҳуқуқларидан қатъи назар, гаров хати билан тасдиқланган барча ҳуқуқлар, шу жумладан ипотека билан таъминланган мажбурият бўйича ипотекага олувчининг ҳуқуқлари ва кредиторнинг ҳуқуқлари гаров хатининг қонуний эгасига тегишли бўлади. Агар ушбу моддада кўрсатилган битимда бошқача шартлашилмаган бўлса, гаров хати бўйича ҳуқуқлар бошқа шахсга ипотека билан таъминланган мажбурият (асосий мажбурият) қисман бажарилган ҳолда ўтказилаётганда гаров хати бўйича ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтказилган пайтга қадар бажарилиши керак бўлган мажбуриятлар бажарилган деб ҳисобланади. Ҳужжатли гаров хатининг эгаси, агар унинг ҳужжатли гаров хатига бўлган ҳуқуқлари гаров хати бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказишга доир битимга ҳамда ҳужжатли гаров хатига унинг олдинги эгаси киритган охирги белгига асосланса, у ҳужжатли гаров хатининг қонуний эгаси деб ҳисобланади. Агар ҳужжатли гаров хати гаровга ўтказишга доир махсус ёзувларни киритган бирон-бир шахснинг эгалигидан ўғирланиши натижасида ёки бу шахснинг хоҳиш-иродасидан ташқари бошқача тарзда чиқиб кетган, ҳужжатли гаров хатининг эгаси унга эга бўлаётганда буни билганлиги ёки билиши лозим ҳам бўлганлиги исботланган бўлса, у гаров хатининг қонуний эгаси деб ҳисобланмайди. Электрон гаров хати берилган тақдирда, электрон гаров хатининг эгаси, агар унинг гаров хатига бўлган ҳуқуқлари депо ҳисобварағи бўйича ёзув билан тасдиқланган бўлса, у электрон гаров хатининг қонуний эгаси деб ҳисобланади. Гаров хатидаги унинг бошқа шахсларга навбатдаги ўтказилишини тақиқлайдиган ёзувлар ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди. Агар учинчи шахс (ашёвий кафил) ипотека билан таъминланган мажбуриятни қарздор учун тўлиқ бажарган бўлса, у гаров хати бўйича ҳуқуқлар ўзига ўтказилишини талаб қилишга ҳақли. Бу ҳолда кредиторнинг мажбурият бўйича ҳуқуқлари қонунга мувофиқ учинчи шахсга (ашёвий кафилга) ўтади. Ипотекага олувчи бу ҳуқуқларни ўтказишни рад этган тақдирда, учинчи шахс (ашёвий кафил) бу ҳуқуқлар ўзига ўтказилишини суд тартибида талаб қилиши мумкин.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.