«Ипотека тўғрисида»ги қонун

20-modda. Гаров хати бўйича ҳуқуқларни амалга ошириш ва ипотека билан таъминланган мажбуриятни бажариш

(20-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 12 февралдаги ЎРҚ-1028-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.02.2025 й., 03/25/1028/0138-сон)

Гаров хатининг қонуний эгаси шартномада ёки қонунчиликда назарда тутилган ўз ҳуқуқларини амалга ошираётганда гаров хатини тегишли ҳуқуқ қайси шахсга нисбатан амалга оширилаётган бўлса, шу мажбуриятли шахсга (қарздорга ёки ипотекага қўювчига) унинг талабига биноан кўрсатиши шарт, бундан: ҳужжатли гаров хати нотариус депозитига топширилган; ҳужжатли гаров хати гаровга олувчига ўтказилган ҳолда гаровга қўйилган; гаров хати электрон тарзда расмийлаштирилган ҳоллар мустасно. Ипотекага олувчи ипотека билан таъминланган мажбурият тўлиқ бажарилганидан кейин ҳужжатли гаров хатини ипотекага қўювчига топшириши, мажбурият қисмларга бўлиб бажарилган ҳолларда эса, унинг қисман бажарилишини ипотекага қўювчи учун етарли ва ҳужжатли гаров хатига келгусида эгалик қилиш эҳтимоли бўлганлар учун яққол кўриниб турадиган усулда ёки ҳужжатли гаров хатида мажбуриятнинг қисман бажарилганлиги ҳақида ёзиб қўйиш орқали тасдиқлаши шарт. Электрон гаров хати билан таъминланган мажбуриятлар тўлиқ ёки қисман бажарилган тақдирда гаров хатининг қонуний эгаси электрон гаров хати бўйича мажбурият тўлиқ ёки қисман бажарилганлиги факти тўғрисида ёзув киритиш учун «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» акциядорлик жамиятига мурожаат қилиши шарт. Ҳужжатли гаров хатининг ипотекага олувчида туриши ёхуд гаров хатида ипотека билан таъминланган мажбурият қисман бажарилганлиги ҳақида белги ёки бошқача тарздаги тасдиқнома йўқлиги, агар ўзгача ҳол исботланмаган бўлса, бу мажбурият ёки тегишинча унинг қисми бажарилмаганлигидан далолат беради. Қарздор ўз ҳуқуқларини тасдиқлаш учун электрон гаров хатининг қонуний эгасидан «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» акциядорлик жамияти томонидан белгиланган тартибда берилган ва тасдиқланган гаров хати эгасининг депо ҳисобварағидан кўчирмани талаб қилишга ҳақли. Ипотека билан таъминланган мажбурият бўйича қарздор ўз қарзини тўлиқ ҳажмда ёки гаров хати бўйича ўз мажбуриятларини гаров хатининг қонуний эгасига ёки гаров хатининг қонуний эгаси томонидан шу гаров хати бўйича ҳуқуқларни амалга ошириш учун вакил қилинган шахсга қарзни узиш режасига мувофиқ бажарилиши лозим бўлган қисмини узади. Гаров хати гаровида гаров хати нотариус депозитига топширилган тақдирда, ипотека билан таъминланган мажбурият бўйича қарздор қарзни нотариус депозитига киритган ҳолда ўз мажбуриятини бажаради. Гаров хати бўйича мажбуриятли шахс гаров хатини кўрсатувчига гаров хати бўйича унинг ҳуқуқлари амалга оширилишини рад этишга қуйидаги ҳолларда ҳақли, агар: мазкур гаров хати бўйича ҳуқуқлардан ўзганинг фойдасига воз кечиш тўғрисидаги битимни ҳақиқий эмас деб топиш ёки бу битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатлари қўлланилиши ҳақидаги даъво кўриб чиқиш учун суд томонидан қабул қилинган бўлса; кўрсатилган ҳужжатли гаров хати унинг қонуний эгаси томонидан йўқотилганлиги ва ҳужжатли гаров хатининг дубликати берилганлиги муносабати билан ёхуд ҳужжатли гаров хатини ёки унинг дубликатини бериш тартиби ҳужжатли гаров хати бўйича мажбуриятли шахслар жавоб бермайдиган тарзда бузилганлиги муносабати билан ҳақиқий бўлмаса. Агар ўзгача ҳол исботланмаган ёки ушбу Қонунда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ҳужжатли гаров хатининг у бўйича мажбуриятли шахслардан исталган бирида ёки рўйхатдан ўтказувчи органда турганлиги ипотека билан таъминланган мажбурият бажарилганлигидан далолат беради. Ҳужжатли гаров хати қайси шахснинг эгалигига ўтиб қолса, ўша шахс гаров хатининг бошқа мажбуриятли шахсларини бу ҳақда дарҳол ёзма шаклда хабардор қилиши шарт. Ушбу Қонунга мувофиқ ҳужжатли гаров хати бекор қилинган ҳолларда, рўйхатдан ўтказувчи орган ҳужжатли гаров хатини олиши билан дарҳол унинг юз тарафига «қарз узилган» деган муҳрни босиш орқали ёки ҳужжатли гаров хатининг муомалада бўлиши имкониятига йўл қўйилмайдиган бошқача тарзда уни бекор қилади, бундан ҳужжатли гаров хатини йўқ қилиш мустасно.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.