«Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish to'g'risida»gi qonun

53-modda. Қарздорнинг мол-мулкини хатлаш

(53-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Қарздорнинг мол-мулки ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор қарздорга топширилган кундан эътиборан бир ой муддатдан кечиктирмай, зарур ҳолларда эса, уни топшириш билан бир вақтда хатланади. Қарздорнинг мол-мулкини хатлаш мол-мулкни рўйхатга олишдан, уни тасарруф қилиш ман этилганлигини эълон қилишдан, зарур ҳолларда эса, мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини чеклашдан, уни олиб қўйиш ёки сақлашга топширишдан иборатдир. Чеклашнинг турлари, ҳажми ва муддатларини ҳар бир муайян ҳолда мол-мулкнинг хусусиятини, унинг мулкдори ёки эгаси учун аҳамиятини ҳисобга олиб, давлат ижрочиси белгилайди. Қарздорнинг хатланган мол-мулкини тасарруф қилиш юзасидан давлат ижрочисининг тақиқини бузиш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқининг чекланганлигига риоя қилмаслик қонунчиликда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади. Хатлаш қуйидаги ҳолларда қўлланилади: ундирувчига олиб бериладиган ёки реализация қилинадиган қарздорнинг мол-мулки сақланишини таъминлаш мақсадида; жавобгарга тегишли бўлиб, унинг ўзида ёки бошқа шахсларда турган мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги суд ажрими ижро этилаётганда. Хатланган мол-мулкни олиб қўйиб, реализация қилиш учун топшириш давлат ижрочиси томонидан белгиланган муддатда, бироқ хатлангандан кейин камида уч иш кунидан сўнг амалга оширилади. Давлат ижрочиси муайян ижро иши юритиш ҳолатларидан келиб чиқиб, мол-мулкни хатлаш билан бир вақтда ушбу мол-мулкни ёки унинг айрим ашёларини олиб қўйишга ҳақли. Олиб қўйилган тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа ашёлар дарҳол реализация қилиш учун топширилади. Қарздорнинг мол-мулкини рўйхатга олиш пайтида аниқланиб, хатланган сўмлар ва чет эл валютасидаги пул маблағлари, қимматли қоғозлар, қимматбаҳо тошлар, олтин, кумуш, платина ва платина гуруҳидаги металлардан, қимматбаҳо тошлардан, марвариддан ясалган заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар, шунингдек ана шундай буюмларнинг резгилари ва алоҳида қисмлари (бўлаклари) олиб қўйилиши шарт. Мол-мулк хатловини амалга оширган давлат ижрочиси қонунчиликда белгиланган тартибда гаров реестрига тегишли ёзувни киритади. Хатлов бекор қилинган тақдирда гаров реестрига илгари киритилган ёзув давлат ижрочиси томонидан ўчирилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.