«Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish to'g'risida»gi qonun

43¹-modda. Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби

(43¹-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-1134-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.04.2026 й., 03/26/1134/0389-сон)

Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибида мажбурий ижро этиш ундирув қарздорнинг мол-мулкига (бундан пул маблағлари мустасно) қаратилмаган ҳамда қарздорга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмаган ҳолда амалга оширилади. Бунда қарздорга нисбатан фақат ушбу Қонун 43²-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган мажбурий ижро этиш чоралари қўлланилиши мумкин. Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби қарздор жисмоний шахслардан маъмурий жарималарни, солиқ қарзини, давлат божини, почта ва (ёки) видеоконференцалоқа харажатларини, коммунал хизматлар тўлови юзасидан қарздорликни, кўп квартирали уйлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловлари бўйича қарздорликни, шунингдек базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги суммани ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларига нисбатан татбиқ этилади, бундан жарима тариқасидаги жиноий жазони ижро этиш тўғрисидаги ва дарҳол ижро этилиши лозим бўлган ижро ҳужжатлари мустасно. Ижро ишини соддалаштирилган тартибда юритиш бўйича давлат ижрочиси томонидан қарорлар қабул қилинмайди (бундан ижро йиғимини ундириш тўғрисидаги қарор мустасно), ундирув қарздорнинг яшаш жойига ёки мол-мулки турган жойга бормаган ҳолда, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан масофадан туриб амалга оширилади. Агар ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ижро ҳужжатлари уларни ижрога топшириш муддати ўтиб кетганидан кейин юборилган бўлса ёки ушбу Қонуннинг 8 ва 8³-моддаларида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаса, давлат ижрочиси ижро ҳужжатларини улар келиб тушган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида қайтариб юборади. Давлат ижрочиси ижро ҳужжати келиб тушган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида қарздорга ижро ҳужжатидаги талабларни ушбу Қонуннинг 22¹-моддасида назарда тутилган тартибга мувофиқ ижро этиш ҳақида хабарнома юборади. Ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда ижро этиш учун қарздорга у хабарномани олган кундан эътиборан беш кунлик муддат берилиб, бу ҳақда хабарномада кўрсатилади. Қарздор ушбу модданинг олтинчи қисмида белгиланган муддатда ижро ҳужжатининг талабларини узрли сабабларсиз ихтиёрий тартибда бажармаган тақдирда, давлат ижрочиси томонидан қарздорга нисбатан ушбу Қонуннинг 43²-моддасида назарда тутилган мажбурий ижро этиш чоралари қўлланилади ва қарздордан белгиланган тартибда ижро йиғими ундирилади. Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибидаги мажбурий ижро этиш чоралари ушбу модданинг олтинчи қисмида белгиланган муддат тугаган кундан эътиборан уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда қўлланилади. Ушбу муддатга қарздорнинг иш ҳақидан, стипендиясидан, пенсиясидан ва бошқа турдаги даромадларидан пул маблағлари ушлаб қолинган вақт кирмайди. Ундирув тўлиқ амалга оширилган ижро ҳужжати бўйича ижро ишини соддалаштирилган тартибда юритишда мазкур қарорни чиқарган орган (мансабдор шахс) ёхуд суд унинг ижро этилганлиги ҳақида ижро ҳужжати тўлиқ ижро этилган кундан кейинги кундан кечиктирмай хабардор қилинади. Ижро ҳужжати бўйича ижро ишини соддалаштирилган тартибда юритишда ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинган ёхуд қонунга кўра ижро ҳужжати бўлган ҳужжат бекор қилинган ёхуд ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, давлат ижрочиси ижро ҳужжатини берган судни ёки бошқа органни тегишли ахборот олинган куннинг эртасидан кечиктирмай ижро ишини юритиш тугатилганлиги ҳақида хабардор қилади. Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибида қўлланиладиган мажбурий ижро этиш чоралари натижасиз бўлган тақдирда ижро ҳужжати ва ижро йиғимини ундириш тўғрисидаги қарор ушбу Қонунда белгиланган умумий тартибда ижро этилади. Бунда қарздордан ижро йиғими қўшимча ундирилмайди.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.