«Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish to'g'risida»gi qonun

42¹-modda. Қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш

(42¹-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-974-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.10.2024 й., 03/24/974/0804-сон)

Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли, бундан жарима тариқасидаги жиноий жазо бўйича ижро ишини юритиш ҳоллари мустасно. Давлат ижрочисининг қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори катта давлат ижрочиси томонидан тасдиқланади. Мазкур қарорнинг кўчирма нусхалари қарздор жисмоний шахсга (агар унинг турган жойи маълум бўлса), ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (бошқармасига) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига юборилади. Агар ижро ҳужжати суд ҳужжати бўлмаса ва суд ҳужжати асосида берилмаган бўлса, ундирувчи қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни белгилаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Давлат ижрочисининг қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилиниши ёки протест келтирилиши мумкин. Қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашга асос бўлган ижро ҳужжатининг талаблари амалда ижро этилганда ёхуд у бўйича ижро иши юритиш ушбу Қонунда белгиланган асосларга кўра тугатилганда ёки тамомланганда, давлат ижрочиси кейинги кундан кечиктирмасдан қарздор жисмоний шахсни, ички ишлар органларини ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларини қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади. Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, давлат ижрочиси тўлов ёки гаров шартномаси тўғрисидаги тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан манфаатдор шахсларни, ички ишлар органларини ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларини қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади. Бунда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим. Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек чиқиб кетишга чеклашни олиб ташлаш учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни таъминлаш юзасидан давлат ижрочиларининг, ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ҳамкорлиги тартиби Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати томонидан белгиланади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.