Ижро иши юритишда иштирок этувчи шахслар давлат ижрочиси томонидан чиқарилган қарорлар ҳақида, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса ижро ҳаракатлари тўғрисида ва мажбурий ижро этиш чоралари ҳақида хабардор қилинади, шунингдек давлат ижрочисининг ҳузурига ёхуд ижро ҳаракатларини амалга ошириш жойига чақирув қоғози, бошқа хабарнома, телефонограмма, телеграмма ёки бошқа алоқа воситалари (бундан буён матнда чақирув қоғози, бошқа хабарнома деб юритилади) орқали чақиртирилади.
Ижро ишини юритиш доирасида қабул қилинган қарорлар ва бошқа ҳужжатлар ижро ишини юритишда иштирок этувчи жисмоний шахсларга, мавжуд бўлган тақдирда — уларнинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали, шунингдек юридик шахсларга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади.
Ижро ҳужжати дарҳол ижро этилиши лозим бўлган ҳолларда давлат ижрочиси ижро иши юритишда иштирок этувчи шахсларни олдиндан хабардор қилмасдан ижро ҳаракатларини амалга оширишга ва мажбурий ижро этиш чораларини қўллашга ҳақли.
Агар ижро иши юритишда иштирок этувчи шахс ёки унинг вакили бошқа манзилни кўрсатмаган бўлса, ижро иши юритишда иштирок этувчи шахсга чақирув қоғози, бошқа хабарнома ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилга юборилади. Чақирув қоғози, бошқа хабарнома ижро иши юритишда иштирок этаётган шахснинг иш, ўқиш жойига юборилиши мумкин.
Ижро ҳужжатида ундирувчининг ёки қарздорнинг электрон почта манзили ёки мобил телефонининг рақами мавжуд бўлган тақдирда (агар улар судга ёки ижро ҳужжатини берган бошқа органга (мансабдор шахсга) тақдим этилган бўлса), ижро ишини юритишни қўзғатиш тўғрисидаги билдиришнома, ижро ишини юритиш доирасида қабул қилинган қарорлар ва бошқа ҳужжатлар, уларнинг жўнатилганлиги ва қабул қилиб олинганлиги фактини қайд этиш имконини берувчи махсус автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёхуд мобил телефонга қисқа хабар (SMS) тарзида юборилади.
Жисмоний шахсга йўлланган чақирув қоғози, бошқа хабарнома (бундан ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно), қоида тариқасида, Мажбурий ижро бюросининг бўлинмасига қайтарилиши лозим бўлган топширганлик тўғрисидаги ёзма билдиришномага жисмоний шахснинг имзоси қўйдирилган ҳолда унга шахсан топширилади. Юридик шахсга юборилган чақирув қоғози, бошқа хабарнома (бундан ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно) юридик шахснинг ходимига топширилади, у топширганликни тасдиқловчи ёзма билдиришномага чақирув қоғозини, бошқа хабарномани олганлиги ҳақида фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозимини кўрсатган ҳолда имзо қўяди.
Агар чақирув қоғозини, бошқа хабарномани етказиб берувчи шахс чақирилаётган жисмоний шахсни топа олмаса, чақирув қоғози, бошқа хабарнома у билан бирга яшовчи вояга етган оила аъзоларидан бирига топширилади, улар йўқлигида эса фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ёки иш берувчига (ўқув муассасаси маъмуриятига) топширилади. Чақирув қоғозини, бошқа хабарномани қабул қилиб олган шахс уни имконият бўлиши билан дарҳол чақирилувчига топшириши шарт.
Адресат вақтинча бирор жойга кетган бўлса, чақирув қоғозини, бошқа хабарномани етказиб берувчи шахс унинг иккинчи нусхасига чақирилувчи қаерга кетганлиги ва қачон келиши кутилаётганлиги тўғрисида белги қўяди. Бу маълумотлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ёки иш берувчининг (ўқув муассасаси маъмуриятининг) имзоси билан тасдиқланиши ва гувоҳлантирилиши лозим.
Адресат чақирув қоғозини, бошқа хабарномани қабул қилишдан бош тортганда, уларни етказиб берувчи шахс давлат ижрочисига қайтариладиган чақирув қоғозига, бошқа хабарномага белги қўяди.
Ижро иши юритишда иштирок этувчи шахслар қуйидаги ҳолларда хабардор қилинган ҳисобланади, агар:
чақирув қоғози, бошқа хабарнома адресатга ушбу модда талабларига мувофиқ етказиб берилган (юборилган) бўлса;
адресат чақирув қоғозини, бошқа хабарномани олишдан бош тортса;
почта хабарномасини олган бўлишига қарамасдан адресат ўз номига юборилган чақирув қоғозини, бошқа хабарномани олиш учун келмаса.
Мажбурий ижро этиш чоралари тўғрисида хабардор қилинган шахсларнинг ҳозир бўлмаслиги мазкур чораларнинг бажарилишига тўсқинлик қилмайди.
Агар ижро ҳужжати бўйича қарздор зиммасига фақат шахсан ўзи бажариши мумкин бўлган мажбуриятлар юклатилган бўлса, давлат ижрочисининг чақируви бўйича келишдан бўйин товлаётган қарздор давлат ижрочисининг қарори асосида мажбурий келтирилиши мумкин.
Чақирув қоғозлари, бошқа хабарномалар шаклларининг намуналари, шунингдек уларнинг мазмунига қўйиладиган талаблар Мажбурий ижро бюроси томонидан белгиланади.
lex.uz’dagi asl matn«Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish to'g'risida»gi qonun
22¹-modda. Ижро иши юритишда хабарномалар ва чақирувлар
(22¹-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 16 июндаги ЎРҚ-1069-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.06.2025 й., 03/25/1069/0510-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.