Fuqarolik protsessual kodeksi

367-modda. Чет давлат судининг ёки чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризага илова қилинадиган ҳужжатлар

(367-модданинг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 октябрдаги ЎРҚ-496-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.10.2018 й., 03/18/496/2043-сон)

Чет давлат судининг ёки чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризага, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади: 1) чет давлат судининг ёки чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ундирувчи тан олиниши ва ижрога қаратилишини илтимос қилаётган ҳал қилув қарорининг чет давлат ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси; 2) ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кирганлиги тўғрисидаги расмий ҳужжат, агар бу қарор матнининг ўзидан келиб чиқмаса; 3) ҳал қилув қарори илгари тегишли чет давлат ҳудудида ижро этилган бўлса, унинг ижро этилганлиги тўғрисидаги ҳужжат; 4) ҳал қилув қарори ўз зарарига чиқарилган ва процессда иштирок этмаган тараф ишни кўриб чиқиш вақти ва жойи тўғрисида ўз вақтида ҳамда тегишли тарзда хабардор қилинганлигига оид ҳужжат; 5) вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат; 6) агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида давлат божини ва почта харажатларини тўлашдан озод қилиш назарда тутилмаган бўлса, давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат. 7) мазкур модданинг 1 — 5-бандларида кўрсатилган ҳужжатларнинг, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, давлат тилига қилинган, белгиланган тартибда тасдиқланган таржимаси.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.