Fuqarolik kodeksi

456-modda. Шартномани бекор қилиш вақтида зарарни ҳисоблаш

Агар сотувчи томонидан мажбурият бузилганлиги оқибатида шартнома бекор қилинганидан кейин оқилона муддат ичида сотиб олувчи шартномада назарда тутилган товар ўрнига бошқа шахсдан бирмунча юқори, аммо оқилона баҳода товар сотиб олса, сотиб олувчи сотувчидан шартномада белгиланган баҳо билан унинг ўрнига тузилган битимдаги баҳо ўртасидаги фарқдан иборат зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин. Агар сотиб олувчи томонидан мажбурият бузилганлиги оқибатида шартнома бекор қилинганидан кейин оқилона муддат ичида сотувчи товарни бошқа шахсга шартномада назарда тутилганидан бирмунча пастроқ, бироқ оқилона баҳода сотган бўлса, сотувчи сотиб олувчидан шартномада белгиланган баҳо билан унинг ўрнига тузилган битимдаги баҳо ўртасидаги фарқдан иборат зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин. Агар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган асослар бўйича шартнома бекор қилинганидан кейин унинг ўрнига бошқа битим тузилмаган ва товарнинг жорий баҳоси мавжуд бўлса, тараф шартномада белгиланган баҳо билан шартнома бекор қилинган пайтдаги жорий баҳо ўртасидаги фарқдан иборат зарарни қоплаш тўғрисида талаб қўйиши мумкин. Товар топширилиши лозим бўлган жойда одатда ўхшаш шароитларда бир хил товар учун ундириладиган баҳо жорий баҳо деб эътироф этилади. Агар бу жойда жорий баҳо мавжуд бўлмаса, товарни ташиш харажатларидаги фарқни ҳисобга олган ҳолда бошқа жойдаги унинг ўрнини боса оладиган оқилона жорий баҳодан фойдаланиш мумкин. Ушбу моддада назарда тутилган талабларни қондириш ўз мажбуриятини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тарафни бошқа тарафга етказган ўзга зарарни ушбу Кодекснинг 14-моддасига асосан қоплашдан озод қилмайди.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.