Fuqarolik kodeksi

1007-modda. Соғлиққа шикаст етказилиши натижасида йўқотилган иш ҳақини (даромадни) аниқлаш

(1007-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Ўрни қопланиши лозим бўлган йўқотилган иш ҳақи (даромад)нинг миқдори майибланишгача ёки соғлиққа бошқача шикаст етказилишигача ёхуд меҳнат қобилияти йўқотилгунгача бўлган ўртача ойлик иш ҳақи (даромад)га нисбатан жабрланувчининг касбий меҳнат қобилиятини йўқотиши даражасига, касби йўқ бўлганда эса — умумий меҳнат қобилиятини йўқотиш даражасига мувофиқ фоизларда аниқланади. Жабрланувчининг йўқотилган иш ҳақи (даромади) таркибига ҳам асосий иш жойидан, ҳам ўриндошлик бўйича ишлайдиган жойидан меҳнат ва фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар бўйича тўланадиган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган барча турдаги меҳнат ҳақи қўшилади. Бир йўла тўланадиган тўловлар (фойдаланилмаган таътил учун тўланадиган пул, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги ишдан бўшатиш нафақаси) ҳисобга олинмайди. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш таътили учун тўланган нафақа ҳисобга олинади. Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар, шунингдек муаллифлик гонорари йўқотилган иш ҳақи (даромад) таркибига киритилади, бунда тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар солиқ инспекциясининг маълумотлари асосида киритилади. Иш ҳақи (даромад)нинг барча турлари солиқлар ушлаб қолинмасдан олдин ҳисобланган суммаларда ҳисобга олинади. Ўртача ойлик иш ҳақи (даромад) соғлиққа шикаст етказилишидан олдинги ишланган ўн икки ой ичидаги иш ҳақи (даромад)нинг умумий суммасини ўн иккига бўлиш йўли билан ҳисоблаб чиқилади. Зарар етказилган пайтгача жабрланувчи ўн икки ойдан кам ишлаган ҳолларда ўртача иш ҳақи (даромад) соғлиққа шикаст етказилишидан олдинги амалда ишланган ойлардаги иш ҳақи (даромад)нинг умумий суммасини ана шу ойлар сонига бўлиш йўли билан ҳисоблаб чиқилади. Жабрланувчи тўлиқ ишламаган ойлар унинг хоҳишига кўра бундан олдинги тўлиқ ишланган ойларга алмаштирилади ёки уларни алмаштириш имконияти бўлмаганда ҳисобдан чиқариб ташланади. Жабрланувчи зарар етказилган пайтда ишламаётган бўлса, унинг хоҳишига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинишигача бўлган иш ҳақи (даромади) ёхуд мазкур жойда унинг малакасидаги ходимга тўланадиган, аммо қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг беш каррасидан кам бўлмаган одатдаги ҳақ тўлаш миқдори ҳисобга олинади. Агар жабрланувчининг иш ҳақида (даромадларида) унинг майиб қилиниши ёки соғлиғига бошқача шикаст етказилишига қадар унинг мулкий аҳволини яхшиловчи барқарор ўзгаришлар содир бўлган (эгаллаб турган лавозими бўйича иш ҳақи оширилган, юқорироқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказилган, кундузги ўқув юртини битирганидан кейин ишга кирган) бўлса ва ўзгаришнинг барқарорлиги ёки жабрланувчининг иш ҳақи ўзгариши эҳтимоли исботланган бошқа ҳолларда, унинг ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашда у тегишли ўзгаришдан кейин олган ёки олиши лозим бўлган иш ҳақи (даромад)гина ҳисобга олинади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.