Бюджет кодекси

70-modda. Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг харажатлари

(70-модда биринчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонунига асосан ўн учинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан қуйидаги харажатлар амалга оширилади: 1) ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари, шу жумладан: мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, профессионал таълим, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, қўшимча таълим, кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ташкилотлари, болалар уйлари, давлат таълим ташкилотларини ахборот-услубий жиҳатдан таъминлаш муассасалари, вазирликлар ва идоралар тасарруфидаги давлат таълим ташкилотлари, бошқа ёрдамчи муассасаларни сақлаб туриш, шунингдек қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган таълим тизими тадбирларининг харажатлари; республика шошилинч тиббий ёрдам маркази, ОИТСга қарши курашиш республика маркази, Давлат санитария-эпидемиология назорати, карантин ва ўта хавфли инфекциялар профилактикаси, илмий-тадқиқот институтлари ва давлат олий таълим ташкилотларининг клиникалари, қон қуйиш хизмати ва суд-тиббиёт экспертизаси республика муассасалари, республика вазирликлари ва идоралари тасарруфидаги бошқа даволаш-профилактика муассасалари ҳамда ёрдамчи ташкилотларни сақлаб туриш, шунингдек қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган хизматлар ҳақини тўлаш харажатлари; қонунчиликка мувофиқ айрим тоифадаги фуқароларга тиббий хизматлар кўрсатилганлиги учун республика ихтисослаштирилган марказлари харажатларининг ўрнини қоплаш (субсидиялар); қабул қилинган давлат дастурларига мувофиқ фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тадбирларини амалга ошириш харажатлари; республика вазирликлари ва идоралари тасарруфидаги маданият, жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини сақлаб туриш, теле- ва радиодастурлар яратиш ҳамда уларни тарқатишга доир хизматлар таъминоти ва уларга ҳақ тўлаш, ҳукуматнинг алоҳида қарорларига кўра оммавий ахборот воситаларини сақлаб туриш, кино- ва видеомаҳсулотлар яратиш, маданий мерос объектларида реставрация ишларини бажариш, тасдиқланган календарь режаларга мувофиқ маданият ва спортни ривожлантириш бўйича қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган мақсадли тадбирлар харажатлари; фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновация ишларининг давлат илмий-техник дастурлари доирасида грантлар бўйича амалга ошириладиган илмий-техник лойиҳалар, ноёб илмий объектларни ва фанга хизмат кўрсатувчи муассасаларни сақлаб туриш, илмий лойиҳалар экспертизасини ўтказиш ҳамда қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган фанга доир алоҳида тадбирлар харажатлари; давлат архивларини сақлаб туриш харажатлари; республика вазирликлари ва идоралари тасарруфидаги уруш ҳамда меҳнат фахрийлари учун пансионатлар ва санаторийларни, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларини сақлаб туриш, шунингдек қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга доир мақсадли тадбирлар харажатлари; давлат мукофотлари, давлат пул мукофотлари билан тақдирланганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган давлат пул мукофотлари ва мукофотларини тўлаш харажатлари; болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга ва бола туғилганда бериладиган нафақаларни, қонунчиликда айрим тоифадаги шахсларга белгиланган компенсацияларни тўлаш учун ваколатли органга маблағлар ажратиш харажатлари; Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини тугатишда иштирок этган шахсларни ва радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, айрим тоифадаги шахсларга қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва компенсацияларни тўлаш харажатлари жамоат ишларини молиялаштириш; кам таъминланган оилаларга тўланадиган ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам. 2) давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртма шаклида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатлари; 3) иқтисодиёт харажатлари, шу жумладан: агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши соҳасидаги республика назорат органларининг харажатлари, сув ва ўрмон хўжалиги харажатлари, қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши курашиш муассасаларининг хизматларига ва уларни сақлаб туришга ҳақ тўлаш харажатлари; ҳосилдорлиги паст ерларда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш харажатлари; қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланадиган ягона ер солиғи бўйича тушумларга мувофиқ бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг ҳар йили тасдиқланадиган асосий параметрлари доирасида бюджетдан ажратиладиган мақсадли маблағлар; қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши назарда тутилган стандартлаштириш ва сертификатлаштириш, топография-геодезия, картография ва кадастр, шунингдек геология қидирув ишлари, давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш харажатлари, чегарадош давлатларга ҳақ эвазига ердан фойдаланиш тўлови, гидрометеорология хизмати муассасаларини сақлаб туриш харажатлари; атроф муҳит ва ландшафтнинг муҳофаза қилинишини, биологик хилма-хилликнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар; ичимлик суви билан таъминлаш тизимини ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар. 4) республика вазирликлари ва идоралари буюртмачи бўлган марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштириш харажатлари; 5) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини, адлия ва прокуратура органларини сақлаб туриш харажатлари, шу жумладан: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарини; Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини; Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини; Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Девонини; қонунчиликда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағларидан сақлаб турилиши назарда тутилган давлат бошқаруви органларини; Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги муассасаларини сақлаб туриш харажатлари; адлия ва прокуратура органларини. 6) судларни сақлаб туриш харажатлари; 7) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасини шакллантириш харажатлари; 8) бошқа харажатлар: сиёсий партияларга уларнинг уставида белгиланган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган маблағлар; Ўзбекистон Республикаси иштирокчи бўлган халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини тўлаш ва уларни молиялаштиришда иштирок этиш харажатлари; давлат қарзи бўйича фоиз тўловлари ва давлат кафолатини бажариш билан боғлиқ харажатлар; давлат буюртмаси бўйича статистика ишларига ҳақ тўлаш; Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сайловлар ва референдумларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш бўйича харажатлари, шу жумладан округ ва участка сайлов комиссияларини, сиёсий партияларни молиялаштириш; давлат захиралари ва стратегик захираларни вужудга келтириш, сақлаб ва янгилаб туриш билан боғлиқ харажатлар; мудофаага, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашга, божхона органларига ажратиладиган маблағлар, шу жумладан ҳарбий хизматни, ички ишлар органларида, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида, божхона органларида хизматни ўтаган шахслар ҳамда уларнинг оилаларига пенсиялар ва нафақалар учун харажатлар, шунингдек қонунчиликка мувофиқ фаолияти Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган муассасалар, ташкилотлар ва идораларга ажратиладиган маблағлар; қонунчиликка мувофиқ бошқа харажатлар.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.