Бюджет кодекси

163-modda. Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг молиявий ҳисоботлари

(163-модда учинчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1107-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2025 й., 03/25/1107/1216-сон)

Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг чораклик молиявий ҳисоботлари ҳисобот йилининг 1 апрель, 1 июль ва 1 октябрь ҳолатига, йиллик молиявий ҳисоботлар эса, келгуси ҳисобот йилининг 1 январь ҳолатига кўра тузилади. Бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг молиявий ҳисоботлари мазкур ташкилотларнинг раҳбари ёки у ваколат берган шахс ҳамда бош бухгалтери томонидан имзоланади. Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботлар: бюджет маблағларини тақсимловчилар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига; Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармаларига; туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар бўйича — туманлар ва шаҳарлар иқтисодиёт ва молия бўлимларига тақдим этилади. Бюджет маблағларини тақсимловчилар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган ўз тасарруфидаги ташкилотларнинг молиявий ҳисоботлари асосида чораклик ва йиллик жамланма молиявий ҳисоботларни тузади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади. Тасарруфдаги ташкилотлар учун молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан ўзи Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига жамланма молиявий ҳисоботларни тақдим этадиган муддатлар ҳисобга олинган ҳолда белгиланади. Бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг жамланма молиявий ҳисоботлари бюджет маблағларини тақсимловчининг раҳбари ёки у ваколат берган шахс ва бош бухгалтер томонидан имзоланади. Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан бюджет маблағлари олувчилар давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар томонидан белгиланган тартибда чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни тузади ҳамда давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларга тақдим этади. Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган тегишли иқтисодиёт ва молия органларига молиявий ҳисоботларни улар белгилаган муддатларда, лекин Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан белгиланган муддатлардан кечиктирмай тақдим этади. Туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган тегишли иқтисодиёт ва молия органларига молиявий ҳисоботларни улар белгилаган муддатларда, лекин юқори турувчи иқтисодиёт ва молия органи томонидан белгиланган муддатлардан кечиктирмай тақдим этади. Электрон ҳужжат тарзида тақдим этилган молиявий ҳисоботлар бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар раҳбарларининг ёки улар ваколат берган шахсларнинг ва бош бухгалтерларининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг чораклик ҳамда йиллик молиявий ҳисоботларни тузиш, тасдиқлаш ва тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан белгиланади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.