Божхона кодекси

342-modda. Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш сифатида товарлар гаровини қўллаш

(342-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 27 ноябрдаги ЎРҚ-1099-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.11.2025 й., 03/25/1099/1104-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 март)

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш сифатида гаров тўғрисидаги шартнома асосида товарлар гарови қўлланилиши мумкин. Ҳар қандай товар гаров нарсаси бўлиши мумкин, бундан қуйидагилар мустасно: электр, иссиқлик энергияси ва энергиянинг бошқа турлари; корхоналар, бинолар, қурилмалар, иншоотлар, ер участкалари, фазовий объектлар; бошқа мажбуриятларни таъминлаш учун гаровга қўйиб бўлинган товарлар; интеллектуал мулк объектлари; божхона ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган товарлар; тез бузиладиган товарлар; жониворлар; Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган товарлар; реализация қилиш имконияти чекланган товарлар; жойлашган ери ва фойдаланилиши устидан божхона органи доимий назоратни таъминлай олмайдиган товарлар; қонунчиликка мувофиқ эркин реализация қилиниши тақиқланган ишлаб чиқариш маҳсулотлари ва чиқиндилари. Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ва сертификатланиши ёки давлатнинг бошқа органлари назоратида бўлиши лозим бўлган товарлар сертификатлар, рухсатномалар ва товарлар чиқариб юборилаётганда зарур бўлган бошқа ҳужжатлар бўлган тақдирдагина гаров нарсаси бўлиши мумкин. Гаров нарсасининг бозор қийматини аниқлаш учун унинг баҳоланиши гаровга қўювчи ҳисобидан баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилади. Гаров нарсасининг бозор қиймати тўланиши гаров нарсаси билан таъминланадиган божхона тўловларига доир мажбуриятлар, шу жумладан товарларнинг уларни сақлаш ва реализация қилиш бўйича зарур харажатларнинг ўрнини қоплаш учун бозор қийматидан ўн беш фоизи қўшиб ҳисоблангандаги мажбуриятлар миқдоридан кам бўлмаслиги керак. Ушбу Кодекснинг 93 ва 235-моддаларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек божхона омбори, бож олинмайдиган савдо дўкони ва эркин омбор фаолиятини лицензиялашда божхона тўловлари тўланишини таъминлаш сифатида товарларни гаровга қўйиш қўлланилмайди.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.