«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонун

74-modda. Банкларнинг ва банклар гуруҳининг аудиторлик текшируви

(74-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ-1126-сонли Қонунига асосан олтинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.03.2026 й., 03/26/1126/0279-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 29 июнь)

Банк ва банклар гуруҳи аудиторлик текширувининг мақсади банкнинг ва банклар гуруҳининг молиявий ахбороти ҳамда бошқа молиявий маълумотлари тўғрилигини ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка ҳамда молиявий ҳисоботларга оид халқаро стандартларга мувофиқлигини аудиторлик ташкилоти томонидан аниқлашдан иборат. Банкларнинг йиллик молиявий ҳисоботлари ва банклар гуруҳининг йиллик консолидациялашган молиявий ҳисоботи аудиторлик текширувидан ўтказилиши мажбурийдир. Банкнинг ва банклар гуруҳининг аудиторлик текшируви Марказий банкнинг талабига кўра умуман банкнинг ёки банклар гуруҳининг фаолияти бўйича ҳам, улар фаолиятининг алоҳида йўналишлари бўйича ҳам ўтказилиши мумкин. Банкнинг йиллик молиявий ҳисоботи, банклар гуруҳининг йиллик консолидациялашган молиявий ҳисоботи тўғрисидаги аудиторлик хулосаси қонунда назарда тутилганидан ташқари, аудиторлик ташкилоти томонидан: банк, банклар гуруҳи томонидан ҳисобот санасидаги ҳолатга кўра пруденциал нормативларнинг бажарилишини; банкнинг, банклар гуруҳининг ички назорати ва таваккалчиликларини бошқариш тизимларининг ташкил этилиши Марказий банк томонидан қўйилган талабларга мувофиқлигини текшириш натижаларини ўз ичига олган бўлиши керак. Аудиторлик ташкилотлари банкнинг ва банклар гуруҳининг фаолиятини текшириш натижаларига кўра молиявий ҳисоботларнинг ишончлилигини ва бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлайди (ёки тасдиқламайди), шунингдек банкнинг йиллик молиявий ҳисоботига, банклар гуруҳининг консолидациялашган йиллик молиявий ҳисоботига илова қилинадиган аудиторлик хулосасини беради. Аудиторлик хулосасисиз банкнинг йиллик молиявий ҳисоботи, шунингдек банклар гуруҳининг консолидациялашган йиллик молиявий ҳисоботи Марказий банк томонидан қабул қилинмайди ва эълон қилинмайди. Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган банкларда амалга оширилаётган исломий банк фаолиятининг исломий молия стандартларига мувофиқлиги юзасидан ҳар йили камида бир маротаба исломий молия бўйича ташқи аудит текшируви ўтказилиши лозим.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.