«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонун

41-modda. Банк хизматлари ва операцияларининг аутсорсинги

Хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини банк томонидан шартнома асосида ва узлуксиз асосда амалга ошириш учун учинчи тарафга топшириш банк хизматлари ва операцияларининг аутсорсингидир (бундан буён матнда аутсорсинг деб юритилади). Банк Марказий банкнинг рухсатномаси олинганидан кейин хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини Марказий банк томонидан белгиланган талабларга мувофиқ аутсорсингга топшириш ҳуқуқига эга. Лицензия асосида амалга ошириладиган хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини фақат тегишли лицензия эгасига аутсорсингга топширишга йўл қўйилади. Банк хизматлари ва операцияларининг айрим турлари ўзига аутсорсингга топширилган шахснинг мазкур хизматлар ҳамда операцияларни кейинчалик бошқа шахсга аутсорсингга топшириши тақиқланади. Мазкур чеклов банк томонидан хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини аутсорсингга топшириш тўғрисидаги шартномада акс эттирилиши керак. Банк аутсорсингга топширилган хизматлар ва операцияларнинг айрим турлари билан боғлиқ таваккалчиликларнинг бошқарилиши учун жавобгар бўлади. Хизматлар ва операцияларнинг айрим турларини аутсорсингга топширишда банк Марказий банкнинг талабларига, шу жумладан ички сиёсатлар ва ҳисоботдорлик мавжудлиги бўйича, шунингдек Марказий банкка аутсорсингга топширилган хизматлар ва операцияларнинг айрим турлари юзасидан ахборот тақдим этиш бўйича талабларига жавоб бериши керак. Банклар аутсорсингга топширилган хизматлар ва операцияларнинг айрим турлари ташқи аудитдан ўтказилишини ҳар йили ёки Марказий банкнинг талабига биноан таъминлаши шарт. Марказий банк қуйидаги ҳолларда аутсорсинг шартномасини бекор қилишни талаб этишга ҳақли: банк томонидан аутсорсингга топширилган хизматлар ва операцияларнинг лозим даражадаги ҳамда мунтазам равишдаги назорати, текшируви ва таваккалчилик бошқаруви амалга оширилмаганда; аутсорсинг учун жалб этилган шахс фаолиятида банкнинг ўз мажбуриятларини бажариш қобилиятига таҳдид солувчи камчиликлар мавжуд бўлганда.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.