Транспорт воситасининг ҳайдовчиси қуйидагиларга мажбурдир:
а) йўлга чиқишдан олдин транспорт воситасининг техник созлигини, тозалигини ва тўлиқ жиҳозланганлигини текшириши;
б) ҳаракатланиш вақтида транспорт воситасининг техник созлигини таъминлаши;
в) ҳаракатланишни бошлашдан олдин йўловчилар транспорт воситасида жойларини эгаллаганлигига, транспорт воситасининг эшиклари ёпилганлигига, йўловчилар ташиш учун махсус жиҳозланган юк транспорт воситаларида йўловчилар ташиётганда Қоидаларнинг 24-банди талаблари бажарилганлигига ишонч ҳосил қилиши;
г) ҳаракатланиш жараёнида бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларига, айниқса, пиёдалар, болалар, ногиронлар, қариялар, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ва велосипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши;
д) йўловчиларни қуйидагилар ҳақида огоҳлантириши шарт:
ҳаракатланаётган вақтда автомобиль салонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариш тақиқланганлиги;
транспорт воситаси ҳаракатланишни бошлашидан олдин хавфсизлик камарларини тақишлари (ушбу Қоидаларнинг 9-бандига мувофиқ), мотоцикл, мопед ва скутерда, шунингдек, кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларида ҳаракатланаётганда эса мотошлем кийишлари ва уни қадаб олишлари зарурлиги;
е) сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда мажбурий тўхтаган транспорт воситасининг ҳайдовчиси таъмирлаш мақсадида йўлнинг қатнов қисмига чиқишдан олдин нур қайтаргичли махсус жилет кийиб олиши (енгил ва юк автомобили, автобус ва ғилдиракли тракторлар ҳайдовчилари);
ё) ИИО ходимларининг талабига кўра мастлик ҳолатини аниқловчи махсус текширув ёки алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кучли таъсир қилувчи моддалар таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтиши;
ж) ҳаракатланиш вақтида авария ҳолатини юзага келтирмасликлари;
з) қуйидаги ҳолларда фойдаланиш учун транспорт воситасини бериши шарт:
ИИО, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган холларда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажариш учун, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаси туфайли шикастланган ёки носоз транспорт воситаларини олиб кетиш (шатакка олиш) учун (фақат юк автомобилидан);
йўлакай йўналишда кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишга кетаётган тиббиёт ходимларига ҳамда зудлик билан тиббий ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларни даволаш-профилактика муассасасига олиб бориш учун.
Хорижий давлатларнинг дипломатик, консуллик ваколатхоналарига ва бошқа ваколатхоналарига ҳамда халқаро ташкилотларга тегишли транспорт воситалари, шунингдек ёнғин учириш, конвой, инкассатор хизматларининг транспорт воситаларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Транспорт воситасидан фойдаланган шахс ҳайдовчи талаб қилганда йўл варақасига юрилган вақтни, босиб ўтилган масофани, ўз исми-фамилияси, мансаби, иш жойи номини, йўл варақаси бўлмаган тақдирда, белгиланган тартибда маълумот ёки хабар ёзиб бериши керак.
Транспорт воситаларини текшириш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳайдовчининг талабига мувофиқ ўз хизмат гувоҳномасини кўрсатиши шарт.
Хизмат вақтида ҳайдовчига етказилган моддий ва маънавий зарар унинг талабига кўра қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тиклаб берилади;
и) қонунчилик ҳужжатларида талаб қилинган ҳолларда вазн ва ҳажм параметрларини ўлчаш учун назорат жойлари (пункт)дан ўтиши.
lex.uz’dagi asl matnЙўл ҳаракати қоидалари (ВМ қарори №172, 2022)
11-band. 2-боб. Ҳайдовчиларнинг умумий вазифалари — 11-банд
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.