Yer kodeksi

84-modda. Ер участкаларини ажратиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик назорати

(84-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 августдаги ЎРҚ-708-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.08.2021 й., 03/21/708/0799-сон — 2021 йил 18 ноябрдан кучга киради)

Фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ер участкаларини ажратиш, улардан оқилона ва мақсадли фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик назоратини ўз ваколатлари доирасида амалга оширишга ҳақли. Табиатни муҳофаза қилиш жамиятлари, илмий жамиятлар ва бошқа жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқаролар ерлардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширишда давлат органларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига кўмаклашадилар. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари деҳқон хўжаликларининг ер участкаларидан ҳамда томорқа ерлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, шу жумладан ерларга ишлов берилишининг ҳолати, уруғлар, кўчатлар ва дарахтларнинг экилиши, иссиқхоналар қурилиши, чорва ва парранданинг кўпайтирилиши устидан жамоатчилик назоратини ҳамда уйларни айланиб чиқиш орқали мунтазам равишда мониторингни амалга оширади. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши аъзолари бўлган фермер, деҳқон хўжаликларига ҳамда томорқа ер эгаларига тегишли ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар беришга ҳақли. Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш, улардан тегишли ҳужжатларда кўрсатилган нормалардан ортиқча тарзда ғайриқонуний тарзда фойдаланиш, қонунга хилоф объектларни ва иншоотларни қуриш ҳоллари, ер муносабатлари соҳасидаги суиистеъмолликлар тўғрисида фото- ва видеоёзув техникасидан фойдаланилган ҳолда тасдиқланган хабарлар учун жамоатчилик назорати субъектлари рағбатлантирилиши мумкин. Жамоатчилик назорати субъектларини рағбатлантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.