«Xotin-qizlarni tazyiq va zo'ravonlikdan himoya qilish to'g'risida»gi qonun

26-modda. Ҳимоя ордерида назарда тутилган чекловлар

(26-модда Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-829-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.04.2023 й., 03/23/829/0208-сон)

Ҳимоя ордерида қуйидаги чекловлар назарда тутилиши мумкин: тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш; тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган шахснинг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар билан алоқасини тақиқлаш (иш жойларида ва таълим муассасаларида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахс билан билвосита алоқасига йўл қўйилади); тазйиқ ўтказилган ва зўравонлик содир этилган тақдирда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг бир хонада бирга бўлишини тақиқлаш; тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини даволаш, унга маслаҳат бериш, уни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга жойлаштириш учун харажатларнинг, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш, шунингдек маънавий зиённи компенсация қилиш мажбуриятини юклатиш; тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг қуролни (бундан хизмат қуроли мустасно) сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини ҳимоя ордерининг амал қилиши ёки унда кўрсатилган муддат даврида чеклаш ёхуд тақиқлаш, шунингдек қурол сотиб олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқини тақиқлаш. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш масаласини ҳал қилишда, суд мазкур модданинг биринчи қисмида назарда тутилган чекловлардан ташқари қуйидаги чекловларни қўллашга ҳақли: тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг муайян жойларга боришини тақиқлаш; наркологик касалликдан амбулатория ёки стационар шароитларда даволаниш каби мажбуриятлардан бирини ёки бир нечтасини тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига юклатиш; тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг жабрланувчи яшайдиган уй-жой майдонидан ёки унинг бир қисмидан фойдаланиш, жабрланувчининг иш жойига ёки у жойлашган бошқа жойларга яқинлашиш ҳуқуқини вақтинчалик чеклаш. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати узайтирилган тақдирда ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган талаблардан ташқари, унга тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тўғрисидаги шарт мажбурий тартибда киритилади. Агар ҳимоя ордерини бериш ва унинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланса, ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материаллари жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.