Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
диний таълим муассасаси — муайян конфессияга мансуб бўлган, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчиларини ва улар учун зарур бўлган диний ходимларни тайёрлаш учун диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи томонидан ташкил этилган муассаса;
диний ташкилот — фуқароларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган, биргаликда динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни бажариш мақсадида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз иштирокчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган кўнгилли бирлашмаси (маҳаллий диний ташкилот, диний таълим муассасаси ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи);
диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи — бир конфессиянинг маҳаллий диний ташкилотлари, шунингдек диний таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг камида саккизта маъмурий-ҳудудий бирлигида (Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятда, Тошкент шаҳрида) рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатаётган маҳаллий диний ташкилотлар томонидан ташкил этилган диний ташкилот;
маҳаллий диний ташкилот — Ўзбекистон Республикасининг тегишли тумани (шаҳари) ҳудудида доимий яшаётган, ўн саккиз ёшга тўлган, эллик нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ташаббуси билан ташкил этилган, фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ёки шаҳар ҳудудида амалга оширувчи диний ташкилот (масжидлар, черковлар, синагогалар, ибодатхоналар ва бошқалар);
миссионерлик — аниқ мақсадга қаратилган мафкуравий таъсир ўтказиш орқали шахсни (бир гуруҳ шахсларни) ўз динига киритиш мақсадида унга (уларга) диний қарашларни мажбуран сингдиришга ва диний таълимотни тарқатишга доир фаолият;
қонунга хилоф диний фаолият — диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият кўрсатиш, диний ташкилот томонидан фаолиятни ўзи турган жойдан, шу жумладан ибодат қилинадиган бинолардан ва диний ташкилотга тегишли ҳудудлардан ташқарида амалга ошириш, шунингдек диний таълим муассасаларидан ташқарида хусусий тартибда диний таълим фаолияти билан шуғулланиш;
диний профессионал таълим — диний таълим муассасаларида ўқувчиларга маълум бир конфессияга оид диний билимлар беришга қаратилган жараён;
прозелитизм — миссионерлик фаолиятининг бир конфессияга эътиқод қилувчиларни бошқа конфессияларга ўтказишга қаратилган шакли.
lex.uz’dagi asl matn«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун
3-modda. Асосий тушунчалар
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.