Давлат уй-жой фондининг (бундан буён матнда муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди деб юритилади) уйларидаги турар жойни ижарага бериш шартномасига биноан бир тараф – турар жойнинг мулкдори ёки у ваколат берган шахс (ижарага берувчи) бошқа тараф (ижарага олувчи)га турар жойда яшаш учун уни ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланишга топшириш мажбуриятини олади. Ижара шартномасида тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган бошқа шартлар белгилаб қўйилади. Ижара шартномасида ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар кўрсатилган бўлиши керак. Шартномада ана шундай кўрсатмалар бўлмаган тақдирда, бундай шахсларни кўчириб киритиш фуқаролик қонунчилигида ва ушбу Кодекснинг 51-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.
Муниципал, идоравий уй-жой фондининг ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги доимий яшаш учун яроқли бўлган алоҳида турар жой (уй, квартира) турар жойни ижарага бериш шартномаси объекти бўлади.
Хонанинг бир қисми ёки битта умумий кириш жойи орқали бошқа хона билан боғланган хона (туташ хоналар), шунингдек ёрдамчи хоналар (ошхона, йўлак, ҳужра ва шу кабилар) ижара шартномасининг мустақил объекти бўла олмайди.
Кўп квартирали уйдаги турар жойни ижарага олувчи турар жойдан фойдаланиш билан бир қаторда шу уйнинг умумий фойдаланишдаги мол-мулкидан (уйнинг умумий жойлари, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўралма) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ва бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар ва қурилмалар, шу уйга туташ, ободонлаштириш элементлари бўлган ер участкаси, шунингдек кўп квартирали уйдаги кўчмас мулкнинг ягона мажмуига хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган бошқа объектлардан) белгиланган тартибда фойдаланиш ҳуқуқига эгадир.
Турар жойни ижарага бериш шартномаси маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат муассасалари, ташкилотлари ёки улар ваколат берган органлар билан турар жойни олаётган фуқаролар ўртасида ёзма шаклда, қонунчиликда белгиланган тартибда тузилади. Турар жойни ижарага бериш шартномасининг ёзма шаклда бўлишига риоя этмаслик шартноманинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади.
Ижара шартномаси бўйича эгаллаб турилган турар жойга бўлган мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши шартноманинг ўзгаришига ёки бекор бўлишига олиб келмайди. Бунда янги мулкдор илгари тузилган турар жойни ижарага бериш шартномаси шартлари асосида ижарага берувчи бўлиб қолади.
Муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага беришнинг намунавий шартномаси тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
lex.uz’dagi asl matnUy-joy kodeksi
35-modda. Давлат уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага бериш шартномаси
(35-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-1109-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.