«Тўловга қобилияцизлик тўғрисида»ги қонун (банкротлик)

200-modda. Жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ишни қўзғатиш ва кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари

Қарздор жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ариза келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай судья аризани қабул қилиш ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш ёхуд аризани қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш ҳақидаги ажримни чиқаради. Жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишни қўзғатиш ҳақидаги ажримда суд қарздор жисмоний шахснинг зиммасига суднинг ажрими олинган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддат ичида судга ушбу Қонуннинг 198-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолдаги ёзма фикрини тақдим этиш мажбуриятини юклайди. Агар жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ариза қарздор жисмоний шахс томонидан берилган бўлса, бу қоида қўлланилмайди. Суд жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидаги суд ҳужжатларидан бирини қабул қилади: жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш тартиб-таомилини жорий этиш ҳақидаги ажримни; жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини бошлаш тўғрисидаги қарорни; аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарорни. Агар бошқача ҳолат исботланмаган бўлса, қуйидаги ҳолатлардан лоақал биттаси мавжуд бўлган тақдирда, жисмоний шахс тўловга қобилиятсиз деб ҳисобланади: пул мажбуриятлари ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимларни тўлаш бўйича мажбуриятлар умумий суммасининг ўн фоизидан кўпроғи бундай мажбуриятлар бажарилиши керак бўлган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ вақт давомида бажарилмаганда; жисмоний шахс қарзининг миқдори унинг мол-мулки қийматидан ортиқ бўлганда; ижрога доир иш юритишни жисмоний шахсда мол-мулк мавжуд эмаслиги муносабати билан тугатиш тўғрисида қарор мавжуд бўлганда. Жисмоний шахсга нисбатан мерос очилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, суд жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги иш юритишни мероснинг тақдири ҳақидаги масала ҳал қилингунига қадар тўхтатиб туришга ҳақли.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.