«Тўловга қобилияцизлик тўғрисида»ги қонун (банкротлик)

161-modda. Келишув битимини тузиш тартиби

Қарздор ва кредиторлар суд томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишнинг ҳар қандай босқичида келишув битимини тузишга ҳақли. Кредиторлар номидан келишув битимини тузиш ҳақидаги қарор кредиторлар йиғилиши томонидан қабул қилинади. Кредиторлар йиғилишининг келишув битимини тузиш тўғрисидаги қарори биринчи, иккинчи ва учинчи гуруҳ кредиторларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади ҳамда қарор, башарти қарздорнинг гаров билан таъминланган мол-мулки мажбуриятлари бўйича барча кредиторлар уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади. Кредитор вакилининг келишув битимини тузиш масаласи тўғрисида овоз беришга доир ваколатлари унинг ишончномасида алоҳида назарда тутилган бўлиши керак. Келишув битими қарздор номидан тегишинча қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки қарздорнинг раҳбари, ташқи бошқарувчи, тугатиш бошқарувчиси ёхуд молиявий бошқарувчи томонидан тузилади. Келишув битимида назарда тутилган ҳуқуқлар ва мажбуриятларни ўз зиммасига оладиган учинчи шахсларнинг келишув битимида иштирок этишига йўл қўйилади. Келишув битими суд томонидан тасдиқланиши лозим бўлиб, бу ҳақда ажрим чиқарилади, унда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш кўрсатилади. Агар келишув битими тугатишга доир иш юритиш жараёнида тузилган бўлса, суд келишув битимини тасдиқлаш ҳақида ажрим чиқаради, унда қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарор бажарилмаслиги кўрсатилади. Келишув битими қарздор, кредиторлар, шунингдек келишув битимида иштирок этаётган учинчи шахслар учун суд томонидан тасдиқланган кундан эътиборан кучга киради ва улар учун мажбурийдир. Кучга кирган келишув битимини бажаришни бир томонлама рад этишга йўл қўйилмайди. Келишув битими тузишни ёқлаб овоз берган кредитор, қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси келишув битимини тузишга қарши овоз берган ёхуд овоз беришда иштирок этмаган кредиторлар олдида қарздорнинг пул мажбуриятларини ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича мажбуриятини бажаришга ҳақли. Бу ҳолда кредитор қарздор учун таклиф этилган ижрони қабул қилиши шарт, қарздорнинг мажбуриятларини бажарган шахсга эса кредиторнинг мажбурият бўйича талаб қилиш ҳуқуқлари ўтади. Учинчи шахслар келишув битими бўйича қарздор томонидан пул мажбуриятлари қаноатлантирилиши ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича мажбурияти бажарилиши кафиллигини ёки кафолатини беришга, худди шунингдек унинг лозим даражада бажарилишини бошқача тарзда таъминлашга ҳақли. Агар келишув битимининг шарти қарздорнинг мол-мулкини учинчи шахс фойдасига ўтказишдан иборат бўлса, битим фақат мазкур мол-мулк учинчи шахс томонидан кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилишини таъминловчи гаровга берилиши шарти билан тузилиши мумкин.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.