Тугатиш бошқарувчиси тайинланган кундан эътиборан унга қарздорнинг ишларини бошқариш ҳамда қарздорнинг мол-мулкини тасарруф этиш бўйича барча ваколатлар ўтади.
Тугатиш бошқарувчиси қуйидагиларга ҳақли:
қарздорнинг мол-мулкини ушбу Қонуннинг 118-моддасига мувофиқ тасарруф этишга;
ходимлар билан, шу жумладан қарздорнинг раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаларини тугатишга;
қарздорнинг шартномаларини бажаришни ушбу Қонуннинг 119-моддасида белгиланган тартибда рад этишга;
тугатишга доир иш юритиш билан боғлиқ бўлган жорий харажатларни молиялаштириш учун кредиторларнинг йиғилиши билан келишувга мувофиқ кредитлар олишга;
қарздор томонидан тузилган битимларни, агар қонунчиликда назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъволар тақдим этишга;
давлат хизматларидан, шу жумладан давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлардан олдиндан тўловларни амалга оширмасдан фойдаланишга;
олдиндан тўловларни амалга оширмасдан қарздорларнинг кўчмас мулкига оид кадастр ҳужжатларини тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширишга;
қарздор корхонанинг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган, давлат солиқ хизмати органлари учун очиқ бўлган ҳисоботлардан, текшириш далолатномаларидан ва иши билан боғлиқ бошқа материаллардан фойдаланишга;
қарздорни тўловга қобилиятсизлик ҳолатига олиб келганлиги муносабати билан унинг пул мажбуриятлари ва (ёки) солиқлари ҳамда йиғимлари юзасидан субсидиар жавобгар бўладиган шахсларга нисбатан талаблар қўйишга. Мазкур талабларнинг миқдори кредиторлар талабларининг суммаси билан тугатиш массаси ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб аниқланади. Ундирилган суммалар тугатиш массасига қўшилади ва улардан фақат кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун ушбу Қонуннинг 149, 150 ва 185-моддаларида белгиланган тартибда фойдаланилиши мумкин.
Тугатиш бошқарувчиси қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Тугатиш бошқарувчиси:
қарздорнинг мол-мулкини ўз тасарруфига қабул қилиши, уни инвентаризация қилиши ва баҳолашдан ўтказишни ташкил этиши, унинг бут сақланиши чораларини кўриши;
қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил этиши;
кредиторлар йиғилишини ва кредиторлар қўмитасини чақириши;
қарздор олдидаги қарзларни ундириш чораларини кўриши;
қарздор тугатилганда унинг ходимларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши ҳамда улар билан тузилган меҳнат шартномалари келгусида тугатилиши тўғрисида уларни хабардор этиши;
кредиторларнинг талаблари реестрини юритиши ва уларнинг талабларини кўриб чиқиши;
қарздорнинг молиявий аҳволи ва (ёки) ўз фаолияти ҳақидаги ахборотни кредиторнинг талабига кўра ўн кунлик муддатда тақдим этиши;
қарздорнинг учинчи шахсларда турган мол-мулкини қидиришга, аниқлашга ва қайтаришга қаратилган чораларни кўриши;
қарздорнинг сақланиши лозим бўлган ҳужжатларини сақлашга топшириши шарт.
Тугатиш бошқарувчисининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Қарздорнинг бошқарув органлари (ташқи бошқарувчи) тугатиш бошқарувчиси тайинланган кундан эътиборан уч иш куни ичида қарздорнинг бухгалтерия ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлари, муҳрлари ва штамплари (муҳрлар ва штамплар мавжуд бўлган тақдирда), моддий ва бошқа қимматликлари тугатиш бошқарувчисига топширилишини таъминлайди. Мазкур мажбуриятни бажаришдан бош тортилган тақдирда, қарздорнинг бошқарув органлари (ташқи бошқарувчи), шу жумладан қарздор юридик шахснинг раҳбари, қарздор якка тартибдаги тадбиркор қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
lex.uz’dagi asl matn«Тўловга қобилияцизлик тўғрисида»ги қонун (банкротлик)
144-modda. Тугатиш бошқарувчисининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
(144-модда иккинчи қисмининг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 16 январдаги ЎРҚ-896-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.01.2024 й., 03/24/896/0037-сон)
Oddiy tilda
**Нимани ангlatadi**
Тугатиш бошқарувчи — қарздорнинг барча ишларини бошқариш ва мол-мулкини сотиш учун суд томонидан тайинланган шахс. Унинг асосий вазифаси қарздорнинг қолган мол-мулкини сотиб, унинг пулини кредиторларга (қарз берганларга) тўлаш.
**Кимга tegishli**
Бу ҳуқуқ ва мажбуриятлар банкротлик жараёнида суд томонидан тайинланган тугатиш бошқарувчисига тегишли.
**Amalda**
Масалан, компания қарзга батолди. Суд тугатиш бошқарувчисини тайинлади. У компанияни ўз қўлига олди, мол-мулкни инвентаризация қилди, ходимларни ишдан озод қилди, қарзларни ундириш учун даъво қўйди ва мол-мулкни сотиб, пулни кредиторларга тўлади.
Izoh sun’iy intellekt tomonidan tayyorlangan, rasmiy sharh emas.
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.