Кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш мақсадида ташқи бошқарув режасида қарздорнинг корхонасини (бизнесини) мулкий мажмуа сифатида сотиш назарда тутилиши мумкин.
Корхона (бизнес) мулкий мажмуа сифатида сотилаётганида қарздорнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга мўлжалланган барча турдаги мол-мулки, шу жумладан ер участкалари, бинолари, иншоотлари, ускуналари, инвентари, хом ашёси, маҳсулоти, талаб қилиш ҳуқуқлари, шунингдек қарздорнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалари (фирма номи, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари), унинг товарлари, ишлари ва хизматлари, қарздорга тегишли бўлган бошқа мутлақ ҳуқуқлар ўзга шахсларга ўтказилади, бундан бошқа шахсларга топширилиши мумкин бўлмаган ҳуқуқ ва мажбуриятлар мустасно.
Корхона (бизнес) мулкий мажмуа сифатида сотилаётганда қарздорнинг мол-мулкини баҳолаш баҳоловчи ташкилот томонидан ўтказилади, унинг хизматига қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан ҳақ тўланади. Баҳоловчи ташкилот кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан тасдиқланади.
Агар қарздорнинг ҳисобварағидаги пул маблағи унинг мол-мулкини баҳолаш учун етарли бўлмаса, ташқи бошқарувчи бу ҳақда кредиторларни хабардор қилиши керак. Бундай ҳолда қарздорнинг мол-мулкини баҳолаш бўйича харажатлар кредиторлар томонидан амалга оширилади ва ушбу харажатлар қарздор корхона мол-мулкининг сотилиши натижасида қарздорнинг ҳисобварағига келиб тушган маблағлар ҳисобидан, ушбу Қонун 150-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда навбатдан ташқари қопланади.
Зарур бўлган тақдирда, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда иштирок этувчи шахслар қарздорнинг мол-мулкини баҳолаш ҳақидаги ҳисоботнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказишни талаб қилиши мумкин.
Ташқи бошқарувчи корхонани (бизнесни) кредиторлар йиғилишининг розилиги билан бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан мулкий мажмуа сифатида реализация қилишга, башарти харидор ўзига хизмат кўрсатувчи банкнинг тегишли кафолатини тақдим этса, ҳақли бўлади.
Корхона (бизнес) мулкий мажмуа сифатида сотилаётганда корхона (бизнес) сотилаётган пайтда амалда бўлган барча меҳнат шартномалари ўз кучини сақлаб қолади, иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари эса корхонани (бизнесни) мулкий мажмуа сифатида сотиб олувчи ихтиёрига ўтади.
Корхонани (бизнесни) мулкий мажмуа сифатида сотиш, агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдоси ўтказиш воситасида амалга оширилади. Электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосини ўтказиш шартлари кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан белгиланади.
Агар корхона (бизнес) таркибида муомалада бўлиши чекланган мол-мулк бўлса, корхонани (бизнесни) мулкий мажмуа сифатида сотиш қонунга мувофиқ мазкур мол-мулкка мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида эга бўла оладиган шахслар иштирокида электрон онлайн-аукцион шаклидаги ёпиқ кимошди савдоларини ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосига қўйиладиган корхонани (бизнесни) мулкий мажмуа сифатида сотишнинг бошланғич нархи, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, корхонанинг мол-мулкини баҳоловчи ташкилот ўтказган баҳолаш ҳисобга олинган ҳолда кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси қарори билан белгиланади.
Электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосини ўтказиш шартларида корхонани (бизнесни) мулкий мажмуа сифатида сотишдан тушган пул маблағларининг ташқи бошқарув тартиб-таомили муддати тугашидан камида ўттиз кун олдин қарздор томонидан олиниши назарда тутилиши керак.
Ташқи бошқарувчи электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосини ташкил этиш учун ихтисослаштирилган ташкилотни жалб этади ва унинг хизматига қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан ҳақ тўлайди. Электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосини ўтказувчи ихтисослаштирилган ташкилот қарздорга ҳамда ташқи бошқарувчига нисбатан манфаатдор шахс бўлиши мумкин эмас ва кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси билан келишилган бўлиши керак.
Ихтисослаштирилган ташкилот:
ўз расмий веб-сайтида электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдоси ўтказилиши тўғрисидаги хабарни эълон қилади;
электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосида қатнашиш учун иштирокчилардан электрон буюртмаларни қабул қилади;
электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосини ташкиллаштиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлайди;
кимошди савдоси ғолибини аниқлайди ва савдо натижалари ҳақидаги баённомани расмийлаштиради.
Корхонанинг (бизнеснинг) мулкий мажмуа сифатида электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосида сотилиши тўғрисидаги эълон оммавий ахборот воситаларида кимошди савдоси ўтказиладиган санадан камида ўттиз кун олдин берилиши керак. Корхона (бизнес) мулкий мажмуа сифатида электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосида сотилиши ҳақидаги эълонда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
мулкий мажмуа сифатида сотилаётган корхона (бизнес) тўғрисидаги маълумотлар ва у билан танишиш тартиби;
электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосида иштирок этиш муддатлари, вақти ва савдолар ташкилотчисининг веб-сайти;
корхонани (бизнесни) мулкий мажмуа сифатида сотишнинг бошланғич нархи;
электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосини ўтказиш вақти ва унинг якунларини чиқариш ҳамда савдо ташкилотчисининг веб-сайти;
олди-сотди шартномасини тузишнинг ҳамда тўловларнинг шартлари ва муддатлари.
Корхонанинг (бизнеснинг) мулкий мажмуа сифатида электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосида сотилиши ҳақидаги эълонда қонунчиликка мувофиқ бошқа ахборот ҳам бўлиши мумкин.
Агар корхонани (бизнесни) мулкий мажмуа сифатида электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосида сотиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган муддат ичида битта ҳам буюртма келиб тушмаса ёки битта иштирокчидан буюртма тушган бўлса, кимошди савдоси амалга ошмаган деб топилади ва ушбу модданинг ўнинчи — ўн учинчи қисмларида назарда тутилган шартларда такрорий электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдоси ўтказилади. Корхона (бизнес) мулкий мажмуа сифатида биринчи электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосида сотилмаган ҳолларда ҳам такрорий электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдоси ўтказилади.
Такрорий электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосини ўтказиш мақсадида ташқи бошқарувчи кредиторлар йиғилишининг ёки кредиторлар қўмитасининг қарорига мувофиқ корхонани (бизнесни) мулкий мажмуа сифатида сотиш ҳақидаги янги хабарни амалга ошмаган деб топилган ёки корхона (бизнес) мулкий мажмуа сифатида сотилмаган электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосининг санасидан эътиборан ўн беш кун ичида, ушбу Қонуннинг мазкур моддасида ва 54-моддасида назарда тутилган тартибда эълон қилади. Бунда электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдоси хабар эълон қилинган санадан эътиборан камида ўн беш кунлик муддат ўтгач, ўтказилади. Корхонани (бизнесни) мулкий мажмуа сифатида сотиш нархи кредиторлар йиғилишининг ёки кредиторлар қўмитасининг қарорига кўра босқичма-босқич пасайтирилиши мумкин, бунда пасайтириш миқдори аввалги кимошди савдосидаги нархнинг ўн фоизидан кўп бўлмаслиги керак. Агар мулкий мажмуа сифатида сотилаётган корхона (бизнес) дастлабки савдодаги бошланғич нархидан йигирма фоизгача камайтирилган нархда сотилмаса, кейинги такрорий савдонинг бошланғич нархи кредиторлар йиғилиши билан келишилган ҳолда белгиланиши мумкин. Бунда пасайтириш миқдори дастлабки савдодаги бошланғич нархдан эллик фоиздан ошмаслиги керак.
Мулкий мажмуа сифатида сотилаётган корхонанинг (бизнеснинг) олди-сотди шартномаси электрон онлайн кимошди савдоси ғолиби билан ташқи бошқарувчи ўртасида электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдоси якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай тузилади. Электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс ва кимошди савдосининг ташкилотчиси кимошди савдоси ўтказилган куни ана шу савдонинг натижалари тўғрисидаги баённомани расмийлаштиради ва ушбу баённома шартнома кучига эга бўлади. Электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдоси баённомасини ёки олди-сотди шартномасини имзолашдан бош тортган тақдирда ўзи тўлаган закалатдан маҳрум бўлади. Закалат суммаси электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдоси ташкилотчиларининг ушбу тадбирни ўтказишга кетган чиқимлари чегириб ташланган ҳолда қарздорнинг активлари таркибига киритилади.
Агар корхона (бизнес) ушбу модданинг ўн тўртинчи қисмида назарда тутилган шартлар асосида мулкий мажмуа сифатида сотилмаган бўлса, ташқи бошқарувчи, агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, кредиторлар йиғилиши қарорига биноан корхонани (бизнесни) мулкий мажмуа сифатида оммавий оферта савдосига қўйиши ва оммавий ахборот воситасида оммавий оферта тўғрисидаги таклиф эълон қилингач, камида ўн беш кундан кейин унинг учун энг юқори нархни таклиф қилган шахс билан корхонанинг (бизнеснинг) олди-сотди шартномасини тузиши мумкин.
Оммавий оферта савдосига қўйиш ҳақидаги қарор кредиторларнинг учдан икки қисми уни ёқлаб овоз берган тақдирда қабул қилинган деб ҳисобланади, офертага таклиф этилган корхонани (бизнесни) мулкий мажмуа сифатида сотишдаги бошланғич нарх эса илгариги электрон онлайн-аукцион шаклидаги кимошди савдосида белгиланган бошланғич нархдан кам бўлмаслиги керак.
Корхонани (бизнесни) мулкий мажмуа сифатида сотишдан олинган сумма ҳисобидан кредиторларнинг талабларини қарздор тўла ҳажмда қаноатлантириш имкониятига эга бўлган ҳолларда, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни юритиш ташқи бошқарувчининг аризасига биноан суд томонидан тугатилиши лозим.
Агар корхонани (бизнесни) мулкий мажмуа сифатида сотишдан тушган сумма кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қаноатлантириш учун етарли бўлмаса, ташқи бошқарувчи кредиторларга келишув битими тузишни таклиф қилади. Келишув битимига эришилмаган тақдирда, суд ташқи бошқарувчининг аризасига биноан қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.
Корхонани (бизнесни) мулкий мажмуа сифатида сотишдан олинган маблағлар ушбу Қонуннинг 149, 150 ва 185-моддаларида назарда тутилган навбат тартибида тақсимланади.
lex.uz’dagi asl matn«Тўловга қобилияцизлик тўғрисида»ги қонун (банкротлик)
126-modda. Қарздорнинг корхонасини (бизнесини) мулкий мажмуа сифатида сотиш
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.