Тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари қўлланилаётганда барча кредиторларнинг манфаатларини кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси ҳимоя қилади. Суд қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани иш юритишга қабул қилиб олган кундан эътиборан кредиторлар қарздорга ўз талабларини якка тартибда қаноатлантириш мақсадида мурожаат қилишга ҳақли эмас.
Қарздорга нисбатан бажариладиган барча ҳаракатлар кредиторлар номидан кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан амалга оширилади.
Кредиторлар йиғилишида ёки кредиторлар қўмитасида қарздор ходимларининг вакили, суд бошқарувчиси, қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг вакили овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этади.
Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда ягона кредитор иштирок этган ҳолларда кредиторлар йиғилишининг мутлақ ваколатларига тааллуқли қарорларни қабул қилишни шу кредиторнинг ўзи амалга оширади.
Кредиторлар йиғилишининг мутлақ ваколатлари жумласига қуйидаги қарорларни қабул қилиш киради:
келишув битими тузиш тўғрисидаги қарор;
кредиторлар қўмитаси аъзоларини сайлаш, қўмитанинг миқдорий таркибини белгилаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги қарор;
суд санацияси ёки ташқи бошқарув тартиб-таомилини жорий этиш ва уларнинг муддатини узайтириш ёки муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги илтимоснома билан судга мурожаат этиш ҳақидаги қарор;
қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомилини бошлаш ёки қарздорнинг фаолиятини тўхтатмасдан қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомилини бошлаш ҳақидаги илтимоснома билан судга мурожаат этиш тўғрисидаги қарор;
суд санацияси режасини тасдиқлаш ҳамда қарзларни тўлаш жадвалини маъқуллаш ҳақидаги қарор;
ташқи бошқарув режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор.
Ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган қоидалар жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда қўлланилмайди.
Ушбу модда бешинчи қисмининг тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган, кредиторлар йиғилишининг мутлақ ваколатлари жумласига киритилган қарорлар, ушбу Қонун 86-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган қарздорнинг молиявий ҳолати тўғрисидаги муваққат бошқарувчининг хулосаси асосида қабул қилиниши мумкин.
Агар кредиторлар йиғилишида қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, суд муваққат бошқарувчининг қарздорнинг фаолиятини тиклаш учун имконият мавжудлиги тўғрисидаги хулосасини инобатга олган ҳолда, қарздорга нисбатан унинг тўлов қобилиятини тиклаш тартиб-таомилларидан бирини жорий этишга ҳақли.
Кредиторлар йиғилишини ташкил этиш ва ўтказиш суд бошқарувчиси томонидан амалга оширилади.
Кредиторлар йиғилиши, башарти унда қарздорнинг пул мажбуриятлари ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича мажбуриятлари умумий суммасининг камида учдан икки қисми миқдорида талаблар билдираётган, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган кредиторлар ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади. Кредиторлар йиғилишда ўз вакиллари орқали ҳам иштирок этиши мумкин. Кворум мавжуд бўлмаган тақдирда, ўн кунлик муддатда кредиторларнинг такрорий йиғилиши чақирилади, башарти йиғилишни ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида кредиторлар лозим даражада хабардор этилган бўлса, такрорий йиғилиш ҳозир бўлган кредиторларнинг сонидан қатъи назар, ваколатли ҳисобланади.
Кредитор ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган суд қарори, кредиторлар йиғилишининг қарори, суд бошқарувчисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шунингдек тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилини амалга ошириш даврида суд бошқарувчиси унинг талабларини қаноатлантиришни рад этганлиги устидан шикоят беришга ҳақли.
lex.uz’dagi asl matn«Тўловга қобилияцизлик тўғрисида»ги қонун (банкротлик)
12-modda. Кредиторлар ва кредиторларнинг йиғилиши
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.