«Тўловга қобилияцизлик тўғрисида»ги қонун (банкротлик)

110-modda. Кредиторларнинг талабларини қаноатлантиришга доир мораторий

Кредиторларнинг талабларини қаноатлантиришга доир мораторий ташқи бошқарув тартиб-таомили жорий этилгунига қадар бажарилиш муддати келган пул мажбуриятларига ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимларга нисбатан татбиқ этилади, бундан қарздорга нисбатан кузатув тартиб-таомили ва (ёки) суд санацияси тартиб-таомили жорий этилганидан кейин юзага келган пул мажбуриятлари мустасно. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган пул мажбуриятлари ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар юзасидан мораторийнинг амал қилиш муддати ичида: ундирув сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар бўйича ундирувга йўл қўйилмайди; пул мажбуриятлари ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича мажбурият бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун неустойка (жарима, пеня) ва бошқа иқтисодий (молиявий) санкциялар ҳисобланмайди, бундан қарздорга нисбатан кузатув тартиб-таомили ва (ёки) суд санацияси тартиб-таомили жорий этилганидан кейин юзага келган пул мажбуриятлари ва (ёки) тўланиши лозим бўлган фоизлар мустасно. Ташқи бошқарув жорий этилган пайтдаги пул мажбуриятлари ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича кредиторлар талабларининг суммасига Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 327-моддасида назарда тутилган тартибда ва миқдорда фоизлар ҳисобланади. Бу фоизлар бир навбатдаги талабларга қарздорга нисбатан ташқи бошқарув жорий этилган санадан эътиборан ва суд томонидан шу навбат талаблари бўйича кредиторлар билан ҳисоб-китобларни бошлаш ҳақида ажрим чиқариладиган санага қадар ёки қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинадиган пайтга қадар ҳисобланади. Ҳисобланган фоизлар суммаси кредиторга асосий қарз суммасини тўлаш билан бир вақтда тўланиши лозим. Мораторий кредиторларнинг ташқи бошқарувчи шартномани бажаришдан ушбу Қонуннинг 119-моддасига мувофиқ бош тортганлиги оқибатида етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги талабларига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар бажарилиш муддати ташқи бошқарув тартиб-таомили жорий этилганидан кейин бошланган пул мажбуриятларига ва (ёки) солиқларга ҳамда йиғимларга нисбатан қўлланилмайди. Мораторийнинг амал қилиши фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талабларига, алиментлар ундиришга ҳамда муаллифлик шартномалари асосида ҳақ тўлашга доир талабларига, шунингдек қарздор қайси фуқаронинг ҳаётига ёки соғлиғига зарар етказилганлиги учун жавобгар бўлса, ана шу фуқаронинг талабларига нисбатан татбиқ этилмайди. Кредиторнинг илтимосномасига асосан суд қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида мазкур кредиторнинг фойдасига қайси пул мажбуриятлари бўйича мол-мулк берилган бўлса, ўша пул мажбуриятларини мораторийнинг таъсир доирасидан чиқариш тўғрисида, агар мол-мулк ташқи бошқарув тартиб-таомилини амалга ошириш учун зарур бўлмаса, ажрим чиқариши мумкин. Талаблари қарздорнинг мол-мулки билан таъминланган кредиторнинг илтимосномасига асосан қуйидаги ҳолларда суд мазкур мол-мулкни мораторийнинг таъсир доирасидан чиқариш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин, агар: қарздорнинг мол-мулки билан таъминланган кредиторнинг ёки кредиторларнинг талаблари миқдори гаров нарсаси қийматидан ошиб кетган бўлса; гаровга қўйилган мол-мулк қийматини пасайиб кетишдан ҳимоя қилиш мавжуд бўлмаса; ташқи бошқарув режасини амалга ошириш қарздорнинг мол-мулки билан таъминланган талабларга дахл қилмаса; гаровга қўйилган мол-мулкни тез бузиладиган маҳсулот сифатида сақлаб қолиш учун чоралар кўриш талаб этилса; суд санациясининг режаси ёки ташқи бошқарув режаси белгиланган муддатда тасдиқланмаган бўлса.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.