Сув кодекси

38-modda. Сувни давлат томонидан ҳисобга олиш

Сувни давлат томонидан ҳисобга олиш сувдан ва сув объектларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишни жорий ва истиқболда режалаштиришдан, шунингдек жамоатчиликни хабардор қилиш учун муайян ҳудудда ер усти ва ер ости сувларининг ҳамда оқова сувларнинг миқдори ва сифатини аниқлашдан иборат. Сувни давлат томонидан ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади: давлат сув фондини ташкил этувчи сувнинг миқдор ва сифат жиҳатидан таркибини белгилаш; сув хўжалиги балансини тузиш; аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланилиши тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ҳамда янгилаб бориш; сув ресурсларидан фойдаланганлик учун ва кўрсатилган сув хўжалиги хизматлари учун солиқ базасини белгилаш. Сув ресурслари стандарт гидрометрик асбоблар билан уларнинг сифат ва миқдор жиҳатдан таркиби бўйича мунтазам ҳисобга олиниши, стандарт услублар билан қайта ишланиши ҳамда ҳавзалар (ҳудудлар) йиллик ва кўп йиллик ҳисоблашда баҳоланиши лозим. Сув объектларининг сони ва ҳолатини ҳисобга олиш мазкур объектларнинг ҳажмлари, ҳолати ҳамда ўрганилганлик даражасидан келиб чиқиб ва геоахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда картография, гидрогеология ва геодезия услублари билан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида сувни давлат томонидан ҳисобга олиш ягона тизим бўйича амалга оширилади ҳамда сувдан фойдаланувчиларни хабардор қилиш учун ер усти ва ер ости сувларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисобга олиш маълумотларига ҳамда сувнинг ва сув объектларининг давлат мониторинги маълумотларига асосланади. Ер усти ва ер ости сувлари маъмурий ва гидрографик чегаралар доирасида, шунингдек сувдан фойдаланувчилар доирасида ҳисобга олинади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.