Сув кодекси

33-modda. Сув объектларидан сув олиш учун буюртманома бериш

Сув объектларидан сув олиш фақат сувдан фойдаланувчиларнинг ёзма ёки электрон буюртманомалари бўйича (бундан ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти тизимидан, шунингдек ер ости сув ҳавзаларидан ўз ҳисобидан суғориш қудуқлари орқали сув олиш ҳоллари мустасно), уларнинг сувдан фойдаланишга тайёрлигига кўра, белгиланган мавсумий сув олиш квотаси ва сув олиш лимити доирасида амалга оширилади. Сув олиш учун буюртманомалар сувдан фойдаланувчилар томонидан сув етказиб берувчи ташкилотларга ёки уларнинг ваколатли шахсларига мўлжалланилаётган сув олиш бошланишидан ўн кун олдин, сув олишнинг аниқ жойи ва муддатлари (сув олишнинг бошланиши ва тугаши), шунингдек сув олиш ҳажмлари ҳамда белгиланган мақсади кўрсатилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклда берилади. Сув олиш учун буюртманомада кўрсатилган сув ҳажми белгиланган сув олиш квотасидан ва сув олиш лимитидан ортиқ бўлмаслиги керак. Сув етказиб берувчи ташкилотлар икки кунлик муддатда хизмат кўрсатилаётган ҳудуддаги барча сувдан фойдаланувчиларнинг ёзма буюртманомаларини умумлаштириб ва таҳлил қилиб, кейинчалик ёзма буюртманомаларни туманлараро аҳамиятга молик сув хўжалиги объектларидан сув олиш учун тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига юборади. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари тегишлилиги бўйича буюртманомаларни бир кун ичида умумлаштиради ва таҳлил қилади, туманлараро ва трансчегаравий аҳамиятга молик дарёлардан, магистрал каналлардан (тизимлардан), хавф даражаси юқори бўлган сув объектларидан сув олишга нисбатан эса ёзма буюртманомаларни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этади. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига ажратилган сув олиш квоталари ва сув олиш лимитларидан, шунингдек сув манбасининг сувлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда бир кун ичида буюртманомаларни умумлаштиради ва таҳлил қилади ҳамда хабарнома шаклида сув олишга рухсат беради ёки буни рад этади. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари бир кун ичида сув етказиб берувчи ташкилотларга ажратилган сув олиш лимитларидан, шунингдек сув манбасининг сувлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда хабарнома шаклида сув олишга рухсат беради ёки буни рад этади. Сув етказиб берувчи ташкилотлар ўз навбатида бир кунлик муддатда сувдан фойдаланувчиларга ажратилган сув олиш лимитларидан, шунингдек сув манбасининг сувлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда хабарнома шаклида сув олишга рухсат беради ёки буни рад этади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.