Сув кодекси

134-modda. Сувни муҳофаза қилиш зоналарида, санитария муҳофазаси зоналарида ва соҳил бўйи минтақаларида хўжалик фаолиятини амалга ошириш режими

Сувни муҳофаза қилиш зоналарига ва санитария муҳофазаси зоналарига киритилган ерлар, ерлардан фойдаланувчилардан ва ижарачилардан олиб қўйилмайди ҳамда улар томонидан ушбу Кодекснинг 24-бобида белгиланган талабларга риоя этган ҳолда фойдаланилади, бундан соҳил бўйи ва санитария-ҳимоя минтақаларининг ерлари мустасно. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорлари билан: дарёларнинг ва бошқа қуримайдиган табиий сув оқимларининг соҳил бўйи минтақалари экологик, табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини ва бошқа тадбирларни ўтказиш, шунингдек ер участкаларидан самарали фойдаланиш учун ердан фойдаланувчилар ва ижарачиларга; сув хўжалиги объектларининг соҳил бўйи минтақалари ушбу объектлардан фойдаланишни, уларни реконструкция қилишни, таъмирлашни ва тиклашни, сув ресурсларининг оқилона бошқарилишини ва ҳисоби юритилишини таъминлаш, экологик, табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини ва бошқа тадбирларни ўтказиш, шунингдек ер участкаларидан самарали фойдаланиш учун ушбу объектлардан фойдаланувчи ташкилотларга берилади. Каналларнинг, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг соҳил бўйи минтақаларидаги тупроқ уюмлари учун майдонлар фойдаланувчи ташкилотлар билан келишувга кўра, тупроқ уюмларини олиб ташлаш ва режалаштириш ишларини бажариш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, шунингдек тупроқ уюмларидан қурилиш материаллари сифатида фойдаланиш учун фермер ва деҳқон хўжаликларига ҳамда бошқа ташкилотларга муддатли (вақтинча) фойдаланишга ёки шартнома асосида ижарага берилиши мумкин. Ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти ва минерал сувлар манбалари санитария муҳофазаси зоналарининг биринчи минтақалари ер участкалари билан биргаликда сув олиш иншоотлари ва бошқа иншоотлар қуриш учун ушбу иншоотлардан фойдаланувчи ташкилотларга белгиланган тартибда фойдаланишга берилади. Сув омборларининг ва бошқа сув ҳавзаларининг, дарёларнинг ва бошқа табиий сув оқимларининг, шунингдек суви ичимлик ва хўжалик-маиший сув таъминоти эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган каналларнинг сувни муҳофаза қилиш зоналарида қуйидагилар тақиқланади: ўсимликлар зараркунандалари ва касалликларига, бегона ўтларга қарши ишлатиладиган заҳарли кимёвий воситаларнинг ҳар қандай турларини қўллаш ва кўмиш; заҳарли кимёвий воситалар, пестицидлар, гербицидлар ва минерал ўғитлар сақланадиган омборларни, заҳарли кимёвий воситалар аппаратлари тўлдириладиган майдончаларни, авиация-кимё ишларини олиб бориш учун учиш-қўниш полосаларини қуриш; марказлашган оқова сувларини чиқариб юбориш тармоқлари бўлмаган янги турар жой ва туризм мажмуаларини қуриш; оқова сувларини тозалаш иншоотларини ва оқова сувларнинг турли хил сиғимларини (тўплагичларини) барпо этиш; янги дафн этиш жойларини жойлаштириш, шунингдек мавжуд дафн этиш жойларига кўмиш; чорвачилик ва паррандачилик фермаларини қуриш, ҳайвонлар кўмиладиган жойларни (ҳайвонлар, паррандалар ва балиқларни кўмиш жойларини) ташкил этиш; ахлатларни, шу жумладан кимёвий ва радиоактив моддаларни ишлаб чиқариш чиқиндиларини жойлаштириш, шунингдек суғориш учун суюқ гўнг ишлатиш; тўхташ жойларини, ёнилғи-мойлаш материалларини қуйиш шохобчаларини, транспорт воситаларига ва бошқа техникага техник хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва ювиш жойларини барпо этиш; қор қоплами устидан ўғит солиш, таркибида гўнг бўлган, зарарсизлантирилмаган оқова сувлардан ўғитлар сифатида фойдаланиш, шунингдек тозаланмаган саноат ва хўжалик-маиший оқова сувларни оқизиб юбориш; чорва молларини тартибсиз ўтлатиш, айниқса жарлик-ботқоқ тармоғининг таркибий қисмларида ўтлатиш, яйловларни пайҳон қилиш; дарахтзор ва бутазорларни кесиш, бундан ўрмонни парваришлаш учун кесиш ва санитария жиҳатидан кесиш мустасно. Сув омборларининг ва бошқа сув ҳавзаларининг, дарёларнинг ва бошқа сув оқимларининг, шунингдек ер ости чучук сувлари шаклланадиган ҳудудларнинг сувни муҳофаза қилиш зоналарида сувларнинг ҳолатига таъсир этувчи, қурилиш, ўзан тубини чуқурлаштириш, соҳилларни ҳимоя қилиш ва портлатиш ишлари, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва сув ўсимликларини олиш, уларни қайта ишлаш, қувурлар тармоқлари, кабеллар ва бошқа коммуникациялар ўтказиш, бурғилаш, қишлоқ хўжалиги ишлари ва бошқа ишлар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси органлари ва ер тузиш органлари, шунингдек тоғ-кон саноати ва геология органлари, фавқулодда вазиятлар органлари ва сув хўжалиги органлари билан келишувга кўра, фақат маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарори билан амалга оширилиши керак. Сув омборлари ва бошқа сув ҳавзаларининг тегишли сув сатҳлари чизиғидан 2 километр масофагача бўлган қишлоқ хўжалиги ерларига ва ўрмонзорларга заҳарли кимёвий воситаларни авиация ёрдамида сепиш тақиқланади. Соҳил бўйи минтақалари доирасида ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган чекловларга қўшимча равишда қуйидагилар тақиқланади: маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органлари, сув хўжалиги органлари, шунингдек сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар билан келишилмаган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш (бундан ёш кўчатлар орасига экилган вақтинчалик экинлар мустасно); органик ва минерал ўғитларни сақлаш ва қўллаш; чорва молларини сақлаш ва боқиш жойларини ташкил этиш; ҳар қандай турдаги доимий ва вақтинчалик бинолар ва иншоотларни қуриш (бундан сув хўжалиги объектларини қуриш мустасно); ушбу мақсадлар учун махсус ажратилган жойлардан ташқари чодирлар шаҳарчаларини, қайиқлар причалларини барпо этиш; минерал ўғитлардан бўшаган идишларни сақлаш ва йўқ қилиш; минерал ўғитларни транспортда ташиш ва сепиш учун фойдаланилган идишларни, машиналарни ва жиҳозларни тозалаш ва ювиш; жунни, каноп ва терини ювиш. Ушбу модданинг саккизинчи қисмида кўрсатилган қоидалар оқова сувларини чиқариб юбориш тизимига ёки фильтрлаш ўраларига уланган, илгаридан мавжуд бўлган турар жой объектларига, оммавий дам олиш ҳудудларига ва туристик мажмуаларга нисбатан татбиқ этилмайди. Дарёлар ўзанларини ўзгартиришга, улардан фойдали қазилмаларни қазиб олишга ва сув объектларининг ҳолатига таъсир қиладиган бошқа ишларни олиб боришга, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши органларининг, сув хўжалиги органларининг, тоғ-кон саноати ва геология органларининг рухсатномаси белгиланган тартибда олинганидан кейин йўл қўйилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.