Сув кодекси

124-modda. Ер ости сувларини муҳофаза қилиш

Ер ости сувларини чиқариш ва улардан фойдаланиш билан шуғулланувчи шахслар сув чиқариш участкасида ҳамда унга туташ ҳудудда уларнинг режими устидан кузатувлар олиб бориши, шунингдек фойдаланилаётган сувнинг миқдори ва сифати ҳисобини юритиши шарт. Агар фойдали қазилмалар конларини қидириш, уларни ўрганиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бурғилаш ҳамда бошқа кон-қидирув ишларини бажариш чоғида ер ости сувлари бор қатламлар аниқланган бўлса, бу ҳақда тоғ-кон саноати ва геология органларига хабар қилиниши ҳамда белгиланган тартибда ер ости сувларини муҳофаза қилишга доир чоралар кўрилиши зарур. Саноат ва бошқа оқова сувларини оқизиш учун қазиладиган қудуқлар сувли қатламни ифлослантириш манбаига айланиши мумкин бўлган барча ҳолларда бундай қудуқларни қазиш тақиқланади. Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси томонидан берилган рухсатномага асосан амалга оширилади. Бунда ҳар бир қудуқни бурғилашга Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси қонунчиликда белгиланган тартибда гидрогеологик хулосани берганидан кейин йўл қўйилади. Гидрогеологик хулосани олмасдан туриб, қудуқ бурғилаш қонунга хилоф деб ҳисобланади. Ўз-ўзидан сув чиқарадиган ва фойдаланиш учун яроқсиз бўлган қудуқларга сувни бошқариш ускуналари ўрнатилиши, улар консервация қилиниши ёки тугатилиши лозим, фойдаланиш учун яроқсиз бўлган бошқа қудуқлар эса қонунчиликда белгиланган тартибда тугатилиши лозим. Ер ости чучук сувлари конлари шаклланадиган зонада қаттиқ ва суюқ чиқиндилар тўплагичларини, чиқиндихоналарни ўрнатишга, фаолияти ер ости сувларининг ифлосланиш манбаига айланиши мумкин бўлган саноат, қишлоқ хўжалиги объектлари ва бошқа объектлар жойлаштирилишига йўл қўйилмайди. Ер ости сувларини муҳофаза қилиш, шу жумладан қудуқларни кузатиш тармоғини яратиш ва ишлаб чиқариш мониторингини юритиш тадбирлари фаолияти ер ости сувларининг ҳолатига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган корхоналар томонидан амалга оширилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.