Суғурта фаолиятини лицензиялаш, рухсат бериш, хабардор қилиш, тартибга солиш ҳамда пруденциал назорат бўйича ваколатларни амалга оширувчи ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
Ваколатли давлат органи:
бажарилиши мажбурий бўлган тўловга қобилиятлилик нормативларини ҳамда уларни аниқлаш тартибини, айрим таваккалчиликлар бўйича суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) мажбуриятларининг йўл қўйиладиган энг кўп ёки энг кам миқдорини ва мажбуриятларнинг жами миқдорини ҳисоблаб чиқариш услубини, суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) тўловга қобилиятлилигига доир ахборотни тақдим этиш тартиби ва муддатларини белгилайди;
суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини, тўловга қобилиятлиликнинг белгиланган нормативлари ва уларнинг молиявий барқарорлигининг бошқа талаблари таъминланишини назорат қилади;
суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялайди, қайта суғурта брокери, суғурта сюрвейери, аджастер, актуар ташкилот ва ассистанс фаолияти юзасидан хабардор қилиш тартиб-таомилларини амалга оширади ҳамда уларнинг реестрини юритади;
суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) суғурта захиралари маблағларини шакллантириш ҳамда жойлаштириш тартиби ва шартларини, шунингдек бундай маблағларнинг ҳисобини юритиш ва улар бўйича ҳисоботлар тузиш тартибини белгилайди;
суғурта захиралари маблағларининг энг кам миқдорини белгилайди;
суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) томонидан тақдим этиладиган молиявий ҳисоботларнинг ва улар томонидан эълон қилинадиган йиллик молиявий ҳисоботнинг шаклини, шунингдек уни тақдим этиш ҳамда эълон қилиш тартиби ва муддатларини белгилайди;
қонунчиликка мувофиқ суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг фаолиятини текширишни амалга оширади ва уларга аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида, шу жумладан суғурта хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларининг бузилишига олиб келувчи сабабларни бартараф этиш ҳақида ижро қилиниши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритади;
суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик, шу жумладан белгиланган иқтисодий нормативлар бузилганлиги учун суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) устав фонди (устав капитали) энг кам миқдорининг 0,1 фоизигача миқдорида, белгиланган тартибда жарима солади;
суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта брокерлари лицензияларининг амал қилишини қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ ёки айрим суғурта классларига нисбатан тўхтатиб туради, бекор қилади, шунингдек уларнинг фаолиятини тугатиш тўғрисида судга мурожаат қилади;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ҳамда терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги аниқланган тақдирда, суғурталовчиларга (қайта суғурталовчиларга) ҳамда суғурта воситачиларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ чоралар ва санкциялар қўллайди;
суғурта фаолиятини тартибга солиш ва уни назорат қилиш борасидаги фаолият тўғрисида йиллик ҳисоботларни, шунингдек суғурта бозорининг молия йили давомидаги фаолияти ҳақидаги статистик маълумотларни расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида ҳар бир молия йили тугаганидан кейин олти ой ичида эълон қилади;
суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) инвестиция фаолиятини амалга ошириш тартиби ҳамда шартларини белгилайди;
суғурта агентлари фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди;
суғурталовчиларга нисбатан чоралар ва санкцияларни қўллаш тартибини белгилайди;
суғурта хизматларини электрон шаклда кўрсатиш тартибини белгилайди;
ўз ваколатларини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни давлат органлари ва ташкилотларидан сўраб олади;
актуар хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди;
актуарий малака сертификатини олиш учун ўқув дастурларини ҳамда малака имтиҳонлари топшириш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, мазкур сертификатни олиш ҳуқуқи учун малака имтиҳонини ўтказади;
белгиланган тартибда актуарий малака сертификатини беради, унинг амал қилишини тугатади ва уни бекор қилади, малака сертификатига эга бўлган актуарийлар реестрини юритади;
суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларидан назорат қилиш вазифаларига оид ахборотни сўраб олади;
қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
Ваколатли давлат органи ва унинг ходимлари суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг устав фондида (устав капиталида) ҳамда бошқарув органларида иштирок этишга, шунингдек суғурта воситачиси сифатида иш юритишга ҳақли эмас, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
lex.uz’dagi asl matn«Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонун
47-modda. Ваколатли давлат органи
(47-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ 1154-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 03/26/1154/0618-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.