Ушбу Қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
1-модда. Ҳарбий судлар Ўзбекистон Республикаси суд тизимига киради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди ва ҳудудий ҳарбий судлардан иборат бўлади.
Ҳарбий судлар чиқарадиган ҳал қилув қарорлари ва ҳукмлар Ўзбекистон Республикаси номидан эълон қилинади.
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди вилоят суди ҳуқуқи асосида иш юритади ҳамда судьялар, шу жумладан суд раиси, раис ўринбосари, шунингдек халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади.
Ҳудудий ҳарбий судлар туман суди ҳуқуқи асосида иш юритади ва судьялар, шу жумладан суд раиси, шунингдек халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади.
3-модда. Ҳарбий судлар судьяларини тайинлаш тартиби ва уларнинг мақоми «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланади.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари:
1) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги қўшинлари ва қонунчиликка мувофиқ ташкил этиладиган бошқа ҳарбий тузилмалар ҳарбий хизматчилари, шунингдек ўқув йиғинларида бўлган даврда ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишларни;
2) ҳарбий қисмлар, қўшилмалар ва бирлашмаларнинг, ҳарбий бошқарув органларининг қўмондонлигига нисбатан ҳарбий хизматчиларнинг даъволари бўйича фуқаролик ишларини ҳамда ҳарбий бошқарув органлари ва ҳарбий мансабдор шахсларнинг ҳарбий хизматчилар ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоятларни;
3) алоҳида ҳолатлар туфайли судлар иш юритмаётган жойларда барча фуқаролик ва жиноят ишларини;
4) давлат сирларига тааллуқли ишларни;
5) қонун билан ўз ваколатларига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўради.
Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари қонунга мувофиқ бошқа ишларни ҳам кўриши мумкин.
Ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида кўрсатилган шахслар ҳарбий ёки унга тенглаштирилган хизматни ўташ даврида содир этган жиноятлар тўғрисидаги ишлар, агар улар иш судда кўрилиш пайтига келиб хизматдан бўшаб кетган бўлса ҳам, ҳарбий судлар томонидан кўрилади.
Ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида кўрсатилган шахслар ҳарбий ёки унга тенглаштирилган хизматга чақирилгунга ёки киргунга қадар содир этган жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилади.
5-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди судловига:
генераллар таркибидаги мансабдор шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишлар, шунингдек ушбу шахсларга тааллуқли бошқа ишлар ва шикоятлар;
содир этилганлиги учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинланиши мумкин бўлган жиноятлар тўғрисидаги ишлар;
полковник, 1-даражадаги капитан ҳарбий унвонига эга бўлган шахсларнинг ёхуд бригада командири лавозимидаги шахслар ҳамда хизмат мавқеи бўйича уларга тенг шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишлар, шунингдек ушбу шахсларга тааллуқли бошқа ишлар ва шикоятлар тегишлидир.
6-модда. Ҳудудий ҳарбий судлар судловига подполковник, 2-даражадаги капитандан юқори бўлмаган ҳарбий унвонлардаги шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишлар, шунингдек ушбу шахсларга тааллуқли бошқа ишлар ва шикоятлар тегишлидир.
7-модда. Бир гуруҳ шахслар айбланган тақдирда, айбланувчилардан лоақал бири хусусидаги иш ҳарбий суд судловига тааллуқли бўлиб, уни қонунга мувофиқ алоҳида иш юритишга ажратиш мумкин бўлмаса, фуқаро шахсларга оид ишларнинг ҳарбий судлар томонидан кўрилишига йўл қўйилади.
Якка шахс ёки бир гуруҳ шахслар бир неча жиноятни содир этишда айбланган тақдирда, агар жиноятлардан лоақал бири ҳақидаги иш ҳарбий суд судловига тааллуқли бўлса, барча жиноятлар тўғрисидаги ва барча шахсларга оид иш ҳарбий суд томонидан кўрилади.
8-модда. Ҳарбий судлар жиноят ишлари билан бирга ҳарбий қисмлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг ва фуқароларнинг жиноятлар туфайли ўзларига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги фуқаролик даъволарини ҳам кўриб чиқади.
9-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди:
ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи инстанция суди сифатида ва апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриб чиқади;
ҳудудий ҳарбий судларнинг судлов фаолияти устидан назоратни амалга оширади;
ҳарбий судлар ишининг ташкил этилишини текширади;
ҳарбий судларнинг суд амалиёти ва суд статистикасини умумлаштиради, уларнинг тизимли таҳлилини амалга оширади;
суд амалиёти обзорларини тайёрлайди;
ҳарбий судлар судьяларининг малакасини ошириш чора-тадбирларини кўради;
судьяларнинг мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ҳарбий судлар ишини ташкил этиш масалаларига доир буйруқлар ва фармойишлар чиқаради.
10-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раёсати мазкур суд судьяларидан иборат таркибда иш юритади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раёсатининг мажлислари заруриятга қараб, бироқ ҳар ойда камида бир марта ўтказилади ва раёсат аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлганда ваколатли ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раёсатининг қарорлари мажлисда иштирок этаётган раёсат аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва суд раиси томонидан имзоланади.
11-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди раёсати:
суд амалиётини умумлаштириш ва суд статистикасини таҳлил қилиш натижаларини кўриб чиқади;
судлов ҳайъатининг фаолияти тўғрисидаги маърузаларни эшитади;
ҳудудий ҳарбий судлар раисларининг қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисидаги маърузаларини эшитади.
Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди раёсати қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
12-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судлов ҳайъати:
ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқади;
ишларни апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриб чиқади;
суд амалиётини ўрганади ва умумлаштиради;
суд статистикасини таҳлил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судлов ҳайъати қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
13-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раиси:
суд фаолиятига ташкилий раҳбарликни амалга оширади;
суд раёсати мажлисларини чақиради ва унинг мажлисларида раислик қилади;
суд раёсати қарорлари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш бўйича ишларни ташкил этади;
суд мажлисларида раислик қилади;
қуйи турувчи судлар фаолиятини ташкил этишда кўмаклашади;
судьялар, суд аппарати ходимлари ва халқ маслаҳатчиларининг малакасини ошириш бўйича ишларни ташкил этади;
суд амалиётини умумлаштириш, суд амалиёти обзорларини тайёрлаш ва суд статистикасини юритиш бўйича ишларни ташкил этади;
жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади;
Судьялар олий малака ҳайъатига судьялар малака ҳайъатлари қарорлари юзасидан тақдимномалар киритади;
суд аппарати ишига раҳбарлик қилади, суд аппарати ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва тугатади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раиси қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
14-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг ўринбосари:
судлов ҳайъати ишини ташкил этади;
судлов ҳайъати мажлисларида раислик қилади;
судлов ҳайъати фаолияти тўғрисида суд раёсатига маъруза тақдим этади;
жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини шахсан қабул қилади;
суд раиси йўқлигида унинг ваколатларини амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг ўринбосари қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раиси ўринбосари йўқлигида унинг ваколатлари мазкур суд раиси томонидан судьялардан бирига юклатилиши мумкин.
15-модда. Ҳудудий ҳарбий суд раиси:
суд мажлисларида раислик қилади;
жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади;
суд аппарати ишига раҳбарлик қилади, суд аппарати ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва тугатади.
Ҳудудий ҳарбий суд раиси қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Ҳудудий ҳарбий суд раиси йўқлигида унинг ваколатларини Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьяларидан бири бажаради.
16-модда. Ҳарбий судлар таркиби, штатлар сони, штатдаги лавозимлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
17-модда. Ҳарбий судлар судьялари «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ интизомий жавобгарликка тортилади.
18-модда. Ҳарбий судларнинг аппарати ходимларини ишга қабул қилиш ва улар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига мувофиқ тегишли ҳарбий суд раиси томонидан амалга оширилади.
19-модда. Ҳарбий судларни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш, молиялаштириш, транспорт, алоқа воситалари билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан амалга оширилади.
20-модда. Ушланган, қамоққа олинган, гауптвахталарда сақланаётганларни ҳарбий судларга қўриқлаб олиб бориш ва уларни суд мажлисида қўриқлаш ҳарбий қисмлар ёки гарнизонларнинг ҳарбий комендатуралари томонидан амалга оширилади. Бошқа сақлаш жойларида, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳбусларни ишни кўриш жойига қўриқлаб олиб бориш ва қўриқлаш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг соқчилик қўшинлари қисмлари, органлари томонидан амалга оширилади.
21-модда. Ҳарбий судлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.
1-модда. «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси судьялари учун малака даражалари жорий этиш ва бериш тартибини белгилайди.
2-модда. Судьяларга судья сифатидаги тажрибаси ва иш стажини инобатга олган ҳолда қуйидаги малака даражалари берилади:
олий малака даражаси;
биринчи малака даражаси;
иккинчи малака даражаси;
учинчи малака даражаси;
тўртинчи малака даражаси;
бешинчи малака даражаси.
3-модда. Малака даражалари қуйидагича берилади:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларига, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьяларига — олий, биринчи, иккинчи малака даражалари;
Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят судлари ва Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар маъмурий судлари судьяларига — биринчи, иккинчи, учинчи малака даражалари;
туманлараро, туман, шаҳар судлари, ҳудудий ҳарбий судлар судьяларига — учинчи, тўртинчи, бешинчи малака даражалари.
4-модда. Олий малака даражаси Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.
Олий малака даражаси Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосарлари — судлов ҳайъатлари раисларига, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларига, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьяларига тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг Ўзбекистон Республикаси судлари судьялари олий малака ҳайъати хулосасига асосланган тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади. Бошқа малака даражалари тегишли судьялар малака ҳайъатлари хулосасига биноан Ўзбекистон Республикаси судлари судьялари олий малака ҳайъати томонидан берилади.
Биринчи маротаба сайланган ёки тайинланган судьяларга малака даражалари иш фаолиятининг дастлабки уч ойи ичида илгариги иш ёки хизмат жойида берилган махсус унвонлар ва мансаб даражаларини инобатга олган ҳолда берилади.
Судьялар орасидан белгиланган тартибда сайланган ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан тайинланган шахсларга малака даражалари тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси судлари судьялари олий малака ҳайъати томонидан берилади.
5-модда. Ҳар бир малака даражасида бўлиш муддатлари ижобий малака аттестацияси мавжуд бўлган тақдирда қуйидагича белгиланади:
бешинчи малака даражасида — икки йил;
тўртинчи малака даражасида — уч йил;
учинчи малака даражасида — тўрт йил;
иккинчи малака даражасида — беш йил.
Биринчи малака даражасида бўлиш муддати белгиланмайди.
Юқори малакали судьяларга иш тажрибасини инобатга олган ҳолда, эгаллаб турган лавозими учун назарда тутилган даражадан қатъи назар, шунингдек кетма-кетликка риоя этмаган ҳолда, лекин унга берилган малака даражасидан икки даражадан юқори бўлмаган малака даражаси берилишига йўл қўйилади.
6-модда. Судьялар одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни қўпол равишда бузганлик учун малака даражасидан маҳрум этилиши мумкин.
Малака даражасидан маҳрум этиш ва малака даражасини пасайтириш шу малака даражасини берган мансабдор шахс ёки орган томонидан амалга оширилади.
7-модда. Малака даражасига эга бўлган судьяларнинг лавозим маошларига қонунчиликда белгиланган миқдорларда устамалар белгиланади.
8-модда. Судьяларни малака аттестациясидан ўтказиш тартиби қонун билан тасдиқланадиган низомда белгиланади.
1-модда. Ушбу Низом судлар аппарати, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди (бундан буён матнда Конституциявий суд деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши (бундан буён матнда Судьялар олий кенгаши деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби (бундан буён матнда Олий мактаб деб юритилади) ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти (бундан буён матнда Департамент деб юритилади) ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига махсус унвонлар — мансаб даражалари бериш тартибини белгилайди.
2-модда. Судлар аппарати, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий мактаб, Департамент ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг махсус унвонлари қуйидаги мансаб даражаларидан иборат:
1-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси;
2-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси;
3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси;
1-даражали адлия маслаҳатчиси;
2-даражали адлия маслаҳатчиси;
3-даражали адлия маслаҳатчиси;
1-даражали юрист;
2-даражали юрист;
3-даражали юрист.
3-модда. Мансаб даражалари олий юридик маълумотга ёки бошқа олий маълумотга эга ходимларга, эгаллаб турган лавозими, малакаси ва иш стажига мувофиқ кетма-кетликда ёхуд илгариги иш ёки хизмат жойида берилган махсус унвонлар ва мансаб даражаларини инобатга олган ҳолда берилади.
4-модда. Мансаб даражалари:
1-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси — Судьялар олий кенгаши раисига;
2-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси — Олий мактаб директорига, Департамент директорига;
3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси — Олий мактаб директорининг ўринбосарига, Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати раҳбарига;
1-даражали адлия маслаҳатчиси — Конституциявий суд котибияти мудирига, Ўзбекистон Республикаси Олий суди бошқармалари бошлиқларига, Судьялар олий кенгаши котибига, Олий мактабнинг кафедра мудирига, кафедра профессорига, кафедра доцентига, Департамент директорининг ўринбосарига;
2-даражали адлия маслаҳатчиси — Конституциявий суднинг катта экспертларига, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг бошқарма бошлиқлари ўринбосарларига ва бўлим бошлиқларига, Конституциявий суд раисининг ёрдамчисига, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг маслаҳатчисига, Судьялар олий кенгашининг етакчи инспекторларига, биринчи бўлими мудирига, Олий мактабнинг бўлим бошлиқларига, кафедра ўқитувчиларига, Департаментнинг бўлимлари ва ҳудудий бўлимлари бошлиқларига;
3-даражали адлия маслаҳатчиси — Конституциявий суднинг экспертларига, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсати котибиятининг бошлиғига, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг бўлим бошлиқлари ўринбосарларига, бош ва катта консультантларига, Судьялар олий кенгашининг архив мудирига ва девонхона мудирига, Олий мактабнинг юрисконсультига, бош ва етакчи мутахассисларига, Департаментнинг бош мутахассисларига, кадрлар бўйича бош инспекторига ва юрисконсультига;
1-даражали юрист — Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят судлари ва Тошкент шаҳар судининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар маъмурий судларининг бўлим бошлиқларига, бош мутахассисларига, судья катта ёрдамчиларига, Олий мактабнинг девонхона мудирига ва архив мудирига;
2-даражали юрист — Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят судлари ва Тошкент шаҳар судининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар маъмурий судларининг катта мутахассисларига, девонхона мудирларига, судьялар малака ҳайъатлари котибларига, Департамент ҳудудий бўлимларининг бош мутахассисларига;
3-даражали юрист — туманлараро, туман, шаҳар судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг судья ёрдамчиларига, девонхона мудирларига берилади.
5-модда. 1, 2 ва 3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси мансаб даражалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.
1, 2 ва 3-даражали адлия маслаҳатчиси, шунингдек 1, 2 ва 3-даражали юрист мансаб даражалари:
Судьялар олий кенгаши ва Олий мактабнинг ходимларига — Судьялар олий кенгаши раиси томонидан;
Конституциявий суднинг девони ходимларига — Конституциявий суднинг раиси томонидан;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва қуйи турувчи судлар аппаратлари ходимларига, Департамент ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига — Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси томонидан берилади.
Конституциявий суднинг раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Судьялар олий кенгашининг раиси ушбу Низомнинг 4-моддасида назарда тутилмаган лавозимни штат жадвалида мавжуд муайян лавозимга тенглаштиришга ҳамда 1-даражали адлия маслаҳатчиси ва унгача бўлган мансаб даражасини беришга ҳақли.
6-модда. 1, 2, 3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси даражаларида бўлиш муддати белгиланмайди.
Ҳар бир мансаб даражасида бўлиш муддати ижобий аттестация мавжуд бўлган тақдирда 3, 2 ва 1-даражали адлия маслаҳатчилари учун — тўрт йилни, 3, 2, 1-даражали юристлар учун — икки ярим йилни ташкил этади.
7-модда. Ушбу Низомнинг 5-моддасига мувофиқ судлар, Судьялар олий кенгаши, Олий мактаб, Департамент ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига 1-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси мансаб даражасигача бўлган мансаб даражасини беришга — эгаллаб турган лавозими бўйича назарда тутилган даражадан қатъи назар, кетма-кетликда ва мансаб даражасида бўлиш муддатига риоя этмаган ҳолда йўл қўйилади.
8-модда. Судларга, Судьялар олий кенгашига, Олий мактабга, Департаментга ва унинг ҳудудий бўлимларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ва бошқа ташкилотлардан ишга ўтган ходимларга мансаб даражалари улар қайси лавозимга тайинланганлиги, билими ва иш тажрибаси, шунингдек илгариги иш ёки хизмат жойида берилган махсус унвонлари ва мансаб даражалари инобатга олинган ҳолда берилади.
9-модда. Конституциявий суд раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Судьялар олий кенгаши раиси:
1) олдинги мансаб даражасида бўлиш учун белгиланган хизмат муддати тугамасдан, ишда алоҳида ўрнак кўрсатганлиги ёки хизмат бурчини намунали бажарганлиги учун;
2) ходим юқори лавозимга кўтарилаётганда кетма-кетликка риоя этмаган ҳолда, лекин унинг ўз даражасидан икки мансаб даражасидан юқори бўлмаган;
3) аттестациядан биринчи марта ўтаётган ходимларга уларнинг лавозимлари бўйича белгиланганидан бир поғона паст мансаб даражаси беришга ҳақли.
10-модда. Иш стажи бўлмаган шахсларга улар лавозимга тайинланганидан кейин камида олти ой ўтгач мансаб даражаси берилади.
11-модда. Судлар аппарати, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий мактаб, Департамент ва унинг ҳудудий бўлимларининг бир мансаб даражасида белгиланган муддат хизмат қилган, лекин хизмат фаолиятида ёки хулқ-атворида жиддий камчиликлари бўлган ходимлари мансаб даражаси кўтарилмайди.
12-модда. Мансаб даражалари берилган ходимлар шу мансаб даражаларида умрбод бўлади ва фақат судларда, Судьялар олий кенгашида, Олий мактабда, Департаментда ва унинг ҳудудий бўлимларида ишлашга нолойиқ хатти-ҳаракатлари учун меҳнат шартномаси бекор қилинганда улардан маҳрум қилиниши мумкин.
13-модда. Хизмат бурчини қўпол равишда бузгани ёки хизмат вазифаларини муттасил лозим даражада бажармагани учун ходимнинг мансаб даражаси унга берилганидан иккидан ортиқ бўлмаган мансаб даражасига пасайтирилиши мумкин.
Мансаб даражасидан маҳрум қилиш ёки уни пасайтириш мансаб даражаси бериш ҳуқуқига эга бўлган тегишли мансабдор шахслар томонидан амалга оширилади.
14-модда. Судлар аппарати, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий мактаб, Департамент ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига мансаб даражалари бериш учун аттестация ўтказиш тартиби Конституциявий суд раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Судьялар олий кенгаши раиси томонидан уларнинг ваколати доирасида белгиланади.
15-модда. Мансаб даражаси бўлган судлар аппарати, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий мактаб, Департамент ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг лавозим маошларига устамалар қонунчиликда белгиланган миқдорларда белгиланади.
lex.uz’dagi asl matn«Sudlar to'g'risida»gi qonun
101-modda. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
(9-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 14 августдаги ЎРҚ-943-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2024 й., 03/24/943/0616-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.