«Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонун

41-modda. Тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи

(41-модда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 22 майдаги ЎРҚ-540-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.05.2019 й., 03/19/540/3167-сон)

Ўзбекистон Республикасида тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига олий ёки ўрта махсус тиббиёт ўқув юртини тамомлаганлик тўғрисида диплом олган шахслар эга бўладилар. Тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосаси асосида халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўладилар. Тиббиёт ва фармацевтика маълумоти тўғрисидаги дипломни хорижий давлатларда олган шахсларнинг тиббиёт ёки фармацевтика фаолияти билан шуғулланишига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда йўл қўйилади. Ўз касби бўйича уч йилдан кўп ишламаган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг тегишли фаолият билан шуғулланишига тегишли ўқув юртларида қайта тайёргарликдан ўтганларидан кейин ёки Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аттестация комиссиялари ўтказадиган аттестация асосида йўл қўйилади. Тиббиёт ёки фармацевтика соҳасида тугалланмаган олий маълумоти бўлган шахсларнинг тиббиёт соҳасида ўрта маълумоти бўлган ходимлар ишлайдиган лавозимларда тиббиёт ёки фармацевтика фаолияти билан шуғулланишига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда йўл қўйилади. Олий ва ўрта махсус тиббиёт ўқув юртлари талабаларининг фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатишда таълим дастурларига мувофиқ қатнашишига тиббиёт ходимлари назорати остида, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда йўл қўйилади. Ғайриқонуний равишда тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи шахслар қонунга мувофиқ жавобгар бўладилар.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.