Soliq kodeksi

90-modda. Солиқларни ўтказишга доир тўлов топшириқномаларининг банклар томонидан бажарилиши

(90-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 11 мартдаги ЎРҚ-758-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2022 й., 03/22/758/0207-сон)

Банклар солиқ тўловчининг пул маблағлари ҳисобидан солиқни бюджет тизимига ўтказишга доир тўлов топшириқномасини (бундан буён ушбу моддада солиқ тўловчининг топшириқномаси деб юритилади), шунингдек солиқ органининг солиқни бюджет тизимига ўтказишга доир инкассо топшириқномасини (бундан буён ушбу моддада солиқ органининг инкассо топшириқномаси деб юритилади) бажариши шарт. Солиқ тўловчининг топшириқномалари ва солиқ органининг инкассо топшириқномалари фуқаролик қонунчилигида белгиланган навбат бўйича бажарилиши лозим. Солиқ тўловчининг топшириқномаси ёки солиқ органининг инкассо топшириқномаси бундай топшириқнома олинган кундан кейинги бир операция куни ичида банк томонидан бажарилади. Солиқ тўловчининг ҳисобварағида пул маблағлари мавжуд бўлган ва тўлов ҳужжатида реквизитлари тўғри кўрсатилган тақдирда банк солиқ тўловчининг топшириқномасини ёки солиқ органининг инкассо топшириқномасини бажаришни кечиктиришга ҳақли эмас. Солиқ тўловчининг ҳисобварағида пул маблағларининг йўқлиги (етарли эмаслиги) сабабли солиқ органининг инкассо топшириқномасини белгиланган муддатда бажаришнинг имкони бўлмаганда, банк белгиланган муддат тугаганидан кейинги кундан кечиктирмай инкассо топшириқномасини юборган солиқ органига унинг топшириқномаси бажарилмаганлиги (қисман бажарилганлиги) тўғрисида хабар қилиши шарт. Солиқ тўловчининг топшириқномаси ёки солиқ органининг инкассо топшириқномаси бажарилмаганлиги (қисман бажарилганлиги) тўғрисидаги банк хабарномасининг шакли ва уни электрон шаклда узатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Ушбу моддада назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун банклар ушбу Кодексда белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Жавобгарлик чораларининг қўлланилиши банкни солиқ тўловчининг топшириқномасини ёки солиқ органининг инкассо топшириқномасини бажариш мажбуриятидан озод этмайди. Банклар солиқ тўловчиларнинг топшириқномаларини ва солиқ органларининг инкассо топшириқномаларини кўрсатилган операциялар бўйича хизмат кўрсатилганлиги учун ҳақ ундирмасдан бажаради. Солиқ тўловчиларга ёки солиқ агентларига ортиқча тўланган (ундирилган) солиқлар, пенялар ва жарималар суммаларини қайтариш бўйича банклар томонидан топшириқномалар бажарилганда кўрсатилган операциялар бўйича хизмат кўрсатилганлиги учун ҳам ҳақ ундирилмайди.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.