2020 йил 1 октябргача бўлган давр учун фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларни кечиктириш имконияти берилган даврда ҳисобланган ва кечиктирилган фоизлар суммаси жами даромад таркибига киритилмайди.
2020 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда:
1) туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар, «Uzbekistan Airways» акциядорлик жамияти ва унинг таркибий бўлинмалари, «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти ва унинг таркибига кирувчи масъулияти чекланган жамиятлар шаклидаги халқаро аэропортлар, шунингдек «Ўзаэронавигация маркази» давлат унитар корхонаси:
юридик шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилинади;
ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди;
2) товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига бир миллиард сўмдан ошмайдиган, электрон ҳисоб-фактураларни қўлловчи қўшилган қиймат солиғи солиқ тўловчилари қўшилган қиймат солиғини ҳар чораклик асосда, ушбу Кодекснинг 37-бобида белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқаришга ва тўлашга ҳақли;
3) фойда солиғини ҳамда айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқаришда жами даромад таркибига ушбу Кодекс 299-моддасининг тўртинчи қисмида кўрсатилган даромадлар киритилмайди;
4) қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ва ижтимоий солиқни ҳисоблашни ҳамда тўлашни ушбу Кодекснинг 408-моддасида кўрсатилган, карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини мажбурий тарзда тўхтатиб турган солиқ тўловчиларга нисбатан тўхтатиб туриш фаолиятни амалга ошириш жойидаги солиқ органларига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон ҳужжат тарзида юбориладиган фаолиятнинг вақтинчалик тўхтатиб турилиши тўғрисидаги билдириш асосида амалга оширилади.
Солиқ тўловчи фаолияти тикланган тақдирда фаолиятни амалга ошириш бошлангунига қадар бу ҳақида фаолиятни амалга ошириш жойидаги солиқ органларини шунга ўхшаш тартибда хабардор қилиши шарт;
5) коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тиббиёт ва карантин объектларини қуриш ҳамда уларнинг фаолият кўрсатиши учун зарур бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган қурилиш материаллари ва бошқа товарлар қўшилган қиймат солиғини ва акциз солиғини тўлашдан озод этилади;
6) ушбу Кодекс 415-моддасининг учинчи қисмида, 422-моддасининг олтинчи қисмида, 429-моддасининг ўн учинчи қисмида ва 437-моддасининг олтинчи қисмида назарда тутилган, шу жумладан 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланган объектларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича оширилган солиқ ставкалари, шунингдек улар бўйича пеня ҳисоблаш ва қарздорликни мажбурий ундириш чоралари қўлланмайди.
2021 йил 1 майдан 2022 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш;
ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма.
2022 йил 1 январга қадар бўлган даврда 2020 йил 31 декабрдаги ҳолатга кўра солиқ қарзини мажбурий равишда ундириш, шунингдек қуйидагилар бўйича пеня ҳисоблаш чоралари кўрилмайди:
фаолиятни туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳасида амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича;
2020 йилда ҳисобланган ва вақтинча қийинчиликлар муносабати билан юридик шахслар томонидан тўланмаган юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича;
2020 йил 15 майдаги ҳолатга кўра қарздорлиги мавжуд бўлган микрофирмалар ва кичик корхоналарга солиқлар, пенялар ва солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича.
2021 йил 31 декабргача бўлган давр учун туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари:
фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди;
ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди;
юридик шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилинади.
Қуйидагилар мол-мулк солиғини, ер солиғини, айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан, якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилинади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бир шаҳари ва тумани учун «ўсиш нуқтаси» деб белгиланган фаолият турларини амалга ошираётган янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари — 2024 йил 1 январга қадар бўлган муддатга;
Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида жойлашган, янгидан ташкил этилган саноат соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари — 2024 йил 1 январга қадар бўлган муддатга. Солиқ тўловчиларнинг мазкур тоифаси фойда солиғини ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни белгиланган солиқ ставкасидан 50 фоиз пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан аниқланган рўйхат бўйича Қорақалпоғистон Республикасида хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган ва оғир шароитлардаги 45 та маҳалла ва овулларда жойлашган, янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари — 2026 йил 1 январга қадар бўлган муддатга. Тадбиркорлик субъектларининг мазкур тоифаси фойда солиғидан ҳам озод қилинади.
2024 йил 1 сентябрдан 2027 йил 1 сентябрга қадар бўлган даврда:
«Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари учун белгиланган солиқ имтиёзлари заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ва «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасининг аъзолари бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ҳам татбиқ этилади;
заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ва «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасининг аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган кўчмас мулк объектлари ҳамда ер участкалари мол-мулк солиғидан ва ер солиғидан озод этилади.
Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган илмий-лаборатория асбоб-ускунаси, реагентлар ва сарфлаш материаллари 2024 йил 1 январга қадар бўлган давр учун қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилади.
2021 йилнинг 10 октябридан 2022 йил 30 апрелга қадар бўлган даврда товуқ гўштини, музлатилган балиқни ва тирик паррандани, 2021 йил 10 октябрдан 2022 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда эса гўштни (мол гўштини, қўй гўштини), тирик ҳайвонларни (молни ва қўйни) ҳамда уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
2021 йил 1 сентябрдан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда умумий овқатланиш корхоналари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод этилади.
Республика туманларида (бундан Тошкент шаҳри мустасно) фаолиятни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида қўлланилади.
Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Қизириқ, Музработ, Шеробод туманларида, тоғли ҳудудларида ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида давлат рўйхатидан ўтиб, янгидан ташкил этилган ва ушбу туманларда (ҳудудларда) ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари (бундан кластерлар мустасно) юридик шахслардан олинадиган ер солиғини, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, айланмадан олинадиган солиқни, якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммасини тўлашдан 2024 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилинади.
Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудларида ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида давлат рўйхатидан ўтиб, янгидан ташкил этилган ва ушбу ҳудудларда ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари (бундан кластерлар мустасно) 2021 йил 10 сентябрдан 2024 йил 1 январга қадар бўлган даврда фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди.
Ушбу модданинг ўн иккинчи ва ўн учинчи қисмларида кўрсатилган тоғли ҳудудларнинг ҳамда ер майдонлари шўрланган ҳудудларнинг рўйхати халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ҳамда паррандачилик хўжаликлари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан 2020 йил 1 майдан 2022 йил 1 ноябрга қадар озод қилинади. Бунда зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик ҳўжаликларининг рўйхати халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан тасдиқланади.
2022 йил 1 январдан 2031 йил 1 январга қадар бўлган даврда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари:
фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни, ижтимоий солиқни ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича тўлайди;
юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича тўлайди.
Бўялган матони, бўялган газламани ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотини экспорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари (шу жумладан комиссионер (ишончли вакил) орқали экспорт қилган тадбиркорлик субъектлари) 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.
Ушбу модданинг ўн еттинчи қисмида назарда тутилган имтиёз бўялган мато, бўялган газлама ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотини экспорт қилишдан олинган тушуми барча товарларни ва хизматларни реализация қилишдан олинган тушумининг камида 80 фоизини ташкил этадиган солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади.
Махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари томонидан фойда солиғи бўйича имтиёзларнинг 2020 йил 1 январдан кейин фойдаланилмай қолган қисми 2020 йил 1 октябрга қадар махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларининг реестрига киритилган иштирокчиларга нисбатан улар томонидан киритилган, 2020 йил 1 январга қадар амалда бўлган қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган инвестицияларнинг ҳажмига қараб, мазкур иштирокчилар реестрга киритилган пайтдан эътиборан 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга тўлиқ қўлланилади. Ушбу қисмнинг қоидалари ушбу Кодекс 473-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган фойда солиғи бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддатига нисбатан татбиқ этилмайди.
Ўттиз ёшдан ошмаган ходимларни ишга қабул қилган чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), автотранспорт воситасида йўловчи ва юк ташиш, автотранспорт воситаларини таъмирлаш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматларини, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматлари кўрсатувчи, шунингдек кўнгилочар марказларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари — 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда уларга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.
Ушбу модданинг йигирманчи қисмида назарда тутилган имтиёз қуйидаги барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилади:
ҳар ойда ходимларга ўртача иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки ярим бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда;
белгиланган фаолият турларини амалга оширишдан олинган даромадлар жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этганда. Шунингдек ходимлар сонини яшириш фактлари аниқланган тақдирда мазкур имтиёзнинг амал қилиши бекор қилинади.
Маҳаллалараро савдо-хизмат кўрсатиш кўчалари бўйлаб жойлашган, уй-жой учун мўлжалланган кўчмас мулк объектлари ушбу модданинг йигирманчи қисмида белгиланган хизматлар турларини кўрсатиш учун яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк тоифасига ўтказилган тақдирда, 2024 йил 1 январга қадар жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғини ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини уй-жойга мўлжалланган кўчмас мулк объектлари, шунингдек ушбу объектлар эгаллаган ер участкалари учун белгиланган солиқ ставкалари бўйича тўлайди.
Маҳаллалараро савдо-хизмат кўрсатиш кўчаларининг рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.
Тадбиркорлик субъектлари 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январга қадар бўлган даврда майдони беш минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари ва меҳмонхона (жойлаштириш воситалари), шу жумладан, улар эгаллаган ер участкалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:
юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициентни қўллашга. Бунда 2027 йил 1 январга қадар янгидан қурилган ушбу кўчмас мулк объектларига ва ушбу объектлар эгаллаган ер участкаларига нисбатан мазкур имтиёз улар фойдаланишга топширилган ойдан эътиборан беш йил мобайнида қўлланилади;
фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш чоғида икки йил давомида мазкур биноларнинг қийматини амортизация тарзида чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритишга.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида кўрсатилган туманлар ва шаҳарларнинг белгиланган туризм зоналарида рўйхатдан ўтказилган ҳамда мазкур ҳудудларда умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, кўнгилочар, туроператорлик ва турагент хизматларини кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари — 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда:
айланмадан олинадиган солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди;
ушбу ҳудудларда жойлашган объектларга, шунингдек мазкур объектлар эгаллаган ер участкаларига нисбатан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида тўлайди.
Туманлар ва шаҳарлар туризм зоналари чегаралари Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳудудий бош бошқармаларининг хулосаларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан белгиланади.
2022 йил 1 апрелдан 2028 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда:
Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний шахсларнинг (акциядорларнинг) акциялар бўйича дивидендлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади;
Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахсларнинг (акциядорларнинг) акциялари бўйича дивидендлар тарзидаги даромадларига фойда солиғи бўйича 5 фоиз миқдорида солиқ ставкаси қўлланилади;
Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича фоизлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ҳамда фойда солиғидан озод этилади.
Тадбиркорлик субъектларининг миллий мусиқа чолғу асбобларини ишлаб чиқаришдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этса, айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқ 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўланади.
Хўжаликларда балиқ етиштиришни кооперация асосида йўлга қўйган солиқ тўловчилар 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда барча солиқларни (бундан қўшилган қиймат солиғи ва ижтимоий солиқ мустасно) тўлашдан озод этилади.
Ушбу модданинг йигирма тўққизинчи қисмида назарда тутилган имтиёз жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг умумий ҳажмида балиқ етиштириш фаолиятидан олинган даромадининг улуши 90 фоиздан ортиқни ташкил этган солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади.
Чарм, мўйна хом ашёсини ва жунни тайёрлаш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш, қорамолни автоматлаштирилган тарзда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда ушбу фаолияти бўйича фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод этилади.
Ушбу модданинг ўттиз биринчи қисмида белгиланган солиқ имтиёзлари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилади:
чорва молларни сўйишга ихтисослаштирилган, замонавий автоматлаштирилган комплекслар билан жиҳозланган солиқ тўловчиларга;
ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг умумий ҳажмида чарм, мўйна, қоракўл хом ашёсини ва жунни йиғиш ҳамда тайёрлаш, уларни қайта ишлаш (фойдаланиш) учун кейинчалик сотиш фаолиятидан олинган даромадининг улуши 80 фоиздан кам бўлмаган солиқ тўловчиларга;
ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг умумий ҳажмида чарм, мўйна, қоракўл хом ашёсини ва жунни қайта ишлаш, шунингдек бутловчи буюмларни, фурнитура, аксессуарлар, пойабзал қолиплари, пойабзал тагликлари, устки қисмлари, желатин, сунъий чарм, пойабзал, чарм-атторлик, мўйначилик, қоракўл маҳсулотини ва жундан ишланган буюмларни ишлаб чиқаришдан олинган даромадининг улуши 60 фоиздан кам бўлмаган солиқ тўловчиларга.
Чорва молларни сўйиш бўйича замонавий автоматлаштирилган комплексларга эга бўлган, шунингдек терини қайта ишловчи ва чармдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи солиқ тўловчилар юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод этилади.
Ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг умумий ҳажми қуйидаги талабларга жавоб берса, солиқ тўловчилар ижтимоий солиқни 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди:
болалар, аёллар ва спорт пойабзалларини, сунъий (эко) чарм, фурнитура, пойабзал қолиплари ҳамда тагликларини реализация қилишдан олинадиган даромадларининг улуши камида 60 фоизни ташкил этса;
пойабзалларни, чарм-атторлик маҳсулотларини ва мўйнадан тайёрланган буюмларни экспорт қилишдан олинадиган даромадларининг улуши камида 80 фоизни ташкил этса.
Белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича тиббиёт асбоб-ускуналари ва буюмларининг эҳтиёт қисмларини ҳамда тиббиёт мақсадлари учун сарфлов материалларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
Меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларнинг реестрига киритилган ҳудудларда ходимларининг умумий сони 10 нафардан кам бўлмаган ҳамда у ерда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи хотин-қизлар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизидан кам бўлмаган кичик тадбиркорлик субъектлари ўзида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи хотин-қизларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан олинадиган ижтимоий солиқни 2022 йил 1 сентябрдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.
Чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлаш фаолиятидан олган даромадлари ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 90 фоизини ташкил этган солиқ тўловчилар 2023 йил 1 январдан эътиборан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда мазкур фаолият тури бўйича фойда солиғини (бундан фоизлар тарзидаги даромадлар мустасно) ва ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.
Бюджет ташкилотлари товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича барча турдаги солиқларни тўлашдан 2027 йил 1 январга қадар озод қилинади, бундан ижтимоий солиқ мустасно.
Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида жойлашган ҳамда мазкур ҳудудда фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари (бундан йирик солиқ тўловчилар, доимий муассасалар, бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорида ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорида ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли юридик шахслар мустасно) 2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда:
фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди;
ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича, якка тартибдаги тадбиркорлар эса йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлайди.
Агар солиқ тўловчи ушбу модданинг ўттиз тўққизинчи қисмида назарда тутилган солиқ имтиёзлари билан бир қаторда бир вақтнинг ўзида бошқа асослар бўйича солиқ имтиёзларига доир ҳуқуққа эга бўлса, бундай солиқ тўловчи ўз ихтиёрига қўра энг қулай солиқ имтиёзини танлашга ҳақли.
2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, «Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси» жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ва профессионал футбол клублари:
барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно);
ўзи жалб қилган чет эл мутахассислари ва футболчиларининг даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини;
белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва инвентари, трансляция қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, инвентарь ва техника, фармакология товарлари, спорт озиқ-овқатлари, футбол (футзал) майдонлари учун сунъий ўтлар, шокпад, гранулалар, махсус елимлар ва махсус профессионал спорт кийим-бошлари, транспорт воситалари, шу жумладан махсус транспорт воситалари учун қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилади.
Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури»да иштирок этадиган тижорат банкларининг лойиҳалар учун ажратилган банк кредитлари бўйича олинган фоизлар тарзидаги даромадлари фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадларида 2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда чегириладиган харажатлар сифатида эътироф этилади.
«Изланиш ва ривожланиш» марказлари 2024 йил 1 январдан 2027 йил 1 январга қадар бўлган даврда мазкур марказларнинг объектлари ва улар эгаллаган ер участкалари бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида, шунингдек ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.
Қимматбаҳо, рангли ва (ёки) радиоактив металларни, нодир элементларни ҳамда нодир ер элементларини қазиб олувчи ва (ёки) уларни техноген минерал ҳосилалардан (бундан буён матнда металлар деб юритилади) ажратиб олувчи, шунингдек углеводород хом ашёсини қазиб олувчи юридик шахсларга нисбатан ушбу Кодекснинг XVIII¹ бўлимида назарда тутилган қоидалар 2024 йил 1 январдан 2025 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда татбиқ этилмайди. Мазкур қоида қазиб олиш 2024 йил 1 январдан 2025 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда бошланган ер қаъри участкасига нисбатан қўлланилади ва металларни ёки углеводород хом ашёсини қазиб олиш (ажратиб олиш) бўйича фаолиятни амалга оширишнинг бутун даври учун татбиқ этилади.
Бюджет ташкилотлари томонидан халқаро молия институтларидан ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган ҳамда жалб қилинадиган давлат ташқи қарзи ҳисобидан тўлиқ ёки қисман амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида, шунингдек давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорида ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар томонидан инфратузилма лойиҳалари (электр, газ ва иссиқлик таъминотига, сув таъминоти ва канализацияга, сув хўжалигига, йўл-транспорт инфратузилмасига, алоқа ва телекоммуникацияларга, агрологистикага, санитария жиҳатдан тозалашга, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришга доир лойиҳалар) учун халқаро молия институтларидан ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган ҳамда жалб қилинадиган давлат ташқи қарзи (бундан Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари мустасно), техник ёрдам кўрсатиш (грантлар) ҳисобидан тўлиқ ёки қисман амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида сотиб олинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан 2028 йил 1 январга қадар озод қилинади. Бунда мазкур имтиёз лойиҳа иштирокчиларига нисбатан ҳам қўлланилади.
«20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилган тадбиркорлик субъектлари юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини 2025 йил 1 январга қадар қуйидаги миқдорда пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди:
51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда — белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи;
101 дан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда — белгиланган солиқ ставкасининг 75 фоизи;
200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилганда — ушбу солиқларни тўлашдан озод этилади.
Ушбу модданинг қирқ олтинчи қисмида назарда тутилган имтиёзлар «ҳамкорлик шартномалари»га асосан «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларига (бундан Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари мустасно) улар бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда берилади:
«Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестри»га киритилган фуқаролар ишга қабул қилинганда ва камида бир йил давомида уларга ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақи тўланган ҳолда, уларнинг бандлиги таъминланганда;
ушбу фуқаролар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда.
«Ҳамкорлик шартномалари» бўйича мажбуриятлар тадбиркорлик субъектлари томонидан бажарилмаган тақдирда, ушбу модданинг қирқ олтинчи қисмида назарда тутилган солиқ имтиёзларининг амал қилиши солиқ имтиёзларини қўллашнинг бутун даври учун бекор қилиниб, ушбу солиқларни тўлашга доир мажбуриятлар тикланади.
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган қимматбаҳо тошларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан 2024 йил 1 январдан 2027 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилинади.
Касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари даврда ташкил этиладиган дам олиш уйларининг ва дам олиш зоналарининг мазкур йўналишдаги хизматларни кўрсатишдан олган фойдаси 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда фойда солиғидан озод қилинади.
2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда:
жисмоний шахсларнинг уй шароитида тирик пилла етиштириш фаолиятидан (касаначиликдан) олинган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади;
пилла етиштирувчи юридик шахсларнинг уй шароитида тирик пилла етиштирувчи касаначилар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлари, бўшаган маблағларни касаначиларни моддий рағбатлантиришга йўналтириш шарти билан ижтимоий солиқдан озод қилинади;
пилла етиштириш соҳасида озуқа базаси сифатида фойдаланиладиган тутзорлар билан банд бўлган ер участкалари учун ер солиғи халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари белгилаган солиқ ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициент қўлланилган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
2025 йил 1 январдан 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда икки йил давомида тенг улушларда тадбиркорлик субъектлари фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш чоғида ўз маблағлари ҳисобидан нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари биноларини қуриш билан боғлиқ бўлган харажатларини мазкур биноларнинг қийматини амортизация тарзида чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритишга ҳақли.
Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандларини бепул асосда ўқишга қабул қилиш бўйича лицензия талаблари бажарилмаган тақдирда, ушбу модданинг эллик иккинчи қисмида назарда тутилган амортизация чегирмалари ушбу Кодекснинг 306-моддасида назарда тутилган амортизация нормаларини қўллаш ҳисобидан бекор қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланадиган рўйхат бўйича протез мосламаларини ва уларнинг бутловчи, эҳтиёт қисмларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғини тўлашдан 2027 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилинади.
Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган вагонлар (контейнерлар) операторларининг темир йўл транспортида ташиш жараёнида вагонларни (контейнерларни) ижара шартномаси асосида фойдаланишга бериш юзасидан хизматлар кўрсатиш бўйича айланмаси қўшилган қиймат солиғидан 2024 йил 1 ноябрдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод этилади.
Нашриёт-матбаа фаолиятидан олинган даромадлари ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 90 фоизини ташкил этган солиқ тўловчилар мазкур фаолият тури бўйича фойда солиғини тўлашдан (бундан фоизлар тарзидаги даромадлар мустасно) 2025 йил 1 январдан 2029 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод этилади.
Меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда, камбағал оила аъзоларини ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектлари камбағал оила аъзолари бўлган ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашга доир харажатлари бўйича ижтимоий солиқни 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.
2024 йил 1 сентябрдан 2027 йил 1 сентябрга қадар:
касбга ўргатиш учун мактаблар, коллежлар ва техникумлар ўқувчиларини (ўттиз ёшдан ошмаган) ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектлари уларга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди;
мактаблар, коллежлар ва техникумлар ўқувчилари касб ўрганиш жараёнида тадбиркорлик субъектларидан олинган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.
Магистраль автомобиль йўллари бўйида кўчма савдо объектларини ташкил этган ёшлар (ўттиз ёшдан ошмаган шахслар) фаолиятни амалга ошириш бошланган санадан эътиборан дастлабки олти ой давомида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича солиқларни тўлашдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар (бундан Ўзбекистон Республикаси билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузган давлатларнинг солиқ резидентлари мустасно) экспорт хизматлари ҳажми календарь йил давомида 10 миллион АҚШ долларидан ошган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентларига ахборот технологиялари соҳасидаги хизматларни кўрсатишдан олган (шу жумладан роялти тўланадиган) даромадлари қисмида фойда солиғини тўлашдан 2025 йил 1 февралдан 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилинади.
Жами даромади таркибида экспорт ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентлари таъсисчиларининг (иштирокчиларининг) — Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг дивидендлар тарзидаги даромадларига нисбатан 2025 йил 1 февралдан 2040 йил 1 январга қадар бўлган даврда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда фойда солиғи Ўзбекистон Республикасининг резидентлари учун белгиланган ставкалар бўйича ҳисобланади.
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентлари барча турдаги солиқларни (бундан қўшилган қиймат солиғи мустасно) тўлашдан 2028 йил 1 январдан 2040 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилинади.
Ушбу модданинг олтмиш иккинчи қисмида белгиланган солиқ имтиёзлари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилади:
календарь йил давомида жами даромади таркибида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентлари томонидан амалга оширилиши учун рухсат этилган фаолият турлари бўйича экспорти ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахсларга;
ўн саккиз ёшдан ошган битирувчиларининг 50 фоизи календарь йил давомида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентлари бўлган экспортчи корхоналарга ишга жойлашган IТ-таълим хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларга.
Нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари, шунингдек уч ёшдан ўн саккиз ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно) тўлашдан 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилинади.
Ушбу модданинг олтмиш тўртинчи қисмида назарда тутилган имтиёзлар натижасида бўшайдиган маблағлардан нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини замонавий ўқув қўлланмалари билан жиҳозлаш, зарур товарлар ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш, бинолар ва иншоотларни реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш, шунингдек аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул таълим хизматларини кўрсатиш учун мақсадли тарзда фойдаланилади.
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини жиҳозлаш ҳамда уларнинг фаолиятини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, замонавий ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-услубий адабиётлар, анжомлар ва моддий-техника ресурслари қўшилган қиймат солиғидан 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилинади.
Нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи чет эл ўқитувчилари ва мутахассислари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилинади.
Чет эл ўқитувчилари ва мутахассисларини ишга қабул қилган нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари чет эл ўқитувчилари ва мутахассислари бўлган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга доир харажатлари бўйича ижтимоий солиқни тўлашдан 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилинади.
Рақамли маркировкали маҳсулотларнинг чакана савдосини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаларини тадбиркорлик субъектлари учун маркировкани ўқиш қурилмаларини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, бироқ битта қурилма учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт бараваридан кўп бўлмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи 2027 йил 1 январга қадар бўлган давр учун берилади.
Паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини (бундан экин майдонлари мустасно) тўлашдан 2030 йил 1 январга қадар озод этилади.
Ушбу модданинг етмишинчи қисмида белгиланган солиқ имтиёзлари паррандачилик маҳсулотларини реализация қилишни амалга оширмаган тадбиркорлик субъектларига ва (ёки) белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳлари:
бинолар ва иншоотларни, ер участкаларини ижарага беришдан олинган даромадлари бўйича — фойда солиғини;
ижарага берилган объектлар ва улар эгаллаган ер участкалари бўйича — юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан 2027 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод этилади.
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов ва Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманларида ташкил этилган чарм-пойабзал саноат зоналарини бошқариш дирекциялари ҳамда ушбу саноат зоналарида ташкил этилган корхоналар юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлашдан 2025 йил 1 январдан эътиборан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод этилади.
2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноати йўналишларида ишлаб чиқариш фаолиятини юритаётган тадбиркорлик субъектлари фойда солиғини 2 фоиз ва ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкалари бўйича тўлайди.
Ушбу модданинг етмиш тўртинчи қисмида белгиланган солиқ имтиёзлари қуйидаги барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилади:
ҳар ойда ходимларга ўртача иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда;
ҳисобот даврида тўқув (трикотаж мато, ип-газлама ва пайпоқ маҳсулотлари), тикув-трикотаж, пойабзал ёки чарм-атторлик маҳсулотларини реализация қилишдан тушган ҳамда шартномага мувофиқ қайта ишлаш шарти билан берилган хом ашёни қайта ишлаш юзасидан кўрсатилган хизматлар бўйича олинган даромаднинг умумий тушуми жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромаднинг камида 70 фоизини ташкил этганда.
Ушбу модданинг етмиш бешинчи қисмида назарда тутилган шартлар тегишли чоракнинг ҳар бир ойида бажарилган тақдирда, солиқ имтиёзлари ушбу чорак учун қўлланилади.
Ушбу модданинг етмиш бешинчи қисмида назарда тутилган барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлик субъектлари солиқ органлари томонидан инсон омилисиз автоматик тарзда ҳисобот чораги якунлари бўйича кейинги ойнинг 25-санасига қадар аниқланади.
Ушбу модданинг етмиш тўртинчи қисмида белгиланган солиқ имтиёзларидан тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланилганидан кейин солиқ ҳисоботларини қайта тақдим этиш орқали белгиланган шартларга риоя этмаганлик ҳолати аниқланганда солиқ имтиёзи бекор қилиниб, солиқлар пеня ҳисобланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади ва бюджетга ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича ташаббускорлар янги боғларни барпо этишда хорижий давлатлардан (қўшни давлатлардан ташқари) пайвандтагли мевали кўчатларни ва пайвандтагларни, пайвандустларини, оналик материалларини ва техника воситаларини олиб киришда қўшилган қиймат солиғидан 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод этилади.
Ушбу Кодекс 289³-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида белгиланган полиэтилен гранулаларни фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар акциз солиғидан озод қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари бўлган юридик шахсларнинг ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари ҳамда улар қошидаги махсус ваколатли ташкилотлар томонидан эмиссия қилинган облигациялар бўйича даромадлари 2030 йил 1 январга қадар фойда солиғидан озод қилинади.
Ушбу модданинг саксон биринчи қисмида назарда тутилган имтиёз мазкур облигациялар муомалада бўлган даврда ҳисобланган фоизлар тарзидаги даромадларга нисбатан татбиқ этилади.
2025 йил 1 майдан бошлаб «Янги Ўзбекистон» массивларини барпо этиш доирасида аукцион савдоларида ер участкасини кўп квартирали уй-жой қуриш учун ижарага олган юридик шахслар ер участкаси ижарага олинган пайтдан эътиборан ушбу ер участкаси бўйича ер солиғини тўлашдан 12 ой давомида озод қилинади. Бунда, агар кўп квартирали уй-жой белгиланган муддатда қурилиб, фойдаланишга топширилмаса, имтиёздан фойдаланилган давр учун ер солиғи 2 баравар миқдорда ундирилади.
Янги ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги ва доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш кооперативлари учун ижтимоий солиқ ҳамда уларга ишга қабул қилинган ходимлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўланади.
Креатив индустрия паркининг резидентлари 2025 йил 1 майдан 2031 йил 1 январга қадар:
ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳамда ижтимоий солиқни белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди;
товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади миқдоридан қатъи назар, айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар ҳисобланади.
Мева-сабзавот маҳсулотларини замонавий қадоқларда реализация қилувчи қуйидаги барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлик субъектлари 2025 йил 1 майдан 2028 йил 1 январга қадар фойда солиғини ва ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкалари бўйича тўлайди:
ҳар ойда ҳар бир ходимга иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда;
ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг умумий ҳажмида замонавий қадоқланган мева-сабзавот маҳсулотларини реализация қилишдан олинган даромад улуши 50 фоиздан кам бўлмаган солиқ тўловчиларга. Бунда мазкур даромадлар улуши тегишли ваколатли давлат органининг фитосанитария сертификати ва божхона юк декларацияси асосида аниқланади.
2025 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда:
болалар учун мўлжалланган контентлар яратишдан олган даромади жами йиллик даромадининг камида 80 фоизини ташкил этган юридик шахслар, шунингдек Болалар контентини ривожлантириш маркази шундай контентларни реализация қилишдан олган даромадлари бўйича фойда солиғини тўлашдан озод қилинади ва ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди;
юридик шахсларга болалар учун мўлжалланган контентлар яратиш билан боғлиқ бўлган харажатларини фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташлаш ҳуқуқи берилади.
Пахта-тўқимачилик кластерлари, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари 2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 сентябрга қадар бўлган даврда ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.
Ушбу Кодекс 289³-модда биринчи қисмининг 2-бандида назарда тутилган полиэтилен гранулалари Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва белгиланган тартибда аниқ техник параметрлар асосида шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кирилганда, 2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январга қадар акциз солиғидан озод қилинади.
Илк марта айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтган тадбиркорлик субъектларига бюджетга тўланадиган қўшилган қиймат солиғи ёки мол-мулк солиғи суммасини 2026 йил 1 январдан 2030 йил 1 январга қадар олти ой давомида бухгалтерия ҳисобини юритиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, бироқ ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3,5 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи берилади.
Ушбу модданинг тўқсонинчи қисмида белгиланган тартиб тадбиркорлик субъекти бухгалтерияни ташкил этиш учун бухгалтер билан тузилган меҳнат шартномаси ёки бухгалтерия хизматлари кўрсатиш бўйича аутсорсинг шартномаси асосида қўлланилади, бундан тадбиркорлик субъектининг раҳбари бухгалтерия ҳисобини юритиш вазифасини ўз зиммасига олган ҳоллар мустасно.
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар 2028 йил 1 январга қадар қўшилган қиймат солиғи базасини заргарлик буюмларини ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш нархи ҳамда уларнинг таркибидаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар нархи ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиққан ҳолда аниқлайди.
Ушбу Кодекс 246-моддасининг 6-бандига мувофиқ олиб кирилган, мебель саноатида фойдаланиладиган технологик асбоб-ускуналар дистрибьюторлар томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга реализация қилинган тақдирда, 2030 йил 1 январга қадар қўшилган қиймат солиғи базаси мазкур асбоб-ускуналарни сотиб олиш нархи ва реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
2028 йил 1 январгача бўлган даврда:
автотранспорт воситаларини электр энергияси билан қувватлантириш станциялари, шунингдек бундай объектлар билан банд бўлган ер участкалари учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ушбу солиқлардан ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида тўланади;
солиқ тўловчилар автотранспорт воситаларини электр энергияси билан қувватлантириш бўйича хизматлар кўрсатишдан олган даромадлар ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 50 фоизини ташкил этган тақдирда, улар шундай хизматлар кўрсатишдан олинган даромад бўйича фойда солиғини тўлашдан озод этилади;
автотранспорт воситаларини электр энергияси билан қувватлантириш бўйича хизматлар кўрсатишдан олинган даромад айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасидан чегириб ташланади.
Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармасининг дивидендлар тарзидаги даромадлари 2030 йил 1 январга қадар фойда солиғидан озод қилинади.
Миллий фильм ва сериаллар ишлаб чиқариб, уларни реализация қилишдан олинган даромади жами йиллик даромадининг камида 80 фоизини ташкил этган юридик шахслар шундай миллий фильм ва сериалларни реализация қилишдан олган даромадлари бўйича 2026 йил 1 январдан 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда фойда солиғини тўлашдан озод қилинади ва ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.
Ўз эҳтиёжи учун гипс хомашёсини қазиб чиқарувчи ва ундан тайёр қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга нисбатан гипс хомашёсини қазиб олганлик учун белгиланган ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2026 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар 50 фоиз миқдорда қўлланилади.
Иссиқхона фаолиятидан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 60 фоизини ташкил этган иссиқхона хўжаликлари ижтимоий солиқни 2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январга қадар бўлган даврда 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.
Ишчиларининг ўртача иш ҳақи миқдори ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган маҳаллий саноат корхоналарининг ишчиларни ташиш ва овқатлантириш билан боғлиқ харажатларидан ҳар бир ходим учун бир ойда бир базавий ҳисоблаш миқдоригача бўлган қисми 2026 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар ижтимоий солиқ базасидан камайтирилади.
Ушбу модданинг тўқсон тўққизинчи қисмида белгиланган солиқ имтиёзи қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилади:
ипакчилик, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, электротехника, фармацевтика, мебелчилик, кимё, парфюмерия, косметика, автомобиль, металлургия саноати корхоналарига;
ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотини реализация қилишдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича олган жами даромадининг 60 фоизидан кўп бўлган солиқ тўловчиларга.
2028 йил 1 январга қадар:
иссиқхона хўжаликлари томонидан кредит мажбуриятлари бажарилмаганлиги сабабли тижорат банклари балансига ўтган иссиқхоналар ва улар билан боғлиқ гаров таъминотида бўлган кўчмас мулк объектларини тижорат банклари томонидан реализация қилиш бўйича айланмалар қўшилган қиймат солиғини тўлашдан;
тижорат банклари иссиқхона хўжаликларининг кредит мажбуриятлари бажарилмаганлиги сабабли ўз балансига қабул қилган иссиқхоналар ва улар билан боғлиқ бўлган гаров таъминотидаги кўчмас мулк объектлари бўйича ер солиғини тўлашдан озод этилади.
2026 йил 1 январдан 2031 йил 1 январга қадар бўлган даврда ўрта ва паст орбитали йўлдош алоқа тармоқларини Ўзбекистон ҳудудида марказий ер станцияси орқали ташкил этиш билан боғлиқ бўлган лойиҳалар доирасида:
қурилмаларни, дастурий маҳсулотларни, эҳтиёт қисмларини ва бутловчи қисмларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан;
йўлдош алоқа тизими орқали кўрсатилган йўлдош алоқа тармоқлари операторларининг хизматлар кўрсатиш бўйича айланмаси қўшилган қиймат солиғидан;
марказий ер станциялари, терминаллар ва йўлдош алоқа инфратузилмасининг бошқа актив қурилмалари жойлаштирилган телекоммуникация иншоотлари ва уларнинг ер майдонлари юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан;
йўлдош алоқа тармоқлари операторларининг яратилган йўлдош алоқа тизими орқали хизматлар кўрсатишдан олинган фойдаси фойда солиғидан озод этилади.
Ушбу Кодекс 437-моддасининг ўнинчи қисмида назарда тутилган қоидалар 2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнга қадар бўлган даврда жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
2026 йил 1 январдан 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Креатив индустрия парки резидентлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларга жалб қилинган чет эл контрагентлари қўшилган қиймат солиғини, тўлов манбаида фойда солиғини ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинади. Бунда ушбу имтиёз чет эл контрагентлари креатив индустрия соҳасига бевосита боғлиқ бўлган ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш учун жалб этилганда қўлланилади.
lex.uz’dagi asl matnSoliq kodeksi
483-modda. Вақтинчалик солиқ имтиёзлари
(483-модда саксон бешинчи қисмининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 7 июлдаги ЎРҚ-1157-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2026 й., 03/26/1157/0703-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.