Soliq kodeksi

450-modda. Солиқ солиш объекти

(450-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-812-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.12.2022 й., 03/22/812/1145-сон — 2023 йил 1 январдан кучга киради)

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (бундан буён ушбу бўлимда солиқ деб юритилади) солиш объекти қуйидагилардир: агар ушбу қисмнинг учинчи хатбошисида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фойдали қазилмани қазиб олиш (ажратиб олиш) ҳажми; қазиб олинган (ажратиб олинган) қора, қимматбаҳо, рангли ва радиоактив металларнинг, шунингдек ноёб элементларнинг ва ноёб ер элементларининг ҳақиқатда реализация қилинган ҳажми. Қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилманинг ҳажми қазиб олиш (ажратиб олиш), бирламчи ишлов бериш, қайта ишлаш ва транспортда ташишнинг бутун технологик цикли доирасида юзага келадиган технологик йўқотишлар ҳажмини чегирган ҳолда, қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли орган томонидан тасдиқланган нормалар доирасида, бундай нормалар мавжуд бўлмаганда эса — солиқ тўловчи томонидан тасдиқланган нормалар доирасида аниқланади. Фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг (ажратиб олишнинг) ва фойдали қазилмаларга бирламчи ишлов беришнинг (уларни қайта ишлашнинг) технологик цикли доирасидаги йўқотишлар технологик йўқотишлар деб эътироф этилади, хусусан: фойдали қазилмаларни қазиб олиш чоғидаги йўқотишлар (бундан нормадан ортиқ йўқотишлар мустасно), шу жумладан уларнинг қолдиқлари (ажратиб олиб бўлмайдиган захиралари); углеводородларни дастлабки саноат мақсадида қайта ишлаш чоғидаги йўқотишлар; қатламдаги босимни сақлаб туриш ва (ёки) углеводородларни ёпиқ технологик цикл доирасида ажратиб олиш учун маҳсулдор қатламга қайта ҳайдаб киритиладиган табиий газ ҳажми. Солиқ солиш объекти фойдали қазилманинг ҳар бир тури бўйича алоҳида аниқланади. Қуйидагилар солиқ солиш объекти бўлмайди: солиқ тўловчиларга берилган ер участкалари доирасида қазиб олинган (ажратиб олинган) ҳамда шахсий хўжалик ва маиший эҳтиёжлари учун фойдаланилган, кенг тарқалган фойдали қазилмалар. Кенг тарқалган фойдали қазилмалар рўйхати қонунчиликда белгиланади; қонунчиликда белгиланган тартибда дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари натижасида қазиб олинган (ажратиб олинган) норуда фойдали қазилмалар, бундан реализация қилинган фойдали қазилманинг ҳажми мустасно.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.