Soliq kodeksi

378-modda. Солиқ солинмайдиган даромадлар

(378-модда 16-бандининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 17 апрелдаги ЎРҚ-1129-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.04.2026 й., 03/26/1129/0375-сон)

Қуйидаги даромад турларига солиқ солинмайди: 1) моддий ёрдам суммалари: вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган моддий ёрдам суммалари — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,22 бараваригача миқдорда; ушбу Кодекснинг 377-моддасида кўрсатилган бошқа ҳолларда, — солиқ даври учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,22 бараваригача миқдорда; 2) солиқ агенти томонидан қуйидаги йўлланмалар қийматини тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари, бундан туристик йўлланмалар мустасно: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларига йўлланмалар қийматини ногиронлиги бўлган шахсларга, шу жумладан ушбу иш берувчида ишламайдиган ногиронлиги бўлган шахсларга тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари; Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган болалар оромгоҳлари ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳлари, шунингдек санаторий-курорт ҳамда соғломлаштириш муассасаларига ўз ходимларининг ўн олти ёшгача болалари (ўқийдиганларга — ўн саккиз ёшгача) учун йўлланмалар қийматини тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари; 3) ўз ходимларига ҳамда уларнинг болаларига амбулатория ва (ёки) стационар тиббий хизмат кўрсатилганлиги учун иш берувчи томонидан тўланган суммалар, шунингдек иш берувчининг даволашга ҳамда тиббий хизмат кўрсатишга, ногиронлик профилактикаси ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг саломатлигини тиклашга доир техник воситаларни олишга оид харажатлари. Ходимларни даволаганлик, уларга тиббий хизмат кўрсатганлик учун иш берувчилар томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларига нақд пулсиз ҳақ тўланган тақдирда, шунингдек соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан ёзиб берилган ҳужжатлар асосида ушбу мақсадлар учун мўлжалланган нақд пул маблағлари бевосита ходимга, ходим йўқлигида эса — унинг оила аъзоларига, ота-онасига берилган ёки мазкур мақсадлар учун мўлжалланган маблағлар ходимнинг банкдаги ҳисобварағига киритилган тақдирда, бу даромадлар солиқ солишдан озод қилинади; 4) Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ишлаш учун юборилиши муносабати билан қонунчиликда белгиланган суммалар доирасида бюджет ташкилотларидан чет эл валютасида олинган иш ҳақи суммалари ва бошқа суммалар; 5) вақтинчалик бир марталик ишларни бажаришдан олинган даромадлар, агар бундай ишларга ёллаш вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказлари кўмагида амалга оширилаётган бўлса; 6) халқаро спорт мусобақаларида совринли ўринларни эгаллаганлиги учун спортчилар олган бир йўла бериладиган пул мукофоти; 7) солиқ тўловчиларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромадлар, бундан қуйидагиларни сотишдан олинган даромадлар мустасно: қимматли қоғозларни (бундан фонд биржасида реализация қилинадиган эмиссиявий қимматли қоғозлар мустасно), юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини (пайларини); нотурар жойларни; ўттиз олти календарь ойдан кам муддатда солиқ тўловчининг мулкида бўлган турар жойларни; 8) уй хўжалигида, шу жумладан деҳқон хўжалигида етиштирилган ҳайвонларни (қорамолларни, паррандаларни, мўйнали ва бошқа ҳайвонларни, балиқлар ва ҳоказоларни) тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда сотишдан (бундан саноатда қайта ишлаш мустасно) чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда сотишдан олинадиган даромадлар, бундан манзарали боғдорчилик (гулчилик) маҳсулотлари мустасно; 9) халқаро ҳамда республика танловлари ва мусобақаларида олинган буюм тарзидаги совринларнинг қиймати; 10) иш берувчидан солиқ даври мобайнида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,11 бараваригача бўлган қийматдаги: ходимлар натура шаклида олган совғалар; илгари мазкур иш берувчининг ходимлари бўлган ишламаётган пенсионерлар ва меҳнат қобилиятини йўқотган шахслар, вафот этган ходимнинг оила аъзолари томонидан олинган совғалар ҳамда бошқа турлардаги ёрдам; 11) жисмоний шахслардан мерос ёки ҳадя тартибида, шунингдек текинга олинган пул ва натура шаклидаги даромадлар, бундан қуйидагилар мустасно: илм-фан, адабиёт ва санъат асарларининг, адабиёт ҳамда санъат асарлари ижрочиларининг, шунингдек кашфиётлар, ихтиролар ва саноат намуналари муаллифларининг меросхўрларига (ҳуқуқий ворисларига) тўланадиган пул мукофотлари; яқин қариндош бўлмаган шахслар ўртасидаги кўчмас мулк, автотранспорт воситалари, қимматли қоғозлар, юридик шахсларнинг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) улушлар; 12) давлат заёмининг облигациялари бўйича ютуқлар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари бўйича фоизлар; 13) жамғарма сертификатлари, давлат қимматли қоғозлари бўйича даромадлар, шунингдек банклардаги омонатлар бўйича фоизлар ва ютуқлар; 14) нодавлат нотижорат ташкилотларидан, халқаро ҳамда чет эл ташкилотлари ва фондларидан, шунингдек ваколатли органнинг хулосаси мавжуд бўлса, Ўзбекистон Республикасининг илмий-техника ҳамкорлиги соҳасидаги халқаро шартномалари доирасида солиқ тўловчи грант берувчидан бевосита олган грантнинг суммаси; 16) солиқ тўловчининг қуйидагиларга йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари: Ўзбекистон Республикасининг прoфессионал ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш (ўзининг, фарзандларининг, шунингдек йигирма олти ёшга тўлмаган эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўлов. Мазкур имтиёз солиқ тўловчининг профессионал ва олий таълим ташкилотларида ўқиш учун тижорат банклари томонидан ажратилган таълим кредитларига (фоизлари билан) қоплашга йўналтирилган даромадларига нисбатан ҳам қўлланилади; фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан ҳар бир фарзанд учун, шунингдек уч ёшдан ўн саккиз ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматидан фойдаланадиган ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар; солиқ базасининг 50 фоизидан ошмаган ҳолда, меценатлик кўмагини кўрсатиш; олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни солиқ даври давомида жами меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг саксон бараваригача бўлган миқдорда қоплашга, башарти уй-жой фондининг кўчмас мулк объектларини сотиб олиш, қуриш ёки реконструкция қилиш дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан ажратилган субсидиялар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилган бўлса. Мазкур солиқ имтиёзи қарз олувчига ва (ёки) бирга қарз олувчиларга нисбатан, башарти уларнинг солиқ солинмайдиган даромадлари жами суммаси белгиланган миқдордан ошмаса, татбиқ этилади. Бунда ёш оила бўлган эр-хотиннинг олган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлашга йўналтирилган иш ҳақига ва бошқа даромадларига нисбатан солиқ имтиёзи эр-хотин ёки улардан бири белгиланган ёшга тўлгунига қадар, ушбу хатбошида бюджетдан ажратилган субсидиялар бўйича белгиланган шартлар инобатга олинмаган ҳолда қўлланилади. Агар 2023 йил 1 январдан кейин ипотека кредити ҳисобига сотиб олинган, қурилган ёки реконструкция қилинган уй-жой фондининг кўчмас мулк объектлари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан ўттиз олти ой ичида бошқа шахсга ўтказилган бўлса, солиқ имтиёзининг амал қилиши солиқ имтиёзини қўллашнинг бутун даври учун солиқни тўлаш мажбурияти тикланган ҳолда бекор қилинади; фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Халқ банкидаги ихтиёрий равишда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига; 17) жисмоний шахслардан текин (шу жумладан ҳадя шартномалари бўйича) олинган улушлар, пайлар ва акциялар тарзидаги даромадлар, агар бу улушларни, пайларни ва акцияларни бериш яқин қариндошлар ўртасида амалга оширилса. Юридик шахс ташкил этмаган чет эл тузилмасига нисбатан ёки қайси чет эл юридик шахси учун рўйхатдан ўтиш мамлакатининг қонунчилигига мувофиқ капиталда иштирок этиш назарда тутилмаган бўлса, ўша чет эл юридик шахсига нисбатан назорат қилиш ҳуқуқи, агар бундай ҳуқуқлар уларни бир оиланинг аъзолари ва (ёки) яқин қариндошлар бўлган шахслар ўртасида ўтказиш натижасида олинган бўлса, даромад олиш ёки даромадни тасарруф этиш ҳуқуқининг юзага келиши деб эътироф этилмайди; 18) пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган солиқ тўловчиларнинг бу ишларни бажарганлик учун олган даромадлари; 19) солиқ тўловчи бўлган қимматбаҳо металлар қидирувчиларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда қазиб олиш йўли билан эга бўлган қимматбаҳо металларни реализация қилишдан олган даромадлари; 19¹) солиқ тўловчининг уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлари; 20) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмалари, хайрия ва экология жамғармалари томонидан солиқ тўловчиларга бериладиган нафақалар, шунингдек пул маблағлари тарзидаги ёрдамнинг бошқа турлари, бироқ солиқ даври мобайнида ўн беш миллион сўмдан ошмаган ҳолда; 20¹) Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига ёки Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ҳомийлик ташкилотлари томонидан солиқ даври мобайнида базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда тўғридан-тўғри бериладиган пул маблағлари тарзидаги ҳомийлик хайриялари; 21) солиқ тўловчининг солиқ даври давомида қуйидагиларни тўлаш учун йўналтириладиган, базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз бараваригача бўлган миқдордаги иш ҳақи суммалари ва бошқа даромадлари: халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини, тегишли халқаро ташкилот аъзоси сифатида бундай бадалларнинг тўланганлиги тўғрисида ҳужжат мавжуд бўлганда; қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун нодавлат таълим ташкилотларига тўловларни, курсни тугатганлик тўғрисида шундай ташкилотлар томонидан берилган ҳужжат мавжуд бўлганда. 22) акциялар оммавий жойлаштирилганда корхоналар ходимларининг ўз ойлик иш ҳақидан ва унга тенглаштирилган тўловлардан ошмайдиган, ушбу корхоналар ходимларининг акцияларга эгалик қилиш режаси доирасида акцияларни сотиб олишга йўналтирилган маблағлари; 23) солиқ тўловчилар иш ҳақининг ва бошқа даромадларининг солиқ даври давомида қимматли қоғозларнинг маҳаллий бозорида чиқарилган қимматли қоғозларни сотиб олиш учун шахсий инвестиция ҳисобварағига йўналтириладиган қисми, қуйидаги барча шартлар бажарилган тақдирда: йўналтирилган маблағларнинг жами суммаси меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг юз бараваридан ошмайдиган миқдорни ташкил этади; пул маблағлари шахсий инвестиция ҳисобварағига биринчи марта ўтказилган санадан бошлаб ўн икки ой ичида қайтариб олинмайди. Бунда ой давомида шахсий инвестиция ҳисобварағига йўналтириладиган маблағлар суммаси меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг йигирма бараваридан ошиши мумкин эмас; шахсий инвестиция ҳисобварағидаги пул маблағларидан қимматли қоғозлар олиш учун фойдаланилади. Ушбу банднинг шартлари бузилган тақдирда, шахсий инвестиция ҳисобварағидаги маблағларга тўлов манбаида солиқ солиниши лозим; 24) Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатишда иштирок этган (шу жумладан вақтинча юборилган ёки хизмат сафарига юборилган) фуқароларнинг, шунингдек уларнинг хотинининг (эрининг) даромадлари. Мазкур солиқ имтиёзи тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг маълумотномасига, ногиронлик тўғрисидаги маълумотномага, Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатиш иштирокчисининг гувоҳномасига, шунингдек ваколатли органлар томонидан берилган ва имтиёзлар бериш учун асос бўладиган бошқа ҳужжатларга асосан берилади; 25) «Маҳалла сервис» компаниялари ходимларининг фаолияти натижасида олинган, уларнинг солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи тарзидаги даромадлари.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.