Soliq kodeksi

199-modda. Нархни белгилаш тўғрисидаги битимни тузиш тартиби

(199-модда биринчи қисмининг 4-банди Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-812-сонли Қонунига асосан 2023 йил 1 январдан чиқарилади — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.12.2022 й., 03/22/812/1145-сон)

Солиқ тўловчининг нархни белгилаш тўғрисидаги битимни тузиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига тақдим этилган аризасига солиқ тўловчи томонидан қуйидагилар илова қилинади: 1) нархни белгилаш тўғрисидаги битим лойиҳаси; 2) солиқ тўловчининг назорат қилинадиган битимлар билан боғлиқ фаолияти ҳақидаги ҳужжатлар, шунингдек солиқ тўловчи томонидан нархни белгилаш тўғрисида битим тузиш таклиф қилинаётган назорат қилинадиган битимлар ҳақидаги ҳужжатлар; 3) солиқ тўловчи таъсис ҳужжатларининг кўчирма нусхалари; 5) солиқ тўловчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган жойдаги солиқ органида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхаси; 6) солиқ тўловчининг охирги ҳисобот даври учун молиявий ҳисоботи; 7) нархни белгилаш тўғрисидаги битимни тузишда аҳамиятга эга ахборот мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар. Ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига, агар қонунчиликда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, эркин шаклда тақдим этилади. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси солиқ тўловчидан ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган, нарх белгилаш ҳақидаги битим мақсади учун зарур бўлган ҳужжатларни сўраб олишга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси солиқ тўловчи томонидан ушбу модданинг биринчи — учинчи қисмларига мувофиқ тақдим этилган аризани ва бошқа ҳужжатларни улар олинган кундан эътиборан олти ойдан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқади. Мазкур муддат тўққиз ойга қадар узайтирилиши мумкин. Солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатини узайтириш асослари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Ушбу модданинг биринчи — учинчи қисмларига мувофиқ тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади: 1) нархни белгилаш тўғрисидаги битимни тузиш ҳақидаги қарор; 2) нархни белгилаш тўғрисидаги битимни тузишни рад этиш ҳақидаги асослантирилган қарор; 3) нархни белгилаш тўғрисидаги битим лойиҳасини маромига етказиш зарурлиги ҳақидаги қарор. Тегишли қарор солиқ тўловчига (унинг вакилига) қабул қилинган санадан эътиборан беш кун ичида юборилади. Нархни белгилаш тўғрисида битим тузиш ҳақидаги қарор қабул қилинган тақдирда, қарорда битим имзоланган жой, сана ва вақт кўрсатилади. Такроран тақдим этилган битим лойиҳаси бўйича қарор Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан уч ой ичида қабул қилинади. Қуйидагилар нархни белгилаш тўғрисида битим тузишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиш учун асос бўлади, хусусан: 1) ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳужжатларнинг тақдим этилмаганлиги ёки тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги; 2) нархни белгилаш тўғрисидаги битим лойиҳасида таклиф этилган нархларни аниқлаш тартибини ва (ёки) нархни белгилаш усулларини қўллаш натижасида битимлар нархларининг бозор нархларига мувофиқлиги таъминланмаслиги ҳақидаги асослантирилган хулоса. Нархни белгилаш тўғрисида тузилган битимнинг кўчирма нусхаси солиқ тўловчи ҳисобда турган жойдаги солиқ органига ушбу битим имзоланган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан юборилади. Солиқ тўловчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига тақдим этилган нархни белгилаш тўғрисида битим тузиш ҳақидаги аризани унинг ўзи чақириб олиши мумкин. Нархни белгилаш тўғрисидаги битим ушбу моддада назарда тутилган тартибда ўзгартирилиши мумкин.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.