Soliq kodeksi

173-modda. Солиқ мониторингини ўтказиш тартиби

(173-модданинг еттинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 11 мартдаги ЎРҚ-758-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2022 й., 03/22/758/0207-сон)

Солиқ мониторинги солиқ органининг ваколатли мансабдор шахслари томонидан ўз хизмат мажбуриятларига мувофиқ солиқ органи жойлашган ер бўйича ўтказилади. Агар солиқ мониторингини ўтказиш чоғида тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар ўртасида зиддиятлар ёки юридик шахс томонидан тақдим этилган ҳамда солиқ органида мавжуд бўлган маълумотлар ўртасида номувофиқликлар аниқланса, солиқ органи бу ҳақда зарур тушунтиришлар бериш ёки тегишли тузатишлар киритиш талаби билан юридик шахсга хабар қилади. Бундай тушунтиришлар юридик шахс томонидан талабнома олинган кундан эътиборан беш кун ичида тақдим этилади, тузатишлар эса ўн кун давомида киритилади. Агар тақдим этилган тушунтиришлар кўриб чиқилганидан кейин ёки улар мавжуд бўлмаган тақдирда солиқ органи солиқлар ёки йиғимлар нотўғри ҳисоблаб чиқарилганлиги (ушлаб қолинганлиги), тўлиқ ёки ўз вақтида тўланмаганлиги (ўтказилмаганлиги) тўғрисида далолат берувчи фактни аниқласа, солиқ органи ушбу Кодекснинг 174-моддасида назарда тутилган тартибда асослантирилган фикрини тузиши шарт. Солиқ мониторинги ўтказилаётганда солиқ органи солиқлар ва йиғимлар тўғри ҳисоблаб чиқарилганлиги (ушлаб қолинганлиги), тўлиқ ва ўз вақтида тўланганлиги (ўтказилганлиги) билан боғлиқ бўлган зарур ҳужжатларни (ахборотни), тушунтиришларни юридик шахсдан талаб қилиб олишга ҳақлидир. Талаб қилинадиган ҳужжатлар (ахборот) ва тушунтиришлар солиқ органига шахсан ёки вакил орқали тақдим этилиши, почта орқали буюртма хат билан юборилиши, телекоммуникация алоқа каналлари орқали, солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда топширилиши ёки ахборотга доир ҳамкорлик регламентида назарда тутилган тартибда берилиши мумкин. Ҳужжатларни қоғоз шаклида тақдим этиш юридик шахс томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалар шаклида амалга оширилади. Агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ органига (мансабдор шахсга) тақдим этиладиган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини нотариал тарзда тасдиқлашни талаб қилишга йўл қўйилмайди. Солиқ органининг талабига кўра телекоммуникация алоқа каналлари орқали электрон шаклда ҳужжатлар тақдим этиш тўғрисидаги талабномани юбориш ва ҳужжатларни тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Солиқ мониторингини ўтказишда ушбу модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ талаб қилинган ҳужжатлар (ахборот) ва тушунтиришлар юридик шахс томонидан тегишли талабнома олинган кундан эътиборан беш кун ичида тақдим этилади. Агар талабномани белгиланган муддатда ижро этиш имкони бўлмаса, юридик шахс талабнома олинган кундан кейинги кун давомида солиқ органининг солиқ мониторингини ўтказувчи мансабдор шахсларини уни ижро этиш имкони йўқлиги тўғрисида сабабларини ҳамда у талаб этилаётган ҳужжатларни (ахборотни) ва тушунтиришларни қайси муддатлар ичида тақдим этиши мумкин бўлса, ўша муддатларни кўрсатган ҳолда ёзма равишда хабардор қилади. Солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) мазкур билдиришнома асосида у олинган кундан эътиборан икки кун ичида ҳужжатларни (ахборотни) ва тушунтиришларни тақдим этиш муддатларини узайтиришга ёки муддатларни узайтиришни рад этишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда алоҳида қарор чиқарилади. Солиқ мониторингини ўтказиш давомида солиқ органи юридик шахс томонидан илгари солиқ органига тасдиқланган кўчирма нусхалар кўринишида тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.