Камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини, молиявий ҳисоботни, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказилади.
Камерал солиқ текширувида қуйидаги солиқ назорати тадбирларини ўтказиш тақиқланади, бундан қўшилган қиймат солиғи суммасининг ўрнини қоплаш (қайтариш) мақсадида ўтказиладиган камерал солиқ текшируви мустасно:
1) солиқ тўловчининг ҳудудига кириш;
2) солиқ тўловчининг ҳудудини ва биноларини кўздан кечириш;
3) солиқ тўловчидан ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва уни чақиртириш;
4) солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш.
Солиқ органлари камерал солиқ текшируви ўтказилиши бошлангунига қадар текширувдан олдинги таҳлилни ўтказиши мумкин. Бунда солиқ аудити ўтказилган ёки ўтказилаётган солиқ даври учун текширувдан олдинги таҳлил ўтказилмайди.
Текширувдан олдинги таҳлил — тақдим этилган солиқ ҳисоботини ва солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборотни солиқ органлари томонидан ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, солиқ тўловчининг иштирокисиз ўтказиладиган автоматлаштирилган таҳлилдир.
Текширувдан олдинги таҳлил солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғисиз амалга оширилади.
Агар текширувдан олдинги таҳлил чоғида солиқ органи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида солиқ органида мавжуд бўлган маълумотлар билан тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланса, солиқ тўловчига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ ҳисоботига тегишли тузатишлар киритиш тўғрисидаги хабарнома юборилади.
Солиқ тўловчи тегишли тузатишлар киритиш тўғрисидаги хабарнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши шарт. Бундай мажбуриятнинг бажарилмаганлиги солиқ органи томонидан солиқ тўловчида камерал солиқ текширувини тайинлаш учун асос бўлади.
Текширувдан олдинги таҳлил аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ёки аниқланган тафовутлар асосномаси солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ёхуд камерал солиқ текшируви тайинлаган санадан эътиборан якунланган ҳисобланади.
Камерал солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, текширувни ўтказиш муддатлари, текширилаётган давр, текширилаётган солиқлар ва йиғимларнинг турлари кўрсатилади.
Камерал солиқ текшируви ушбу Кодекснинг 88-моддасида белгиланган даъво муддати ўтмаган солиқ даврларига нисбатан ўтказилиши мумкин. Бунда айнан битта солиқ (ҳисобот) даври учун айнан бир хил солиқлар бўйича қайта камерал солиқ текширувини ўтказиш мумкин эмас, бундан камерал солиқ текширувини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар мустасно.
Агар солиқ тўловчи камерал солиқ текшируви тугагунига қадар ушбу Кодекснинг 83-моддасида назарда тутилган тартибда ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси ўзгартирилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этса, камерал солиқ текшируви тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ҳисобга олган ҳолда ўтказилади.
Агар ўтказилган камерал солиқ текшируви якуни билан тақдим этилган солиқ ҳисоботида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланган бўлса, солиқ органи солиқ тўловчига ушбу Кодексда белгиланган тартибда солиқ ҳисоботларига тузатишлар киритиш талабномасини юборади.
Солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақида талабнома юборилган сана камерал солиқ текшируви тугатилган сана ҳисобланади. Агар ўрганиш ва таҳлил қилиш якунларига кўра тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланмаган бўлса ҳам камерал солиқ текшируви якунланган ҳисобланади.
Солиқ тўловчи тузатишлар киритиш тўғрисидаги талабнома олинган кундан эътиборан беш кун ичида тегишли солиқлар ва йиғимлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёхуд тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда аниқланган тафовутларнинг асосномасини ушбу Кодексда белгиланган тартибда тақдим этиши шарт.
Солиқ тўловчи солиқ органининг тегишли талабномасида кўрсатилган, аниқланган тафовутларнинг асосномаси сифатида солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосасини тақдим этишга ҳақли. Солиқ тўловчининг номидан бундай асосномани солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ тўловчи билан тузилган шартнома асосида мустақил равишда тақдим этиши мумкин.
Солиқ тўловчининг тақдим этган асосномаси тегишли ҳужжатлар (асосномалар) олинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида солиқ органининг раҳбари (раҳбари ўринбосари) томонидан кўриб чиқилади.
Аниқланган тафовутлар бўйича тақдим этилган асосномаларига тўлиқ ёки қисман розилик берилган тақдирда, солиқ органи илгари юборилган талабнома бекор қилинганлиги тўғрисидаги билдириш хатини ёхуд солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш тўғрисидаги аниқлаштирилган талабномани солиқ тўловчига юборади.
Агар солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаса (шу жумладан аниқлаштирилган талабномадан кейин), ёхуд аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни тақдим этмаса, ёки у тақдим этган асосномалар етарли эмас деб топилса, солиқ органи солиқ тўловчига солиқ аудитини тайинлашга ҳақли.
Агар солиқ (ҳисобот) даври учун солиқ мониторинги ўтказилаётган бўлса, бундай давр учун камерал солиқ текшируви ўтказилмайди. Мазкур қоида солиқ мониторинги муддатидан олдин тугатилганда қўлланилмайди.
Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, зиммасига солиқ ҳисоботини тақдим этиш бўйича мажбурият юклатилган солиқ агентларининг ва бошқа шахсларнинг камерал солиқ текширувларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан солиқ даври учун солиқ ҳисоботи тақдим этиш чоғида солиқ органлари қўшилган қиймат солиғининг салбий суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) тўғрисида хабардор қилинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида солиқ органининг буйруғисиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ ҳисоботига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги талабнома ёзиб берилмайди.
Қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ органлари ушбу суммани қоплаш тўғрисидаги қарор ёхуд уларни қоплашни рад этиш (тўлиқ ёки қисман) тўғрисидаги асослантирилган қарор қабул қилади.
Камерал солиқ текшируви ўтказиш тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
lex.uz’dagi asl matnSoliq kodeksi
138-modda. Камерал солиқ текшируви
(138-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.