Солиқ қарзи мавжуд бўлган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ органига солиқ қарзини ўз дебитори ҳисобидан ундиришни сўраб мурожаат қилишга ҳақли. Мурожаатга ўзаро тасдиқланган ёки бир томонлама имзоланган ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси илова қилиниши лозим.
Солиқ тўловчи солиқ қарзини ўз дебитори ҳисобидан ундиришни сўраб мурожаат қилган тақдирда, солиқ органи солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган бир томонлама имзоланган солиштирма далолатноманинг ва кредиторлик қарзи мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхасини уч иш кунидан кечиктирмай дебиторнинг шахсий кабинетига солиштирма далолатномани имзолаш учун ёки имзолашни рад этиш учун билдириш хати билан бирга юборади.
Солиқ тўловчининг дебитори билдириш хати олинган кундан эътиборан ўн иш куни ичида ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасини имзолаши (тасдиқлаши) ёки солиштирма далолатномада кўрсатилган қарз мавжуд эмаслигини асослаган ҳолда рад жавобини бериши шарт. Солиқ тўловчининг дебитори томонидан солиқ органининг билдириш хатига рад жавоби тақдим этилмаган ёки у жавобсиз қолдирилган тақдирда, дебиторлик қарзи тан олинган ва солиқ тўловчининг солиқ қарзини дебитор ҳисобидан ундиришга розилик берилган деб ҳисобланади.
Агар солиқ тўловчининг дебитори томонидан тан олинган қарз суммаси солиштирма далолатномада кўрсатилган суммадан фарқ қилса, дебитор билдириш хати олинган кундан эътиборан ўн иш куни ичида солиқ органига ўзи тан олган суммани кўрсатган ҳолда солиштирма далолатномани тақдим этиши шарт.
Солиқ тўловчининг дебитори томонидан имзоланган ёки электрон ҳужжат шаклида тасдиқланган ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси кредиторнинг имзоси мавжудлигидан ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, унинг кредитори солиқ қарзини ундиришни унга қаратиши учун асос бўлади. Ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган мажбурият солиқ тўловчининг дебитори томонидан бажарилмаган тақдирда, ундирув солиқ тўловчи тақдим этган солиштирма далолатнома асосида амалга оширилади.
Солиқ органи уч иш кунидан кечиктирмай дебиторларнинг банк ҳисобварақларига солиқ тўловчининг солиқ қарзи суммасидан ва дебиторлик қарзи суммасидан ошмайдиган миқдорда ундириш тўғрисида инкассо топшириқномаси тақдим этади.
Солиқ органи томонидан ўзида мавжуд бўлган ёки бошқа манбалардан олинган маълумотлар асосида ёхуд солиқ текширувлари натижасида солиқ тўловчининг дебиторлик қарзи мавжудлиги мустақил равишда аниқланган ҳолларда, солиқ қарзини ундириш ушбу моддада белгиланган тартибда солиқ тўловчининг дебиторлик қарзига қаратилиши мумкин. Бунда солиқ тўловчининг дебиторлик қарзи аниқланган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай бу ҳақда солиқ тўловчининг ўзига ва дебиторига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали билдириш хати юборилади.
Солиқ тўловчи ва унинг дебитори солиқ органининг билдириш хатини ушбу билдириш хати олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай тасдиқлаши ёки асосланган ҳолда рад этиши лозим. Билдириш хати жавобсиз қолдирилган тақдирда, дебиторлик (кредиторлик) қарзи тан олинган деб ҳисобланади.
Солиқ органининг ушбу моддага мувофиқ тақдим этилган инкассо топшириқномасининг ижросини банклар томонидан таъминлаш ёки солиқ органи томонидан ундириш, ижросиз чақириб олиш ушбу Кодекснинг 121-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Дебиторлик қарзи солиқ тўловчига тўлаб берилганлиги ҳақида асословчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда ёки суд қарори асосида инкассо топшириқномаси солиқ органи томонидан уч иш кунидан кечиктирмай ижросиз қайтариб олинади.
Солиқ тўловчи билан унинг дебитори ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасида қуйидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак:
солиқ тўловчи ва унинг дебиторининг номи, уларнинг идентификация рақами;
солиқ тўловчи ва унинг дебитори солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органининг номи;
солиқ тўловчи ва унинг дебиторининг банкдаги ҳисобварақлари реквизитлари;
дебиторнинг солиқ тўловчи олдидаги қарз суммаси;
солиқ тўловчи ва унинг дебиторининг электрон ҳужжат шаклида тасдиқланган имзолари;
солиқ тўловчи ва унинг дебитори ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси тузилган сана.
Солиқ тўловчи билан унинг дебитори ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси электрон ҳужжат шаклида тузилади. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномасини электрон ҳужжат шаклида тақдим этиш, тасдиқлаш (қисман тасдиқлаш) ёки рад этиш имкониятини яратади.
Қуйидаги ҳолларда солиқ қарзини ундириш солиқ тўловчининг дебиторлик қарзига қаратилмайди, агар:
дебиторлик қарз суммаси асосланган ҳолда рад этилган бўлса;
даъво муддати ўтган бўлса;
дебитордан ундирилиши лозим бўлган қарз суммаси бўйича суд ҳужжати мажбурий ижро органининг иш юритувида бўлса ёки уни ижрога тақдим этиш муддати ўтган бўлса ёхуд ушбу суд ҳужжати бўйича ижро ҳаракатлари белгиланган тартибда тўхтатиб турилган, тугатилган ёки кечиктирилган (бўлиб-бўлиб ижро этилган) бўлса;
у Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўловчиси бўлмаса;
у жисмоний шахс бўлса;
дебитор тугатилиш жараёнида бўлса ёки унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса;
дебиторнинг фаолияти тугатилган ёки юридик шахсларнинг давлат реестридан чиқарилган бўлса.
Солиқ органи томонидан ундирувнинг дебиторлик қарзига қаратилиши солиқ тўловчини солиқ қарзи тўлангунига қадар солиқларни тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.
lex.uz’dagi asl matnSoliq kodeksi
121¹-modda. Солиқ қарзини ундиришни солиқ тўловчининг дебиторлик қарзига қаратиш
(121¹-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.