Шаҳарсозлик кодекси

20-modda. Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи

(20-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 10 сентябрдаги ЎРҚ-960-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.09.2024 й., 03/24/960/0699-сон)

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади). Махсус ваколатли давлат органи: шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади; Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош тарҳи ишлаб чиқилишини, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳлари ва умумдавлат аҳамиятига молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилиши, шунингдек шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги илмий-тадқиқот ишлари ташкил этилишини таъминлайди; шаҳарларнинг, шаҳарчаларнинг бош режаларини, бундан тасдиқланиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари жумласига киритилган шаҳарларнинг бош режалари мустасно, ҳамда Тошкент шаҳрининг марказий қисмларини, вилоятларнинг маъмурий марказларини, шунингдек маданий мерос объектларига эга бўлган шаҳарларни батафсил режалаштириш лойиҳаларини тасдиқлайди; умумдавлат аҳамиятига молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектлари учун чегараларни белгилаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади; шаҳарсозлик соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди; вазирликлар ва идоралар томонидан тақдим этилган идоравий қурилиш нормаларини келишиб олади; шаҳарсозлик, архитектура, лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашга, ихтисослашган давлат таълим муассасаларида ҳамда нодавлат таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнининг даражаси ва сифатини оширишга, қурилиш соҳасида, шу жумладан хориждаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаларида лойиҳачиларни ҳамда мутахассисларни қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашади; шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, миллий стандартларга, қурилиш ишлари технологияларига, қурилиш материаллари ва буюмлари сифатига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади; шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича ягона сиёсатни амалга оширади ва экспертиза хулосаларининг ягона реестрини юритади; қурилишда стандартлаштириш ишларини амалга оширади; давлат шаҳарсозлик кадастри ва шаҳарсозлик фаолияти объектларининг мониторинги юритилишини амалга оширади; аҳоли пунктларининг бош режалари ишлаб чиқилишини ташкил этади; шаҳарсозлик ҳужжатларининг амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб бориш тартибини белгилайди; шаҳарсозлик фаолиятининг айрим турларини амалга ошириш учун лицензиялар беради; шаҳарсозлик ҳужжатларининг экспертизасини амалга оширувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказади; қонун ҳужжатларига мувофиқ малакаси бўлиши мажбурий бўлган, лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларни сертификатлаштирадиган юридик шахсларни аккредитациядан ўтказади; шаҳарсозлик фаолияти соҳасида қабул қилинаётган қарорлар тўғрисида аҳолини мунтазам равишда хабардор қилади; ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар юзасидан шаҳарсозлик фаолияти субъектлари ўртасидаги келишмовчиликларни кўриб чиқади; шаҳарсозлик фаолияти объектларини рўйхатга олади; техник назоратни амалга ошириш бўйича буюртмачининг ва муаллифлик назоратини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқувчининг ишларини текширади, шунингдек техник ва муаллифлик назорати сифатсиз амалга оширилган тақдирда, уларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш тўғрисида ваколатли органларга таклифлар киритади; шаҳарсозлик соҳасидаги норматив ҳужжатлар бузилганлиги аниқланган тақдирда, қурилиш материаллари ва буюмларининг ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ҳамда қўлланилишини, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳамда тасдиқланган лойиҳа ечимлари талаблари чидамлилик ва пухталик хусусиятлари пасайишига сабаб бўлган даражада бузилганда, шунингдек бинолар ва иншоотларнинг авария хавфи бўлган, объектлар ўзбошимчалик билан қурилган тақдирда қурилиш-монтаж ишларини давом эттиришни тўхтатиб туради. Қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқаришни, реализация қилишни ҳамда қўллашни, қурилиш-монтаж ишларини давом эттиришни тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тўхтатиб туришга олиб келадиган тарзда тўхтатиб туриш суд тартибида амалга оширилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа реал таҳдид юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно; шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маъмурий ишларни кўриб чиқади ва жарима тарзидаги маъмурий жазо беради; қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиб олиш бўйича комиссиялар ишида иштирок этади; шаҳарларнинг бош режаларини соддалаштирилган шаклда ишлаб чиқишда буюртмачига ва лойиҳа ташкилотларига лойиҳалаштириш учун топшириқлар беради. Махсус ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.