Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аксилреклама — нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама келтириб чиқарган ёки келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатларни тугатиш мақсадида тарқатиладиган раддия;
ахлоқсиз реклама — шахсларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеига дахлдор бўлган ҳақоратли сўзлар, тасвирлар ҳамда ўхшатишлардан, ҳақорат қилувчи тасвирлардан фойдаланиш орқали инсонийлик ва ахлоқнинг умумқабул қилинган нормаларини бузувчи, миллий ёки жаҳон маданий бойлигини ташкил этадиган санъат объектларига, тарихий ва архитектура ёдгорликларига тажовуз қилувчи, Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларини (байроғини, гербини, мадҳиясини), миллий валютасини таҳқирловчи реклама;
ижтимоий ахборот — тарқатилиши бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олишни мақсад қилиб олмаган, номуайян шахслар доирасига йўналтирилган ҳамда хайрия ва соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергетика ресурсларини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва унинг хавфсизлиги, маънавият ва маърифат, жамият ва давлат манфаатларини таъминлаш соҳаларида ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган ахборот, шунингдек нотижорат хусусиятидаги бошқа ахборот;
номақбул реклама — нотўғри, ахлоқсиз, яширин реклама, шунингдек ушбу Қонун талабларига мос келмайдиган бошқа реклама;
нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама — ноаниқлиги, бир хил маъноли бўлмаганлиги, бўрттириб юборилиши, яшириб кетилиши, тарқатилиш вақти, жойи ва усулига нисбатан талабларнинг ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларнинг бузилиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган, юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек жамият ҳамда давлат манфаатларига моддий зарар ва маънавий зиён етказиши мумкин бўлган реклама;
рағбатлантирувчи акция — рекламадан фойдаланувчиларни муайян ҳаракатларни бажаришга ундайдиган тадбир, танлов, ўйин ўтказиш шаклида амалга ошириладиган, шу жумладан уларда иштирок этиш шарти реклама қилинаётган товарларни олишдан иборат бўлган реклама;
реклама — ҳар қандай реклама воситаларидан фойдаланган ҳолда тарқатиладиган, мазмуни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган рекламадан фойдаланувчиларга қаратилган ва реклама объектига эътиборни жалб қилиш, унга бўлган қизиқишни шакллантириш ёки қўллаб-қувватлаш, шунингдек уни бозорда бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида илгари суриш учун мўлжалланган махсус ахборот;
реклама берувчи — реклама қилинадиган товарни ишлаб чиқаришни ёки сотишни амалга оширувчи, Ўзбекистон Республикасининг резиденти ёхуд норезиденти бўлган жисмоний ёки юридик шахс ёхуд реклама объектини ва (ёки) реклама мазмунини белгилаб берган бошқа шахс, шу жумладан ҳомий;
реклама воситалари — рекламадан фойдаланувчига рекламани етказиш учун фойдаланиладиган воситалар;
реклама жойи (ташқи реклама ва ахборот объекти (конструкцияси) ўрнатиладиган жой) — ташқи реклама ва ахборот объекти (конструкцияси) ўрнатиладиган махсус ажратилган ва (ёки) берилган ҳудуд (ер, асфальт, яшил ҳудуд ва бошқалар), бино, иншоот сиртқи қисмининг муайян юзаси;
реклама жойининг паспорти — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бериладиган ҳужжат бўлиб, ушбу ҳужжат юридик ва жисмоний шахсларнинг ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) унда кўрсатилган ер участкасига, бинога ёки иншоотга, мулк шаклидан қатъи назар, ўрнатиш ҳуқуқини тасдиқлайди;
реклама жойи паспортининг эгаси — давлат мулки бўлган ер участкасига, бинога ёки иншоотга ягона электрон савдо майдончаси орқали очиқ электрон аукцион асосида ёхуд хусусийлаштирилган ер участкаларига, шунингдек хусусий мулк бўлган биноларга ёки иншоотларга — хусусийлаштирилган ер участкасининг, бинонинг ёхуд иншоотнинг мулкдори билан тузилган шартнома асосида ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) ўрнатиш ҳуқуқини олган юридик ёки жисмоний шахс;
реклама объекти — эътиборни жалб этиш учун реклама ўзига нисбатан йўналтирилган товар, шу жумладан тадбирлар, технологиялар, индивидуаллаштириш воситалари, интеллектуал фаолият натижалари, шунингдек жисмоний ёки юридик шахслар тўғрисидаги ахборот;
рекламага оид фаолият — рекламанинг айланиши соҳасида ишлар ҳамда хизматларни бажариш билан боғлиқ фаолият;
реклама тайёрловчи — рекламани тарқатиш (жойлаштириш) учун ахборотни тўлиқ ёхуд қисман тайёр шаклга келтиришни амалга оширадиган, Ўзбекистон Республикасининг резиденти ёки норезиденти бўлган жисмоний ёки юридик шахс;
реклама тарқатувчи — реклама воситалари орқали реклама тарқатишни амалга оширадиган, Ўзбекистон Республикасининг резиденти ёки норезиденти бўлган жисмоний ёки юридик шахс;
рекламадан фойдаланувчи — реклама ўзига нисбатан йўналтирилган шахс ёки шахслар гуруҳи;
ташқи реклама — номуайян шахслар доираси кўриши учун мўлжалланган, ташқи реклама ва ахборот объектларида (конструкцияларида) жойлаштириладиган графикли, матнли ёки бошқа реклама;
ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш чизмаси — ўрнатилишига йўл қўйиладиган ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш жойларини белгилайдиган, уларнинг турлари, шакллари, техник тавсифлари, ахборот майдонларининг сатҳи кўрсатилган ҳолдаги маълумотларни ўз ичига олган ҳамда ҳудудий режалаштириш чизмаси асосида ишлаб чиқиладиган ҳужжат;
товар — фаолиятнинг сотиш, айирбошлаш ёки бошқа йўл билан муомалага киритиш учун мўлжаллаган маҳсули (шу жумладан иш, хизмат);
уйғунлаштирилган реклама — товарларнинг кино, аудио ва видео маҳсулотлардаги, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар эфиридаги, санъат асарларидаги, тасвирлардаги, компьютер ўйинларидаги ҳамда мавжуд товарга мувофиқ бўлган асосий ёки иккинчи даражали реквизит, товар белгисининг (хизмат кўрсатиш белгисининг) тасвири ёки у ҳақида ҳар қандай шаклдаги эслатма тарзида бошқа асарлардаги рекламаси;
яширин реклама — рекламадан фойдаланувчининг идрокига унинг ўзи англамаган ҳолда махсус видеоиловалардан (қўш овозли ёзувдан) фойдаланиш йўли билан ҳамда бошқа усуллар билан таъсир ўтказадиган реклама;
қиёсий реклама — рақобатчини ёки рақобатдош товарни бевосита ёки билвосита идентификацияловчи реклама;
ҳомий — спорт тадбирини, маданий ёки бошқа тадбирни ташкил этиш ва (ёки) ўтказиш, телекўрсатувни ёки радиоэшиттиришни яратиш ва (ёки) намойиш этиш (эшиттириш) ёхуд ижодий фаолиятнинг бошқа натижасини яратиш ва (ёки) ундан фойдаланиш учун мол-мулкни, пул маблағларини, интеллектуал фаолият натижаларини тақдим этиш, хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш тарзида ҳисса қўшишни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс;
ҳомийлик рекламаси — муайян шахсни мажбурий тарзда ҳомий сифатида эслатиб ўтиш шарти билан тарқатиладиган реклама.
lex.uz’dagi asl matn5-modda. Асосий тушунчалар
(5-модданинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 20 сентябрдаги ЎРҚ-963-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.09.2024 й., 03/24/963/0735-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.